Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 02:05

Хатга тушдинг, ўтга тушдинг


Турғунбек Маълумотларга қараганда, Олтинкўл туманида айрим намозхонлар ҳуқуқ-тартибот органлари рўйхатига олинган бўлиб, улар доимий равишда назорат қилинар экан.

Тумандаги “Маданий меҳнат” қишлоғида истиқомат қилувчи 60 ёшлардаги Садирохун Сўфиев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ушбу рўйхатга киритилганларга нисбатан тазйиқлар ўтказилаётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, қишлоқдаги намозхонлар 5-6 йилдан буён тазйиқларга учраб келмоқда. Доимий равишда намоз ўқийдиганларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида-алоҳида маълумотлар йиғиб борилади. Уларни ваҳобийликда айблашар экан.

С.Сўфиевнинг таъкидлашича, қишлоқда уч мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Шундан 30 га яқини рўйхатда туради.

Жорий йилнинг ўзида С.Сўфиев устидан уч марта суриштирув ўтказилган экан. Масалан, Кўмакай қишлоғида мактаб-интернатда болалар овқатдан заҳарланганида маҳалла посбони ундан расм, фуқаролар йиғинидан маълумотнома ва тавсифнома талаб қилган.

С.Сўфиевнинг айтишича, у ўз ҳуқуқлари поймол этилаётгани юзасидан ҳокимликка, прокуратурага, туман ички ишлар бўлими раҳбариятига мурожаат қилган. Бироқ бундан ҳеч қандай натижа бўлмаган.

Маслаҳат қишлоғилик Лутфулло Қирғизов ҳам жума намозини ўқиб масжиддан қайтаётганида маҳалла посбони ундан расм ва бошқа ҳужжатлар талаб қилганини айтади. Унинг сўзларига қараганда, бундай ҳолатлар байрамлар арафасида тез-тез бўлиб туради. Бу сафаргиси эса ҳайит байрамига тўғри келган.

Маҳалла аҳлининг таъкидлашича, қишлоқда ароқ ичиб, уришиб-сўкишиб юрадиган одамлар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Аммо беш вақт намозни канда қилмайдиган кишиларни тинч қўйишмайди. Агар бирор киши намозхонларнинг тарафини олса, уларга шерикликда айблаб, ўзини ҳам қамаб қўяди, дейди маҳалладагилар.

Туман ички ишлар бўлимининг номини ошкор этишни истамаган катта лейтенанти ҳақиқатан ҳам туманда намозхонлар рўйхати мавжудлигини тан олди. Унинг айтишича, Маслаҳат қишлоғида 67 киши, туман бўйича эса 102 киши мана шу рўйхатда турар, уларнинг барчаси доимий назоратда экан.
XS
SM
MD
LG