Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:35

Тожикистон аскарлари ўзбек фуқаросини ярадор қилди


Турсун Бек 23 ноябрь куни Жиззах вилоятининг Тожикистонга чегарадош бўлган Янгиобод тумани Сармиш қишлоғида тожик чегарачилари Ўзбекистон фуқаросига қарата ўқ узиб, уни ярадор қилди.

Айни пайтда Янгиобод тумани марказий шифохонасида даволанаётган жабрланувчи Бахтиёр Ҳайдаровнинг айтишича, у Сармишда тожик аскарлари чўпон йигитни уриб, олиб кетаётганини кўриб қолган. Уларнинг орқасидан борганида эса аскарлар унга қарата ўқ узган. Чўпон йигитни ҳам калтаклаб, сўнг Тожикистон ҳудудига ўтиб кетган.

Марказий шифохона бош жарроҳи Ҳасан Назарқуловнинг таъкидлашича, Б.Ҳайдаровнинг икки сонини ўқ тешиб ўтган. Яна бир жабрланувчи -Чўпонбой Эргашевнинг эса мияси, чап кўз соҳасига қон қуйилган. Тўқималар эзилган.

Янгиобод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдусамад Қўлдошев берган маълумотларга қараганда, чегара ҳудудида 31 та қишлоқ бўлиб, уларда 22 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг асосий қисми чорвачилик билан шуғуллангани боис гоҳида чорва молларининг Тожикистон яйловларига ўтиб кетиши ҳоллари юз беради. Шундай ҳолларда тожик аскарлари чегарадан ўтган чорва молларини ҳайдаб кетади.

Пастки Сармиш қишлоғи оқсоқоли Ҳомид Пўлатов Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида ҳарбий интизом йўқлигни айтади. Унинг сўзларига қараганда, Тожикистон чегарачилари Ўзбекистон қишлоқларининг халқини безор қилиб юборган. Улар хоҳлаган пайтда одамларнинг уйига келиб, нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сўрайди.

“Бизнинг чегарачиларимизга отишга рухсат йўқ. Лекин тожиклар автоматнинг бир магазин ўқини ҳам бемалол сабабсиз отиб юбориши мумкин”, дейди оқсоқол.

Тожикистоннинг Шаҳристон туманидан Жиззахнинг Янгиобод туманига ҳайитга келган Аҳмадулла Носировнинг айтишича, икки давлат ўртасида чегара ўрнатилганини одамлар ҳазм қила олмаётир. Чунки узоқ йиллар давомида қариндош-уруғ бўлиб келган кишилар бирданига икки давлат фуқароларига айланиб қолишини улар ўзларига сингдириши қийин кечмоқда.
XS
SM
MD
LG