Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:39

Ўзбекистонда кимёгарлар камайиб кетаётир


Маълумотларга қараганда, 1990 йилга қадар Ўзбекистон Миллий университетининг Кимё факультетида йилига уч юздан ортиқ мутахассис тайёрланган. Бироқ ҳозирга келиб бу кўрсаткич олтмиштани ташкил этмоқда.

Ўзбекистондаги аксарият кимёгар мутахассислар, мамлакатдаги олий ўқув юртларининг кимё факультетларида жорий этилган қабул имтиҳонлари тартиби нотўғри ташкил этилганини таъкидламоқда. Яъни, уларнинг фикрича, кимё факультетларига қабул имтиҳонлари кимё, физика, математика ҳамда тил-адабиёт фанларидан бўлиши лозим.

Кимё фанлари номзоди, доцент Улуғбек Камоловнинг айтишича, қабул имтиҳонларида биология бор, аммо физики фани йўқ. Факультетда эса биология фани ўқитилмайди.

Самарқанд давлат университети доценти Абдулла Қувватовнинг фикрича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан кимё факультетлари учун ишлаб чиқилган ўқув режасининг ўзи ҳам кириш имтиҳонларида жорий этилган фан йўналишларини инкор этади. Ўқув режасига кўра, математика фани 428 соат, физика 370 соат ўқитилиши лозим бўлса, асосини физика ташкил этадиган яна бешта предмет бор. Биология соҳаси бўйича эса бирорта предмет йўқ.

Доцентнинг таъкидлашича, мутасадди ташкилотларга бу борада мурожаат қилинганига саккиз йил бўлганига қарамай, ҳануз бирор бир ўзгариш қилинмаган.

Ўзбекистон Миллий университети профессори Қудрат Аҳмедовнинг билдиришича, кимё факультетларига қабул масаласида вазирлик ва Тест маркази ходимлари мутахассисларнинг фикрларини тингламайди. Бу борадаги барча масалалар уларнинг иштирокисиз ҳал этилмоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги кимёгар мутахассислар тайёрлай бошлаган илк республика ҳисобланади. Кимё бўйича махсус факультет биринчи марта 1930 йилда Ўзбекистон Миллий университетида (собиқ Тошкент давлат университети) ташкил этилган. 1990 йилга қадар ушбу факультетда йилига уч юзга яқин кимёгар тайёрланган. Бугунги кунга келиб эса бу даргоҳни йилига бор-йўғи олтмиш нафар атрофида мутахассис битириб чиқади. Бунинг устига, факультетга киришга иштиёқмандлар сони ҳам аввалги даврлардагидек кўп эмас. Ўзбекистон Миллий университети Кимё факультети доценти Ҳабибулла Тожимуҳаммедовнинг айтишича, факультетга талабалар қабул қилиш жуда қисқартириб юборилган. Ваҳолангки, айни пайтда мамлакат кимёгарларга жуда муҳтож. Мутахассислар етишмовчилиги ҳар қадамда сезилиб турибди.
XS
SM
MD
LG