Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:01

Аҳоли коммунал хизмат ҳақини тўлашдан бош тортмоқда


Наманган шаҳридаги “Наврўз” уй-жой мулкдорлари ширкатининг “Азамат” ширкатига қўшиб юборилгани, бунинг учун алдовдан фойдаланилгани аҳоли ўртасида норозилик уйғотди.

Хабарларга қараганда, бу можаро жорий йилнинг ёз ойларида бошланган. Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида фаолият олиб бораётган “Азамат” уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари “Наврўз” ширкатига қарашли кўп қаватли олтита уйда истиқомат қилувчи фуқароларни уйларни таъмирлаб бериш билан алдаб, оқ қоғозга қўл қўйдириб олган. Шундан сўнг тўпланган имзолар аҳоли “Наврўз”нинг “Азамат”га қўшиб юборилишига рози деган мақсадда ишлатилиб, ҳокимликка топширилган. Ҳокимлик эса уни тасдиқлаган.

Кейинчалик маълум бўлишича, бундай ҳаракатларнинг барчаси “Наврўз” ширкати раҳбари туман ҳокимлигидаги амалдорларга ёқмай қолгани сабабли мазкур ширкатни “Азамат”га қўшиб юбориш мақсадида қилинган экан.

Маълумотларга кўра, алданганини сезиб қолган фуқаролардан 20 нафари мазкур қарордан норози бўлиб Давлатобод тумани ҳокимлигига мурожаат этган. Шундан сўнг ҳокимлик таклифига кўра, ушбу масала юзасидан собиқ “Наврўз” ширкатига қарашли уйларда истиқомат қилувчилар йиғилиш ўтказган. Унда ҳокимликдан ҳам вакил иштирок этган. Йиғилишда аҳоли “Наврўз” ширкатининг “Азамат” ширкатига қўшиб юборилишидан норози эканини билдирган.

Баённома ҳокимлик томонидан тасдиқланиши учун уни оқсоқол имзолаши лозим эди. Йиғилишни бошқарган маҳалла фуқаролари йиғини раиси Комилжон Мирзаакбаров эса ҳокимлик томонидан тазйиқ ўтказилгани боис тадбир баённомасига қўл қўйишга рози бўлмаган. Натижада баённома ҳам тасдиқланмай қолган.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда Давлатобод тумани ҳокими ўринбосари Аюбхон Бобомирзаев икки ширкатнинг қўшиб юборилиши ҳақидаги қарорга асос бўлган баённома аҳолини алдаш эвазига қўлга киритилганини тан олди. Унинг айтишича, собиқ “Наврўз” ширкатидаги уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар шундай усулни қўллагани учун “Азамат” ширкати раҳбарини судга бериши мумкин.

Лекин аҳоли “Азамат” ширкати раҳбарини судга беришни лозим топмаяпти. Улар ҳамон ўз ҳуқуқларининг ҳокимлик томонидан топталганидан норози. Шу боис фуқаролар ўз ҳуқуқлари тикланмагунча коммунал хизматлар ҳақини тўлашдан бош тортмоқда.
XS
SM
MD
LG