Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:56

Журналист судда ютиб чиқди


Ўзбекистон телевидениеси “Ёшлар” канали муҳаррири, журналист Малоҳат Эшонқулова ўтган йилнинг апрель ойида аввалига пора олганликда, сўнг эса телевидение ички қоидаларини бузганликда айбланиб, ишдан бўшатилган эди.

Бир йилу саккиз ой давомида бўлиб ўтган турли суд жараёнларидан сўнг Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари суди телевидение раҳбарияти қарорини ноқонуний деб топди ва журналистни ишга қайта тиклаш ҳақида ҳукм чиқарди. Шу билан бирга суд М.Эшонқуловага мажбурий равишда ишсиз юрган вақти - 1 йилу 8 ойлик маошини ва маънавий зарар учун 100 минг сўм ундириш хусусида ажрим чиқарди.

М.Эшонқулова 12 йиллик иш тажрибасига эга журналист. У “Ёшлар” каналининг “Қишлоқдаги тенгдошим” кўрсатуви муаллифи бўлган.

Журналистнинг айтишича, унинг ишдан бўшатилишига Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги 35-мактаб ҳақида танқидий кўрсатув тайёрлаб, эфирга бергани сабаб бўлган. Шундан сўнг 2002 йил 27 февраль куни (лавҳа 19 февралда тасвирга олинган) мактаб директори Бўстон Ибрагимованинг қайноғаси Ғайбулла Раззоқов телевидение раҳбарияти номига М.Эшонқулованинг пора олгани хусусида шикоят-ариза ёзган.

Журналистнинг таъкидлашича, агар пора олган бўлса, танқидий кўрсатувни эфирга узатишга на ҳожат бор эди. Шунга қарамай, ариза телевидениенинг режим хизмати томонидан ўрганиб чиқилган, лекин пора олиш ҳолати тасдиқланмаган. Шундан сўнг раҳбарият уни ишдан бўшатиш учун бошқа айб қидириб топади. Яъни журналистни Ўзтелерадиокомпания номидан ўз ваколатига кирмайдиган ваъда берган – тасвирга олинган ташкилот вакилларига кўрсатувнинг эфирга кетиш вақтини айтган ва бу билан ТВни обрўсизлантирган, деб айблаган ва бу айблов М.Эшонқулованинг ишдан бўшатилишига сабаб бўлган.

Журналист ўзини ноқонуний ишдан бўшатилган ҳисоблаб, Шайхонтоҳур тумани, сўнг Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари судларига мурожаат қилди. Бироқ улар даъвони қондирмади. Олий суд эса мазкур ишни ўрганиб чиқиб, уни қайта текширишга юборди. Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари суди бу даъвони қайта ўрганиб чиқиб, ниҳоят журналист фойдасига ҳукм чиқарди.

М.Эшонқулова энди эски жамоасида ишлаб кета олишига кўзи етмаяпти. Лекин нима бўлганда ҳам тишимни тишимга қўйиб ишлашга ҳаракат қиламан, деди у.

Кузатувчиларнинг айтишича, ўзбек журналистлари орасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш, жипслик йўқ даражада. Шунинг учун ҳам уларнинг раҳбарлари журналистларни ўзларининг ноғорасига ўйнатишга ҳаракат қилади. Малоҳат Эшонқулованинг икки йиллик изтироблари ҳам буни кўрсатиб турибди, дейди улар.
XS
SM
MD
LG