Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:18

Ногиронлар қийинчиликлардан нолимоқда


Саида Маълумотларга қараганда, бугунги кунда Ўзбекистонда 811 мингдан ортиқ ногирон бор. Уларнинг 229 минг нафари болаликдан ногиронлардир. Бу тоифадаги ногиронларнинг 127 мингга яқинини 16 ёшга етмаганлар ташкил этади.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги масъул ходими Алишер Иноқовнинг таъкидлашича, ногиронларга жамоат транспортидан текин фойдаланиш, текин дори-дармон олиш, стационарларда бепул овқатланиш, ер-мулк солиқлари тўламаслик каби имтиёзлар берилган. Бундан ташқари, уларга кўрсатма асосида протез-ортопедия жиҳозлари, эшитиш аппаратлари давлат томонидан бепул берилади.

Бироқ ногиронларнинг ўзлари “Озодлик” мухбири билан суҳбатда вазирлик вакилининг бу сўзларига қўшилмади. Уларнинг айтишича, авваллари барча тоифадаги ногиронлар фойдаланган имтиёзлар бугунги кунда бекор қилинган. Фақат маълум тоифадаги ногиронларгина имтиёзлардан тўлиқ фойдаланяпти, холос. Қолаверса, бировнинг кўмагига муҳтож бўлган бу инсонларнинг иш билан таъминланилиши ҳам эътибордан четда қолмоқда.

Кўзи ожиз биринчи гуруҳ ногирони ўзига берилаётган нафақанинг ҳаммаси коммунал тўловларга кетишини билдирди.

“Бир кило гўшт 2,5 минг сўм бўлган бир пайтда 16 минг сўм нафақа оламан. Бу пулни коммунал хизматга тўлайми ёки рўзғоримга ишлатайми? Иккита болам бор. Хотиним ҳам биринчи гуруҳ ногирони. Еб-ичишимиз қуруқ нону чой. Ҳатто, баъзи кунлари оч ўтирамиз”, дейди у.

Ногирон Якубович кўзи ожизлар жамиятига қарашли корхоналар сотилиб кетаётганидан нолиди. Унинг айтишича, бу корхоналар тақдири хусусида на ҳукумат, на Президент қайғурмоқда.

Ихтиёр Раҳимов Чилонзордаги кўзи ожизлар ишлайдиган корхонада бир неча йиллардан буён меҳнат қилади.

- Бир вақтлар ўз маҳсулотларини хорижга экспорт қилган бу корхонада бугунги кунда 400 нафар ногирон ишлаяпти, - дейди у. – Ўртача 10 минг сўм ойлик белгиланган. Шуни ҳам вақтида беришмайди.

Ўзбекистонда ногиронларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирокига кўмаклашиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун бир қанча жамиятлар тузилган. Шулардан бири Ўзбекистон ногиронлар жамиятидир. Жамият раиси вазифасини бажарувчи Ойбек Исоқовнинг таъкидлашича, ногиронлар ижтимоий-маиший муаммоларини ечишга ёрдамлашувчи ушбу ташкилотнинг ўзи бугунги кунда кўмакка муҳтож. Жамият коммунал хизмат учун бир ярим миллион сўм тўлар экан. Биз нодавлат, нотижорат ташкилот бўлсак, бунча маблағни қандай қилиб тўлаймиз, дейди у.

Кузатувчиларнинг эътироф этишича, хориждан ўзбекистонлик ногиронларга муайян кўмак кўрсатилмоқда. Лекин бу ёрдамлар ногиронларгача етиб бормаётир.
XS
SM
MD
LG