Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:02

Дайдиларнинг ҳам ўз дарди бор


Ҳакимбек Кузатувчиларнинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг катта шаҳарларида дайдиларнинг кўпайиб бораётганига иқтисодий қийинчилик ва ишсизлик сабаб бўлмоқда.

Кийимлари кир, соч-соқоли ўсиб кетган бу одамлар тирикчилик кечириш мақсадида асосий вақтини чиқиндихоналарда ўтказади. Уларнинг асосий қисми чиқиндихоналардан шиша идиш, қоғоз, эски-туски кийим-кечак излайди.

“Бўш шиша идиш ва қоғоз йиғаман, дейди дайдилардан бири. Баъзан 10 килограммгача макулатура тўплайман. Ҳар бир килограммига 50 сўмдан тўлашади. Бунча қоғоз тўплаш қийин иш. Кўп юришга тўғри келади. Менинг эса оёғим оғрийди, тез чарчайман”.

57 ёшли бу дайдининг айтишича, илгари у техник мутахассис бўлиб ишлаган. Буюртма бўлмай қолгач, унга ўхшаган кекса ишчилар ишдан бўшатилган.

Бу дайди нафақага чиқишини кутиб яшамоқда. Бироқ айнан нафақада бўлиб туриб, чиқиндихонадан ризқ териб юрганлар ҳам кўп учрайди.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган дайди кампирнинг сўзларига қараганда, у 5832 сўм нафақа олар экан.

“Бронхиал астма касалим бор. Битта дори олти минг сўм туради. Бундан ташқари, коммунал хизматлар учун тўловлар бор. Ҳаётим жуда аянчли”, дейди кампир.

Кампирнинг билдиришича, йилига икки марта байрам кунлари маҳалладан унга ёрдам кўрсатишган. Бу ёрдам ҳам иккита нону, бир товоқ ошдан иборат бўлган.

Бошқа бир дайди ўзининг шу кўйга тушишига ҳукумат олиб бораётган сиёсат сабаб бўлганини таъкидлади.

“Аслини олганда, Ислом Каримов мамлакатни шу кўйга солди, дейди у. Биз ҳеч қачон бундай аянчли аҳволга тушмагандик. Тошкент Иттифоқ даврида энг бой шаҳарлардан эди”.

Чиқиндихоналардан ризқ териб юрганларнинг аксарияти рус миллатига мансуб кишилар. Лекин улар орасида маҳаллий миллат вакилларини, баъзан қишлоқлардан келганларни учратиш мумкин.

Қаровсиз қолган шундай одамлар билан иш олиб борган “Сусамбил” нодавлат ташкилоти вакиласи Лариса Хмелеванинг айтишича, дайдиларнинг асосий қисмини ёши 45 дан ошганлар ташкил этади.

“Уларнинг бу аҳволга тушиб қолишига фақат иқтисодий қийинчиликлар эмас, балки оиладаги жараёнлар ҳам сабаб бўлади. Баъзан оилавий йўқотишлар, жанжаллар уларни шу кўйга солиб қўяди. Бу одамларнинг баъзилари бутунлай бошпанасиз. Яшаш учун бор-будини сотиб бўлган”, дейди Л.Хмелева.

Л.Хмелеванинг таъкидлашича, бундай одамлар орасида зўравонлик ёки ўғирлик қилиш ҳолатлари кам учрайди. Улар кўпроқ меҳнат билан банд. Ўз тирикчилиги учун чиқинди йиғиш билан шуғулланади.

Л.Хмелеванинг айтишича, бу кишиларнинг ҳеч қандай ҳуқуқи йўқ. Ҳеч қаерда рўйхатда турмагани боис, бир қисми нафақа ҳам олмайди. Баъзиларида ҳатто шахсини тасдиқловчи бирон-бир ҳужжат йўқ. Ҳукумат дайдилар учун бошпана ташкил этиши, соғлиғини текшириши лозим, дейди у.

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасидан пойтахтдаги дайдилар сони ҳақида маълумот олишнинг иложи бўлмади. Бироқ, маълум бўлишича, милиция ходимлари вақти-вақти билан дайдиларни ушлаб, уларнинг шахсини аниқлашга ҳаракат қилар экан.

Шифокорлар эса совуқ ва қаҳратон куну тунларни зах ертўлаларда ўтказадиган дайдиларнинг кўпчилиги силга чалингани, уларнинг бу аҳволда юриши жамият учун хавфли эканини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG