Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:31

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда ўлим жазосига қарши


Шайбон 5 декабрь куни Тошкентда ўлим жазоси масаласида йирик халқаро анжуман бўлиши лозим эди. Лекин расмий идораларнинг қаршилиги туфайли тадбир ўтказилмади.

6 декабрь куни “Freedom house” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида мазкур анжуманга қатнашиш ниятида келган хорижий меҳмонлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Улар расмийларнинг тадбирни ўтказишга рухсат бермаганини қаттиқ танқид қилди.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Жак Андре ҳукуматга бу борада эътироз билдирганини маълум қилди. Шунингдек, “Халқаро амнистия” ташкилотининг Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси бўйича вакиласи Анна Зундерплассман ташкилот расмий Тошкентга норозилик билдиришини таъкидлади.

Анжуман иштирокчиларининг эътирофича, тадбир ўтишига тўсқинлик қилиш мамлакатда ўлим жазоси билан боғлиқ муаммолар ошкор бўлиши олдини олишдан бошқа нарса эмас. Шундай бўлса-да, улар бу каби муаммолар жаҳон ҳамжамиятига яхши маълумлигини таъкидлади.

АҚШдан келган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ренни Крейшеннинг фикрича, Ўзбекистонда қатл кунининг ошкор этилмаслиги, ҳукм ижро этилгач, жасаднинг яширилиши инсониятга қарши жиноят ҳисобланади. Афсуски, Ўзбекистонда бу жиноятнинг содир этилишига расман рухсат этилган, деди у.

Италиялик Стефано Аржентино Стонино Ўзбекистонни “минтақада ўлим жазоси сақланиб қолинган орол”, деб атади. Унинг сўзларига қараганда, қўшни мамлакатларда ўлим жазоси бекор қилинган бир пайтда Ўзбекистонда бу жазонинг сақланиб қолиниши мамлакат раҳбариятининг инсон ҳаётини менсимаслигидан далолатдир.

Анжуман иштирокчилари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан маҳбусларнинг яқинларига, ўлим жазосига қарши курашаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан таъқиб ва тазйиқлар мавжудлигини қаттиқ танқид қилди.

“Халқаро амнистия” вакиласи А.Зундерплассман бу борада расмий Тошкентга ўз мурожаатини баён этди.

“Биз Ўзбекистон ҳукуматини маҳбусларнинг яқинларига нисбатан қўпол муомалани, шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига таҳдидни бас қилишга чақирамиз. Ўлим жазоси (Ўзбекистонда) бекор қилиниши лозим ва бу борадаги ижобий қадам сифатида ҳозирда ўлим жазосига ҳукм этилган маҳбусларга нисбатан мораторий жорий этилишини таклиф этамиз”, деди у.

Халқаро ташкилотлар вакиллари “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нодавлат жамиятини рўйхатдан ўтказиш талаби билан расмий Тошкентга мурожаат қилишини, ушбу талаб матни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда БМТга юборилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG