Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:17

Грузиянинг янги ташқи сиёсати қандай бўлади?


Фарангис Саид 16-17 декабр кунлари Грузия янги Ташқи ишлар вазири Тедо Жапаридзенинг Москвага ташрифи бўлиб ўтди. Ташриф давомида расмий Россия Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Валерий Лошинин ва Хавфсизлик Кенгаши Котиби Владимир Рушайло билан учрашди.

Расмий маълумотларга кўра, Грузия Ташқи ишлар вазири Тедо Жапаридзенинг Россия пойтахтига ташрифи норасмий бўлиб, у ҳатто дипломатик протоколга амал қилмаган ҳолда ўтказилди. Айни манбаларда Тбилиси расмийси Москвага Грузиянинг муваққат Президенти Нино Буржанадзенинг Россияга ташрифини муҳокама қилиш учун боргани айтилмоқда. Озод Европа-Озодлик радиоси таҳлилчиси Жан-Кристоф Пёҳ масала юзасидан шундай дейди:

- Менимча, мазкур ташрифдан асосий мақсад Россия билан алоқани иложи борича тезроқ ўрнатишдир. Грузия ва Россия ўртасидаги муносабатлар айниқса сўнгги бир йил давомида ниҳоятда таранг бўлганини яхши биласиз.

Мутахассис фикрича, айнан шу мақсаддан келиб чиққан ҳолда Жапаридзе Москва расмийларига Буржанадзенинг Россияга ташрифи масаласини муҳокама қилган. Демак, 4 январ куни Грузияда ўтказилиши кутилаётган президент сайловларигача Буржанадзенинг Москвага бориши ва Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашиши мумкин.

Жараён ривожи яна бир хулосага олиб келмоқда: Грузиянинг янги раҳбарияти собиқ президент Эдуард Шеварднадзе мҳукумати сўнгги 12 йил давомида Россияга нисбатан тутган сиёсатдан қайтиб, бу мамлакат билан алоқаларни мустаҳкамлашни ният қилиб олган. Дарҳақиқат, Москвада Россия Ташқи Ишлар Вазирининг биринчи ўринбосари Валерий Лошинин билан учрашувидан сўнг Жапаридзе икки давлат ўртасидаги муносабатлар шу кунгача совуқ бўлиб келганини эътироф этди.

Хўш, Россия раҳбарияти расмий Тбилиси сиёсатидаги бундай ўзгаришга қандай жавоб бериши мумкин?

Суҳбатдошимиз, таҳлилчи Жан-Кристоф Пёҳ фикрича, бу соҳада Чеченистон масаласи асосий рол ўйнайди:

- Агар гап Чеченистон ҳақида кетса, яъни агар Грузиянинг янги раҳбарияти Россия билан Чеченистон масаласида ҳамкорлик қилишга тайёр бўлса, бу ҳолда ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Албатта, Грузия ва Россия ўртасидаги муносабатлар қай йўсинда ривожланишида нафақат икки давлатнинг ўзи, балки жаҳон саҳнасидаги бошқа ўйинчилар ҳам муҳим рол ўйнаши мумкин. Хўш, шундай қатнашчиларнинг асосийлари бўлмиш АҚШ ва Европа Тбилиси билан Москва ўртасидаги яқинлашувга қандай қарайди?
Озодлик радиоси таҳлилчиси Жан-Кристоф Пёҳ бу саволга мана бундай жавоб берди:

- Менимча, агар Грузия Россия билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини намойиш қилса, бу АҚШни қониқтиради. Чунки АҚШ Грузия ва умуман Кавказ минтақаси барқарор бўлишидан манфаатдор. Муаммоли Кавказ ҳеч кимга керак эмас.

Мутахассис фикрича, Грузиянинг янги раҳбарияти учун халқаро саҳнадаги энг тўғри йўл АҚШ, Европа ва Россия билан муносабатларда мувозанатни сақлаб туришдан иборатдир. Аммо:

- Бу жуда қалтис мувозанат бўлади. Грузия уни сақлаб қола олиши ёки сақлаб қола олмаслиги ҳозирча ноаниқ. Бир неча ой ёки бир неча ҳафтадан сўнг вазият ойдинлашади, - дейди Озод Европа-Озодлик радиоси таҳлилчиси, Кавказ бўйича мутахассис Жан-Кристоф Пёҳ.
XS
SM
MD
LG