Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:21

Иқлим ўзгаришининг инсон саломатлиги ва атроф муҳитга таъсири.


Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда иқлим ўзгаришининг инсон саломатлигига таъсирини аниқловчи тадқиқот ўтказмоқда. Хусусан об-ҳаво ўзгариши сув, ҳаво ифлосланиши қандай касалликлар келтириб чиқариши ўрганилмоқда. Тадқиқотдан кўзланган бошқа мақсад иқлим ўзгариши оқибатларини олдиндан билиш ҳамда уларни бартараф этишда дунё давлатлари ҳукуматларига ёрдам беришдан иборат.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра, иқлим ўзгариши дунё бўйича кузатилаётган ичбуруғ касалликларининг 2.4 фоизга, безгакнинг 2 фоизга кўпайишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари глобал иқлим ўзгариши натижасида минглаб одам вафот этмоқда. 2000 йилда 5 ярим миллион одам иқлим ўзгариши оқибатида меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган.

Бу масалалар яқинда Миланда иқлим ўзгаришига бағишланган халқаро анжуманда ҳам муҳокама этилди. Анжуманда нутқ сўзлаган БМТ Атроф-Муҳит Дастури директори Клаус Тоепфер: “Иқлим ўзгариши башорат эмас. Иқлим ҳозирнинг ўзида ўзгармоқда”,-дея ташвиш билдирган эди.

БМТ хомийлигида уюштирилган мазкур анжуманда иқлим ўзгариши асосан инсон фаолияти билан боғлиқ экани, хусусан завод, фабрикалар ва автомобиллардан зарарли газлар атмосферага кўп чиқарилаётгани глобал иқлим ўзгаришига асосий сабаб экани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистонлик эколог олим Маматмусо Мамадазимов Озодлик мухбири билан суҳбатда айни фикрга қўшилишини айтади.

Жаҳон Метеорология Ташкилоти 16 декабр куни иқлим ўзгариши бўйича ўзининг навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унда, 2003 йилда иқлим инсоният тарихида учинчи марта рекорд даражада иссиқ бўлгани билдирилган.

Ҳисоботга кўра, бу йил дунё иқлими 1961 – 90 йиллардагига қараганда Целсий шкаласи бўйича салкам ярим даража иссиқ бўлган. Мутахассисларга кўра, сўнгги 30 йил ичида ҳаво ҳарорати тез суръатларда кўтарилмоқда.

Ўзбекистонлик шифокор Налина Борисовна Карапилян Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда иқлим ўзгариши, хусусан ёзда ҳаво ҳароратининг хаддан зиёд кўтарилиши одам организми, айниқса қариялар учун хатарли эканини айтади:

“Иссиқ об-ҳавода қон томирлари кенгаяди. Бундай ҳолатларда қариялар соғлиги ёмонлашиб оламдан ўтишлари мумкин. Иссиқ ҳаво ёшларга ҳам таъсир этиши мумкин. Қуёш нури натижасида тери куйиши, тери саратони ва бошқа касалликлар юзага келиши мумкин”, - дейди шифокор Карапилян.

Бу йил Европада ёз рекорд даражада иссиқ ва қуруқ бўлди. Натижада қарийб 21 минг одам, асосан қариялар нобуд бўлди. Иссиқ ёз туфайли Европа мамлакатлари қишлоқ хўжалигига 10 миллиард доллар миқдорида зарар етди.

Яқинда БМТ мутахассислари иқлим ўзгариши Европадаги қишки курортларга ҳам таъсир қилаётгани ва тоғларда қор юқори қатламлардагина сақланиб қолиши мумкинлиги ҳақида гоҳлартирган.

Ўзбекистондаги ЭКОСАН атроф-муҳит ташкилоти раиси Юсуф Шодиметовнинг Озодлик радиосига маълум қилишича, келажакда глобал илиқлашув Марказий Осиёга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Жорий йил ёзида Канада, АҚШ, Хитой шунингдек, Россиянинг шимолий минтақаларида ҳам иссиқ ҳаво рекорд даражага яқин бўлди. Япония ва Хитойнинг шимолий минтақаларида эса ҳаво ҳарорати одатдагидан анча паст бўлди. Ҳиндистонда қаҳратон қишдан кейин ёз фасли жуда иссиқ келгани натижасида ўнлаб одам нобуд бўлди.

2003 йилда Австралия, АҚШнинг баъзи штатлари, шунингдек Африканинг шарқий ва жанубий минтақаларида ҳам қурғоқчилик юз берди.

Муссон шамоллари мавсумида жанубий Осиё ва Хитойнинг Сариқ дарё ҳавзасида ёққан ёмғир туфайли сув тошқинлари рўй берган. 2003 йилда бўрон-тўфонлар ва тропик циклонлар одатдагидан кўп бўлгани қайд этилди. Суғурта кампаниялари маълумотига кўра, жорий йилда юз берган табиий офатлар 60 миллиард доллардан ортиқ зарар келтирган.

Олимлар глобал иқлим ўзгариши натижасида янада экстремал об-ҳаво шароитлари юзага келишини, турли хил табиий офатлар тез-тез юз беришини башорат қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG