Халқаро хабарлар
Келаси йил феврал ойида Халқаро Суд Исроил ҳукумати Ғарбий Соҳилда қураётган деворнинг қонунийлиги масаласини кўриб чиқади.
Исроил ҳукуматига кўра, девор ҳудкуш террорчилар ҳужумларини тўхтатиш учун керак. Бироқ фаластинликлар бундан мақсад, Фаластин ерларини Исроилга қўшиб олиш ва Фаластиннинг бўлажак чегарасини тан олмаслик эканини айтмоқдалар.
Кун янгиликлари
Грузия: Мухолифат партиялари офисларида тинтувлар ўтказилмоқда
Грузияда полиция вакиллари мухолифат партиялари офисларига тинтув ўтказиш учун келишган. Бу ҳақда Озодликнинг грузин хизмати ва “Эхо Кавказа” лойиҳаси хабар қилди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, жумладан, “Ахали”, “Дроа”, “Гирчи – Кўпроқ эркинлик” ҳамда “Бирдамлик – Миллий ҳаракат” мухолифат партиялари офисига келишган. “Ахали” партияси асосчиси ва “Ўзгаришлар учун коалиция” лидери Ника Гварамия ва фаол Гела Хасая қўлга олинган.
Mtavari телеканали хабарига кўра, мухолифатнинг бир неча лидери ушланган. Telegram-каналлари етти киши қўлга олингани ҳақида ёзмоқда. Тинтувлар безорилик ва гуруҳ бўлиб амалга оширилган зўравонликни уюштирганлик моддалари бўйича ўтказилмоқда.
“Бу мухолифатни қўрқитиб қўйиш уринишидир”, дея иқтибос келтирган “Интерфакс” агентлиги “Ўзгаришлар учун коалиция” лидери Ника Мелия сўзларидан. Унинг фикрича, расмийларнинг бу каби хатти-ҳаракатлари Грузияда норозилик чиқишлари кўламининг кенгайишига олиб келади.
Грузияда норозилик акциялари 28 ноябрдан буён давом этмоқда. Бунга Грузия парламентининг Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларни 2028 йилгача тўхтатиб қўйиш ва Европа грантларидан воз кечиш қарори сабаб бўлган. Айни пайтда Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе расмийлар ўз мақсадларига содиқ қолаётганлари ва мамлакат 2030 йилга бориб ЕИга киришга тайёр бўлишини урғулаган.
Полиция норозилик намойишларини тарқатиш учун сувотар ва кўздан ёш сиздирувчи газни ишга солмоқда. Акцияларда умумий ҳисобда 300 га яқин киши қўлга олинган. Кобахидзе тартибсизликларни уюштиришда мухолифатни айблаган.
Биткоин нархи илк бор 100 минг доллардан ошди
Биткоин нархи тарихда илк бор 100 минг АҚШ долларидан ошиб кетди.
Binance биржаси маълумотига кўра, биткоин нархи 5 декабрь куни Тошкент вақти билан эрталабки соат 7:39 да 100 минг доллардан ошган ва ўсишда давом этган. Соат 8 га бориб нарх 104 минг долларга етган. Бу пайтга келиб 20 дан зиёд биржа маълумотларини ўрганиб борадиган CoinMarketCap сайти биткоин 101 минг долларгача қимматлагани ҳақида хабар қилган.
Биткоин курси Дональд Трамп АҚШ президенти этиб сайланганидан кейин ўса бошлаган. 5 ноябрь куни Трамп сайловда ғалаба қозонгани маълумот бўлган пайтда биткоин нархи 40 фоизга, йил бошидан бери эса икки бараварга ошган.
Трамп АҚШни “жаҳоннинг криптопойтахти”га айлантириш ҳамда биткоин захираси тўплашни ваъда қилган. Ваҳоланки, Трамп бор-йўғи уч йил аввал биткоинни товламачиларнинг найранги деб атаган эди. Бугунги кунда криптовалюта бозори ҳажми, мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, уч триллион доллардан кўпроқни ташкил этади.
Биткоин янги рекордга Дональд Трамп Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссия раҳбари лавозимига криптолоббист Пол Аткинсни тайинламоқчи эканини эълон қилганидан бир неча соат ўтиб эришган.
Комиссия жаҳон молия оламида криптовалюталарнинг энг нуфузли душманларидан бири бўлиб ҳисобланади. Регулятор етакчи криптовалюта ширкатларини судга бергани маълум.
Алишер Усмонов FIE президенти лавозимидан четланди
Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти ваколатларини топширди. Бу ҳақда федерация Усмонов президентликка қайта сайланганидан бир неча кун ўтиб маълум қилди.
Тадбиркор Россиянинг Украинага босқини туфайли санкция рўйхатига киритилган. Федерация баёнотида Усмонов президентликдан кетиш қарорига FIEнинг самарали фаолиятини таъминлаш мақсадида келгани айтилган. Ташкилотнинг ижроия қўмитаси мазкур қарорни ратификация қилган, дея хабар қилди Sports нашри.
Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияга 2008 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди. 2022 йилда у АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва яна бир неча давлат санкция рўйхатига киритилганидан кейин ўз ваколатларини тўхтатиб қўйганди. Федерация раҳбари вазифасини Эммануэль Катсиадакис бажариб турган.
Ишдан четланганига қарамай, 30 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган конгрессда Алишер Усмонов ўз лавозимига қайта сайланган. Унинг номзоди 103 та миллий федерация томонидан кўрсатилган, овоз беришда эса уни 120 та миллий федерация қўллаган. Сайловда россиялик миллиардернинг ягона рақиби швециялик Отто Дракенберг бўлган, у 26 та овоз олган. Мазкур қарор Украина Қиличбозлик федерацияси (УҚФ) томонидан танқид қилинган.
“Федерация виждонга, инсонийликка юзланиш хорижлик спорт мулозимларига ҳеч қанақа таъсир кўрсатмаслигини аллақачоноқ тушунган”, дейилган УҚФ баёнотида.
Катсиадакис бошқаруви даврида Париждаги Олимпия ўйинларигача россиялик қиличбозларнинг ҳеч бири нейтрал мақомда мусобақаларга қўйилган эмас. Улар 2016 йилдаги ўйинда 3 та, 2021 йилдаги ўйинда эса 4 та олтин медални қўлга киритишган.
Тожикистонда парламент сайлови 2025 йил мартига белгиланди
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон парламент сайлови санасини эълон қилди. У томонидан 4 декабрь куни имзоланган фармонга мувофиқ, парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашларга депутат сайлови 2025 йил 2 мартида бўлиб ўтади. Юқори палатага сайлов эса 2025 йил 28 мартига белгиланган.
Тожикистонда ҳар икки палата – Мажлиси намояндагон (қуйи палата) ва Мажлиси миллий (юқори палата) депутатлари беш йилга сайланади.
Тожикистонда еттита сиёсий партия рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг аксарияти амалдаги ҳукуматга хайрихоҳдир. Улар ҳали сайловга тайёр эканларини билдиришмаган.
Аввалги йилларда бир неча бор парламент сайлови натижалари сохталаштирилгани ҳақида билдирилган.
Тожикистондаги сайловни кузатиш учун Душанбега одатда миссия йўллайдиган ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) ўтган сайловларнинг биронтасини шаффоф ва халқаро стандартлар мувофиқ, дея баҳолаган эмас.
Жанубий Кореяда мухолифат парламентга президент импичментига оид қонун лойиҳасини киритади
Жанубий Кореядаги олтита мухолифат партияси мамлакат президенти Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлашган. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар қилди.
Ҳужжат 5 декабрь куни парламентга киритилиши ва кейинги икки кун ичида у бўйича овоз бериш ўтказилиши режаланган. Қонун лойиҳаси қабул қилиниши учун камида 200 нафар депутатнинг овози (жами депутатларнинг учдан икки қисми) керак бўлади. Парламентда еттита партия билан тамсил этилган мухолифатда фақат 192 та мандат бор.
Аввалроқ мухолифат партиялари Юн Сок Ёлни давлатга хиёнатда ҳам айблаш ниятида экани ҳақида хабар қилинганди. Улар фикрича, ҳарбий ҳолат жорий этилиши ва ўша пайтда ҳарбийларнинг парламентни эгаллаб олишга ҳаракат қилиши исёнга тенг ва президентнинг дахлсизлиги доирасидан ташқарига чиқади.
Президент Юн “КХДРнинг тарафдорларига қарши кураш учун” ҳарбий ҳолат жорий этилгани ҳақида 3 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 22:25 да эълон қилган эди. Олти соат давомида амалда бўлган фармон сиёсий партиялар фаолияти, норозилик чиқишлари, иш ташлашларга тақиқ қўйиб, унда цензурани ҳамда ўлим жазоси чиқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий-дала трибуналларини жорий қилиш кўзда тутилганди.
Бунинг ортидан парламент биноси олдига, мухолифат ҳисоб-китобига кўра, беш мингдан зиёд норози йиғилган. Штурм чоғида парламент биносига кириб олган депутатлар президент қарорининг бекор қилиниши учун овоз беришган. Шундан сўнг президент қонунга мувофиқ равишда фармонни бекор қилишга мажбур бўлган.
Душанбе шаҳри яқинида йирик дрон қулаб тушди
Тожикистоннинг Ҳисор тумани Шарора қишлоғида 3 декабрь куни йирик ҳажмли дрон ҳалокатга учради. Мазкур қишлоқ пойтахт Душанбедан 5 километр нарида жойлашган.
Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, дрон қулаган жойга милиция ходимлари ва ҳарбийлар етиб боришган. Маҳаллий турғунлар таҳририятга ҳарбий дронга ўхшаган объект электр узатиш симларига ўралашиб қолиб, ерга қулаганини айтиб беришган. Ҳодиса чоғида қишлоқдаги уйларга шикаст етмаган ва ҳеч ким жабрланмаган.
Воқеа жойида олинган видеода дрон қисман ёниб кетганини кўриш мумкин.
Озодликнинг тожик хизмати мухбири воқеа содир бўлган жойга олиб борадиган йўл ёпиб қўйилгани, у ёққа ҳеч ким қўйилмаётганини қайд этган.
Тожикистон расмий идоралари ҳодиса юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.
Эрдўғон ва Путин Суриядаги вазиятни муҳокама қилишди
Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сурия шимолидаги можаро дипломатик йўл билан ҳал этилиши лозим, деган фикрдалар. Икки лидер бу мамлакатда жанговар ҳаракатлар қайта бошланганини 3 декабрь кунги телефон мулоқоти чоғида муҳокама қилишган.
Мазкур мулоқот ортидан Эрдўғон девонхонаси тарқатган баёнотда: “Президент Эрдўғон, гарчи Туркия Сурия ҳудудий яхлитлигини дастаклашда давом этаётган бўлса-да, у Сурияда адолат ва барқарор вазият ўрнатилишига ҳам интилаётганини урғулади”, дея қайд этилган.
Эрдўғонга кўра, Анқара Туркия ва АҚШда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган Курдистон Ишчи партиясига (КИП) кескин курашини давом эттиради.
Эрдўғон билан Путин ўртасидаги суҳбат суриялик исёнчилар ўтган ҳафтада Ҳалабни эгаллаб олганларидан кейин ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумни давом эттираётган кунларга тўғри келди. 3 декабрь куни исёнчилар Хама шаҳрига яқинлашишди, дея маълум қилди Сурия инсон ҳуқуқларига риоя қилиш мониторинг маркази.
Марказ сешанба куни исёнчиларнинг шимолдаги ҳужумларида қурбон бўлганлар сони 600 дан ошгани, улар орасида 104 нафари тинч аҳоли вакиллари эканини билдирган.
Путин Эрдўғон билан суҳбатда “радикал гуруҳларнинг Сурия давлатига қарши террористик тажовузи имкон қадар тезроқ тўхтатилиши” лозимлигини таъкидлаган. Икки лидер бу масала бўйича Россия, Туркия ва Эрон ўртасида бундан буён ҳам тиғиз мувофиқлаштирув муҳимлигини қайд этишди, дейилган Кремль баёнотида.
Суриядаги можарода Москва ва Теҳрон Туркия билан тўқнашган. Анқара Ҳайъат Таҳрир уш-Шом (ҲТШ) раҳбарлиги остида ҳужумда иштирок этаётган қуролли гуруҳларни дастаклаб келади. Бу сунний гуруҳ Сурияда шариатга асосланган давлат тузиш ниятида.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи 3 декабрь куни Қатар нашрига берган интервьюсида, агар Дамашқ илтимос қиладиган бўлса, Теҳрон Сурияга қўшин йўллаш имкониятини кўриб чиқишини билдирган.
Ироқ бош вазири Шиа ас-Суданий Бағдод бунга “бир четдаги томошабин” бўлиб қараб турмаслигини қайд этган.
Тбилисида полиция норозилик акциясини куч билан тарқатди
Учинчи декабрь оқшомида Грузия пойтахти марказида полиция аксилҳукумат норозилик намойишини тарқатиб юборган. Улар норозиларга қарши сувотар ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллашган. Гувоҳлар тасвирга олган видеода ўқ овозларини эшитиш мумкин, тахминларга кўра, полициячилар намойишни тарқатиш учун резина ўқлардан фойдаланишган.
Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси хабарига кўра, полициянинг махсус топшириқлар бажарувчи отряди норозилар томонга Озодлик майдони томонидан ҳаракатланган. Намойишчилар қўлга олинган. Айни пайтда у ерда қўлга олинган одамлар сони маълум эмас.
Грузияда ҳукуматнинг ЕИга кириш жараёнини тўхтатиб қўйиш қарорига қарши мухолифат ва евроинтеграция тарафдорларининг норозилик акциялари олти кундан буён давом этмоқда. Бунгача парламент сайлови расмий натижаларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган.
Тбилисида намойишлар кузатилган олти кун ичида маъмурий моддалар бўйича 293 киши, жиноий моддалар бўйича эса 6 киши қўлга олинган. Намойишлар бостирилаётгани учун Болтиқбўйи мамлакатлари Грузия Ички ишлар вазирлиги ва “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси раҳбариятини санкция рўйхатига киритган. Бунинг ортидан Эстония, Латвия ва Литва элчилари 3 декабрь куни Грузия ТИВга чақирилган.
Жанубий Корея президенти ҳарбий ҳолатни бекор қилди
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль депутатларнинг овоз бериш жараёнидан кейин мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилиши тўғрисидаги фармонини бекор қилди. Мазкур қарор ҳақида маҳаллий вақт билан тонгги соат 4:27 да давлат раҳбари қароргоҳидан туриб узатилган телеёйинда билдирилди. Кейинроқ эса у ҳукумат мажлисида маъқулланган. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар қилди.
Фавқулодда ҳолат жорий этилиши ҳақида 3 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 22:25 да эълон қилинган эди. Олти соат давомида амалда бўлган фармон сиёсий партиялар фаолияти, норозилик чиқишлари, иш ташлашларга тақиқ қўйиб, унда цензурани ҳамда ўлим жазоси чиқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий-дала трибуналларини жорий қилиш кўзда тутилганди.
Режимга қўмондонлик қилиш қуруқликдаги қўшинлар штаби бошлиғи Пак Ан Суга топширилган. У парламент фаолияти тўхтатилганини эълон қилган. Ҳарбийлар парламент биносини эгаллаб олишга уринишган.
Штурм чоғида парламент биносига кириб олган депутатлар президент қарорининг бекор қилиниши учун овоз беришган. Шундан сўнг у қонунга мувофиқ равишда фармонни бекор қилиши лозим эди. Тахминларга кўра, ҳарбийлар сиёсий партиялар лидерлари ва парламент раисини ҳибсга олишга уринишган.
Жанубий кореялик айрим сиёсатчилар, агар ҳарбий ҳолатни жорий қилиш тўғрисидаги қарор қонуний деб қабул қилинса, депутатларнинг овоз беришининг олдини олишга уриниш ҳокимият узурпацияси ўлароқ баҳоланиши мумкинлигини қайд этишмоқда. Президентга нисбатан бирор расмий айблов билдирилгани ҳақида ҳозирча маълум эмас.
Мухолифатдаги Демократик партия вакили брифингда президент истеъфога чиқиши лозимлигини билдирган.
Жанубий Корея президенти мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль ўз телемурожаати чоғида мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилиши ҳақида эълон қилди. У мазкур тадбирни конституциявий тузумни шимолий кореяпараст кучлардан ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлаган, дея хабар қилди “KBS жаҳон радиоси”.
Юн Сок Ёль мухолифатдаги Демократик партияни ҳукумат ишини фалажлаш ҳаракатида айблаган.
Yonhap агентлиги маълумотига кўра, партия парламентдаги бюджет қўмитаси орқали бюджетни қисқартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ўтказган ҳамда давлат аудитори ва бош прокурор истеъфосини талаб қилган.
“Ҳарбий ҳолат эълон қилиниши эркин Корея республикасининг конституциявий қадриятларига ишонган ва риоя қилган дуруст инсонлар учун айрим ноқулайликлар яратади, бироқ мен бу ноқулайликларни имкон қадар камайтиришга ҳаракат қиламан”, дея билдирган президент.
Айни пайтда таркибига президент Юн Сок Ёль ҳам кирган ҳукмрон партия вакиллари ҳарбий ҳолат жорий этишга оид қарорни нотўғри деб аташган ва уни тўхтатишни ваъда қилишган. Мухолифатдаги Демократик партия мазкур қарор Конституцияга зид эканини билдириб, депутатларни парламент биносига йиғилишга чақиришган.
Полиция ва парламент қўриқчилари қонун чиқариш органи биносини ўраб олишган. Бинога фақат депутатлар, парламент ходимлари ва аккредитациядан ўтган журналистларгина қўйилмоқда.
Президент мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этгани ортидан ўнлаб одам парламент биноси олдига чиқишган, улар ва полиция ходимлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган.
АҚШ Россияга қарши янги санкциялар ҳозирламоқда
Жо Байден маъмурияти ўз ваколатлари тугайдиган январь ойи ярмигача Россия ҳарбий машинасига путур етказиш учун бу мамлакатга қарши янада кўпроқ санкциялар жорий қилишни режалаятпи. Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан билдирди.
“АҚШ Россиянинг молия секторига қарши жиддий санкциялар жорий қилди, улар ортидан янада кўпроқ санкциялар киритилади”, дея қайд этган Салливан бунга оид тафсилотларни очиқлаган эмас.
Бундан ташқари, АҚШ Украинага 725 миллион доллар миқдорида қўшимча ҳарбий ёрдам ажратади, бу ёрдам дронларга қарши кураш тизимлари ва HIMARS реактив артиллерия тизими учун снарядларни ўзи ичига олади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен баёнотида айтилган.
Янги пакет доирасида Киев “Стингер” ракеталари, дронларга қарши кураш тизимлари учун ўқ-дори, 155 мм ва 105 мм калибрли артиллерия снарядлари, дронлар, пиёдаларга қарши миналар, танкка қарши тизимлар, TOW бошқарилувчи ракеталари, ўқотар қуроллар ҳамда ўта муҳим инфратузилма объектларини ҳимоялаш учун жиҳозларга эга бўлади.
Президент Жо Байден Конгресс томонидан Украинага ҳарбий ёрдам ўлароқ ажратилган барча маблағларни ўз ваколатлари тугайдиган 20 январгача сарфлаб битиришни ваъда қилган. Бугунги кунда бу сумма 7 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади.
Дональд Трамп президент этиб сайланганидан кейин Байден командаси Украинага ҳарбий ёрдам йўллашни тезлаштирган, Киевга Россия ҳудудидаги ҳадафларга узоқ манзилли ATACMS ракеталари билан зарба беришга рухсат берган, Украинага пиёдаларга қарши миналар берилишига эришган, Москвага қарши янги санкциялар жорий қилган.
Бельгия суди Конгодаги мустамлакачилар хатти-ҳаракатини жиноий деб топди
Брюсселдаги апелляция суди 2 декабрь куни Бельгия давлатини “инсонийликка қарши жиноятлар”да — аралаш ирққа мансуб бўлган беш аёл мустамлакачилар бошқарувидаги Конгода бола бўлган пайтда ўғирланишида айбдор деб топган.
Қуйи инстанция судининг 2021 йилдаги қарорини бекор қила туриб, судья ўша пайтда ҳукуматда “қора танли она ва оқ танли отадан туғилган болаларни мунтазам равишда қидириб топиш ва ўғирлаб кетиш режаси” бўлганини билдирган. Бу ҳақда RTBF медиа ширкати хабар қилди.
Суд давлат “маънавий” ёки ҳиссий зарар товони ўлароқ ҳар бир аёлга 50 минг евродан пул тўлаб бериши лозимлиги ҳақида ҳукм чиқарган.
Давлатни судга берган аёллар ҳозирда 70 ёшдан ошганлар. Улар Конгонинг Бельгиядан мустақил бўлиши арафасида - 1948 йилдан 1961 йилгача бу мамлакатда оилаларидан ажратилган аралаш ирқ мансуби бўлмиш тақрибан 20 минг болани тамсил қилишган.
Бу дурагай болалар Бельгиядаги Католик черкови бошқарувида бўлган мактаблар ва етимхоналарга жойлаштирилган.
Мақолада Брюссель апелляция судининг қарори “тарихий қарор” деб аталган. Бу Бельгияда, балки бутун Европада суд инстанциясининг бельгиялик мустамлакачилар томонидан инсонийликка қарши содир этилган жиноятларни қоралаши бўйича илк ҳолатдир.
Тожикистонда коррупциядан шикоят қилган 74 ёшли адвокат қамалди
Душанбедаги Сино тумани суди ёлғон маълумот етказганликда айбланган 74 ёшли адвокат Файзи Олийни (Файзали Юлдошев) 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, суд ҳукми 29 ноябрь куни чиқарилган, бироқ бу ҳақда 2 декабрга келиб маълум бўлган.
Давлат қораловчиси адвокатга олти йиллик қамоқ жазоси сўраган. Судья судланувчининг ёшини эътиборга олиб, кичикроқ муддат берган. Файзи Олий ҳукм ўқилиши билан суд залидан тўғри ҳибсхонага олиб кетилган.
Адвокатга нисбатан жиноят иши унинг ўз мижози номидан прокуратура ходимлари билан боғлиқ коррупцияга оид ҳолатлар юзасидан бош прокурор, Коррупцияга қарши кураш агентлиги, Тожикистон Хавфсизлик кенгаши ва президент ижроия аппаратига шикоят қилгани ортидан қўзғатилган.
Мазкур шикоятда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс номидан Душанбе прокуратурасининг бир неча ходими ўз мижозларига нисбатан таъмагирлик қилганини баён қилган. Бунга жавобан куч ишлатар тузилмалар ходимлари унинг мижозларига босим ўтказиб, улардан прокуратура ходимларига қарши айбловлар ва адвокатнинг хизматларидан воз кечишни талаб қила бошлашган.
Прокуратура адвокатни ўз ходимларига қарши ёлғон маълумот берганликда айблаб, унинг ишини судга оширган.
Ўлимга ҳукм қилинган эронлик рэпер озодликка чиқди
Аксилҳукумат намойишларини дастаклагани учун ўлимга ҳукм этилган эронлик рэпер Тумаж Солиҳий қамоқдан озод қилинди. Солиҳий икки аввалги “Аёл, ҳаёт, озодлик” ҳуқуқбонлик акциясини қўллагани учун шу йил апрель ойида суд томонидан ўлимга ҳукм қилинганди. Бу ҳақда Британиянинг The Guardian нашри хабар қилди.
Эронда 2022 йил сентябрида курд миллатига мансуб бўлган талаба Маҳса Аминийнинг полиция участкасидаги ўлими жамоатчиликни жунбушга келтирган эди.
Солиҳий оммавий намойишларни дастаклаган баёнотлари учун ўша йилнинг октябрь ойида ҳибсга олинган. Унинг қўшиқларида Эрондаги тазйиқ-таъқиб ва қатллар қораланган.
Рэпер ҳибсдалик пайтида қийноқларга дучор этилгани ва калтаклангани ҳақида билдирган. Хабарда айтилишича, нозирлар Солиҳийнинг қўл ва оёқларини синдиришган, у узоқ вақт давомида бир кишилик камерада ўтирган.
2024 йил июнида Эрон Олий суди жамоатчиликнинг тўхтовсиз талаби ортидан Солиҳийга нисбатан ўлим ҳукмини бекор қилган, бироқ уни озод қилишдан бош тортганди.
Солиҳийнинг Белгияда яшовчи қариндоши Арезу Эқболи Бободийга кўра, рэпернинг озод этилганига оид хабар унинг оиласи ва тарафдорлари томонидан “эҳтиёткорона некбинлик” билан қабул қилинган.
“Унинг озодликка чиққанини қутлар эканмиз, биз озодлик ва инсонийлик талаб қилгани учунгина қамоқхонада бир дақиқа ҳам ўтирмаслиги лозим бўлганини ҳеч қачон унутмаймиз”, деган у.
Рэпернинг қариндоши эронликлар адолатсизлик билан қамоқ жазосига тортилган ва озодликка чиқишини кутаётган бошқа кўплаб маҳкумларни ҳам эсдан чиқармаслиги лозимлигини қўшимча қилган.
Зеленский: Россия билан музокараларда НАТО ва ЕИ иштирок этиши лозим
Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан муҳтамал музокараларда НАТО ва Европа Иттифоқи вакиллари иштирок этишлари лозимлигини билдирди.
Киевга расмий ташриф билан келган Европа кенгаши раиси Антониу Кошта билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида Зеленский: “Музокара столи атрофида кимлар бўлади? Россия, Украина ва айтганимдек, Европа Иттифоқи ва НАТО. Чунки биз ўзимизни бу иттифоқлар хавфсизлик тизимининг бир қисми ўлароқ кўрамиз. Бу форматда мен нималар ҳақида келишувга эришишимиз мумкинлигини тушунаман”, дея қайд этди.
Айни пайтда Украина президенти урушни “Украина учун кучли мавқе”сиз музлатиб қўйишга қарши эканини таъкидлади. Чунки, унинг фикрича, акс ҳолда бир неча йилдан кейин Путин “яна ортга қайтиб, Украинани бутунлай вайрон қилади”. “Кучли мавқе” деганда Зеленский НАТО ва Европа Иттифоқидан хавфсизлик кафолати берилишини назарда тутмоқда.
Шунингдек, Украина президенти яна бир бор Киев Россия томонидан ўз ҳудудлари ишғол этилганини юридик жиҳатдан ҳеч қачон тан олмаслигини билдирди.
“Бу ер бизнинг еримиз, бу одамлар бизнинг одамларимиз. У жойлар Украинанинг вақтинча ишғол этилган қисми, холос. Шубҳасизки, уларнинг ҳаммаси қайтади. Биз бу жойларнинг аксарияти дипломатик йўллар билан қайтишини жуда истардик”, деди Зеленский.
Украина билан Россия ўртасидаги муҳтамал музокаралар мавзуси сўнгги пайтларда дунёдаги сиёсий доиралар ва ОАВда тез-тез муҳокама қилинмоқда. Кремль вакиллари ўзлари илгари сураётган шартлар асосида тинчлик битими тузишга тайёр эканларини билдиришган. Бу шартлар орасида Украинанинг беш вилоятини (ҳатто ҳозирда Украина Қуролли кучлари назорати остида бўлган қисмларини ҳам) Россияники деб тан олиш каби моддалар бор. Киев бу шартларни “мутлақо номақбул” деб ҳисоблайди.