Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2024, Тошкент вақти: 06:36

Халқаро хабарлар

Хюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини Камолиддин Жуманиёзовнинг қамоқда оламдан ўтиши юзасидан текширув ўтказишга чақирди.

Жуманиёзов ўғрилик айби билан ҳибсга олинганидан бир ҳафта кейин, яъни шу ой бошида оламдан ўтган. Ўзбекистон расмийларига кўра, Камолиддин Жуманиёзов қамоқхонада ўзини осган.
Бироқ, Хюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, оила аъзолари марҳумнинг бошида ҳамда танасининг бошқа жойларида жароҳатлар борлигини айтганлар.

Кун янгиликлари

Украина урушида ўлган россиялик ҳарбийлар сони 53,5 мингдан ошди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Украина урушида ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони 53 минг 586 нафарга етган. Бу ҳақда Би-би-си рус хизмати ва “Медиазона” нашрининг янги ҳисоботида айтилган.

Журналистлар урушда кўрилган талафотларни очиқ манбалар - ОАВдаги хабарлар, маҳаллий расмийлар ва қариндошлар таъзияномалари асосида кузатиб боришади. Ўлимларнинг ҳақиқий сони бундан анча кўп бўлиши мумкин.

Россия армияси талафотлари 2024 йилнинг май ойида яна орта бошлаган, бу эса Харьков вилоятига ҳужумлар бошлангани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ўтган икки ҳафта ичида 1 минг 431 киши ҳалок бўлган, бу 2022 ва 2023 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан кўпдир.

Урушда ўлганларнинг 20 фоизга яқинини маҳкумлар, 14 фоизини кўнгиллилар, 12 фоизини ҳарбий сафарбарликка жалб қилинганлар ташкил этади. Россия Мудофаа вазирлиги томонидан шахсий таркибни тўлдириш учун жалб қилинаётган кўнгиллилар ўртасида ҳам ўлим ҳолатлари ошгани қайд этилган: октябрь ойидан буён кўнгиллилар орасида ўлганлар сони ҳафтасига 75 нафардан пастга тушмаяпти, баъзан эса улар сони 100 нафардан ошиб кетяпти.

Энг кўп талафот берган минтақалар ўлароқ Краснодар ўлкаси (2022 киши), Бошқирдистон (1953 киши) ва Свердловск вилояти (1802 киши) кўрсатилган.

Британиялик ҳарбий атташе Россиядан чиқариб юборилади

Британиянинг Москвадаги элчихонаси ҳарбий атташеси Адриан Когхилл
Британиянинг Москвадаги элчихонаси ҳарбий атташеси Адриан Когхилл

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Британиянинг Москвадаги элчихонаси ҳарбий атташеси Адриан Когхиллни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилинганини очиқлади.

Когхилл Россияни бир ҳафта ичида тарк этиши лозим. Россия ТИВ бу британиялик расмийларнинг муқобил қарорига жавоб эканини билдирган.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги 8 май куни Россия ҳарбий атташеси мамлакатдан чиқариб юборилишини эълон қилган эди. ТИВ маълумотларига кўра, у ҳарбий разведка офицери бўлиб ҳисобланади. Британия ички ишлар вазири Жеймс Клеверли бу чорани Россиянинг Украинага босқини ҳамда Россиянинг Британия ва Европадаги бадниятли ҳаракатларига жавоб, деб атаган.

Россиянинг Лондондаги элчихонаси ўшанда қабул қилинган қарор дипломатик миссия ишини қийинлаштиришини билдирган. Россия ТИВ эса британиялик расмийлар қарорини “русофоблик характерига эга сиёсий сабабли хатти-ҳаракат” деб атаб, жавоб чораларини кўрилишини ваъда қилган.

“Крокус”даги терактда айбланганларнинг ҳибс муддати узайтирилди

Терактда айбланганлардан бири Муҳаммадсобир Файзов суд залида, 2024 йил 16 майи
Терактда айбланганлардан бири Муҳаммадсобир Файзов суд залида, 2024 йил 16 майи

Москванинг Басманний туман суди 16 май куни тергов илтимосномасига кўра “Крокус Сити Холл” концерт залидаги террор хуружига оид жиноят иши бўйича тўрт айбланувчининг ҳибс муддатини узайтирди, дея хабар қилди Озодликнинг рус хизмати. Бу тўртовлонни тергов жиноят ижрочиси, деб ҳисоблайди.

Судья қарорига мувофиқ, Муҳаммадсобир Файзов, Далержон Мирзоева, Муродали Ражабализода ва Шамсидин Фаридунийнинг ҳибс муддати 22 августгача узайтирилган. Тожикистон фуқаролари бўлган бу кишилар судга маҳкум кийимида ва қўл-оёқларига кишан урилган ҳолда олиб келинган.

“Интерфакс” қайдича, суд мажлисларининг тўртови ҳам тергов илтимосномасига кўра ёпиқ эшиклар ортидан ўтказилган, бу эса тергов сирини сақлаш ва жараён иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан боғланган.

Шу куннинг ўзида суд яна тўрт айбланувчи — Назримад Лутфуллои, Жумахон Қурбонов, Ёқубжон Юсуфзода ва Муҳаммад Шарипзоданинг ҳам ҳибс муддатини узайтириш ҳақида қарор чиқарган.

“Крокус”даги террор хуружи 2024 йилнинг 22 март куни содир бўлган. Россия Тергов қўмитаси маълумотига кўра, ҳодиса чоғида камида 144 киши қурбон бўлган. Одамларнинг бир қисмини ҳужумчилар отиб ташлаган, кўпчилик эса ёнғин чоғида ҳалок бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни террор гуруҳи ўлароқ тан олинган “Ислом давлати” ўз зиммасига олган. Теракт айнан шу гуруҳ вакиллари томонидан ташкил этилганига АҚШ ва Ғарбдаги бошқа мамлакатлар ҳам амин. Россия томони теракт ижрочилари ортидан Украина турган бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда. Киев барча айбловларни қатъиян рад этиб келади.

Терактнинг муҳтамал ижрочилари қўлга олиш ва сўроқ пайтида катта эҳтимол билан қийноққа дучор этилгани айтилмоқда.

Путиннинг инаугурациядан кейинги илк ташрифи Хитойга бўлди

Си Цзиньпин (ч) ва Владимир Путин (ў), Пекин, 2024 йил 16 майи
Си Цзиньпин (ч) ва Владимир Путин (ў), Пекин, 2024 йил 16 майи

Россия президенти Владимир Путин ва ХХР раиси Си Цзиньпин 16 май куни Пекинда музокаралар ўтказишди.

Музокаралар якунига кўра улар Ҳар томонлама ҳамкорлик ва стратегик ҳамжиҳатлик алоқаларини теранлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолашган.

Музокаралар олдидан ўз чиқишларида Путин ҳам, Си ҳам икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни юқори баҳолашган. Улар Украинадаги урушни ёдга олишмаган, Ғарб ҳам улар томонидан тўғридан-тўғри танқид қилинган эмас.

Путин Москва билан Пекин муносабатлари бирор-бир мамлакатга қарши қаратилмаганини билдириб, Хитойни Россиянинг асосий иқтисодий ҳамкори деб атаган.

Имзоланган баёнотда Хитой ва Россия Украинадаги “жанговар ҳаракатларнинг чўзилиши ва зиддият эскалациясига сабаб бўладиган ҳар қандай қадамни тўхтатиш зарур”лиги қайд этишган ҳамда “унинг назорат қилиб бўлмас босқичга ўтишининг олдини олиш”га чақиришган. Бунинг нимани англатишини баёнот матнидан тушуниб бўлмайди. Унда мулоқот “Украина кризисини ҳал қилишнинг оптимал шакли ўлароқ муҳим” экани ҳам айтилган.

Россия президенти Пекинга 16 май тонгида етиб борган. Бу Путиннинг бешинчи президентлик муддати бошланганидан кейинги илк хорижий сафаридир. Си Цзиньпин Москвага ўтган йили борган эди.

Пекиндаги музокаралар “тор доирада” ўтказилган. Унинг россиялик иштирокчилари орасида собиқ мудофаа вазири, ҳозирда Хавфсизлик кенгаши раҳбари бўлган Сергей Шойгу ва амалдаги мудофаа вазири Андрей Белоусов бўлган. Аввалроқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков учрашувда Украинадаги уруш ва уни тинчлик йўли билан ҳал қилиш имкониятлари муҳокама қилинмаслиги аниқлигини билдирган эди. Россиялик вакиллар Хитойнинг феълан Россия қўшинларининг Украина ҳудудидан олиб чиқиш шартисиз музокара бошлашда ўз аксини топган тинчлик ташаббусларини юқори баҳолашларини бир неча бор таъкидлашган.

Путин ва Россия делегацияси Хитойга икки кунлик сафар чоғида Пекин ва Харбинга бориши режаланган. Сафар кун тартибидан ХХР раиси Си Цзиньпин ва Хитой ҳукумати раҳбари Ли Цян музокаралар ўтказиш ҳамда Россия-Хитой алоқаларига бағишланган бир неча тадбирда иштирок этиш кўзда тутилган.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковга кўра кўра, Путин ва Си 16 май куни ўта муҳим бўлган “яккама-якка” суҳбат ўтказишади.

“Ахир Хитойда энг муҳим нарса яккама-якка ўтириб, чой ичиш-ку”, дея урғулаган Ушаков.

ХХР раисининг Москвага сафари чоғида Путин ва Сининг “яккама-якка” музокаралари, хабарларга кўра, бир неча соат давом этган.

ХХР 2022 йил 24 февралидан бери Украинага кенг кўламли босқинчилик уруши бошлаган Россия хатти-ҳаракатларини бирор марта ҳам қораламаган ва БМТ Бош ассамблеясининг бунга оид резолюцияларини ёқлаб овоз бермаган. Бироқ Хитой АҚШ ва Ғарбни “провокация”да айблаган. Айни пайтда Хитой ҳеч қачон Қрим аннексиясини, кейин эса Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятлари аннексиясини тан олган эмас. Шунингдек, Хитой Кремлга урушда ядровий қурол қўлланилишини Пекин “мутлақо номақбул” деб билишини англатган.

Брюссель Грузияни “хорижий агентлар”га оид қонундан воз кечишга чақирди

Эстония, Литва ва Исландия ташқи ишлар вазирлари Тбилисидаги митингда, 2024 йил 15 майи
Эстония, Литва ва Исландия ташқи ишлар вазирлари Тбилисидаги митингда, 2024 йил 15 майи

Еврокомиссия ва ЕИнинг ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель 15 май куни расман Грузия расмийларини “Ташқи таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни тасдиқлашдан воз кечишга чақирди. Танқидчилар бу қонунни Россиядаги “хорижий агентлар тўғрисида”ги репрессив қонуннинг муқобили, деб аташмоқда.

ЕИ раҳбарияти баёнотида қонуннинг бутунлай қабул қилиниши Грузиянинг европача истиқболига салбий таъсир кўрсатиши айтилган. Еврокомиссия мулозимлари фикрича, қонун лойиҳаси фуқаролик жамиятига путур етказиб, ОАВ эркинлиги учун хавф туғдиради.

“Қайси йўлни танлаш Грузия қўлида. Биз Грузия расмийларини қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирамиз”, дейилган баёнотда.

Унда, қонун кучга кирган тақдирда, конкрет оқибатлари қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида айтилган эмас. Бироқ Financial Times нашрининг ЕИдаги уч мулозим сўзларига таянган ҳолда қайд этишича, бу тақдирда Грузиянинг ЕИга кириш аризаси музлатилади. Ўтган йили Грузия расман Европа Иттифоқига киришга аъзо мамлакат мақомини олган эди, ваҳоланки бу ҳақдаги музокаралар ҳали бошланган ҳам эмас.

Грузияда баҳсли қонун қабул қилиниши юзасидан Қўшма Штатлар ҳам ташвиш билдириб, Тбилиси расмийларини ундан воз кечишга чақирган. АҚШ Давлат котиби ўринбосари Жеймс О’Брайен 14 май куни Тбилисидаги матбуот анжуманида, агар сешанба куни қабул қилинган қонун лойиҳаси ҳозиргидек ЕИ ва НАТО меъёрларига зид шаклда қоладиган бўлса, АҚШ Грузияга кўп миллион долларли ёрдам дастурини қайта кўриб чиқиб, норозиларга қарши репрессияларга алоқадор бўлганларга қарши санкциялар жорий этиши мумкинлигини билдирган.

Қонун лойиҳаси 14 май куни Грузия парламенти томонидан учинчи - якуний ўқишда маъқулланган. Унинг муҳокамаси ва қабул қилиниши Тбилисидаги кўп минг кишилик кўча намойишлари манзарасида амалга ошган. Полиция парламент биноси олдида йиғилаётган намойишчиларга қарши тез-тез куч қўллаяпти, икки ўртада тўқнашувлар содир бўлмоқда. Ҳужжат ҳали кучга кирган эмас, Грузия президенти Саломе Зурабишвили унга вето қўйишни ваъда қилган. Бироқ парламент президент ветосидан устун келиш учун етарли овозга эга.

15 май куни Тбилисида қонун лойиҳасига қарши галдаги акция бўлиб ўтди. Норозилик юришида Грузияга ташриф буюрган Эстония, Литва ва Исландия ташқи ишлар вазирлари иштирок этишди. Улар парламент олдидаги минбардан туриб митинг қатнашчиларига мурожаат қилишди. Литва ТИВ раҳбари Габриэлюс Ландсбергис Грузия халқи учун европача истиқбол истаётганини билдирди. Аввалроқ вазирлар мамлакат президенти Саломе Зурабишвили ва парламент раиси Шалва Папуашвили билан учрашишган.

Баҳсли қонун қабул қилинса, ўз молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган барча ташкилотлар ва гуруҳлар хорижий агент ўлароқ рўйхатдан ўтишлари лозим бўлади. Қонун лойиҳаси ташаббускорлари қонун Грузияни чет элдан молиялаштириладиган норозилик акциялари, радикал партиялар ва пропагандачи медиадан ҳимоя қилиш учун зарурлигини айтишмоқда. Мазкур қонунни бузганлар йирик миқдорда жарима тўлашлари керак бўлади. Ҳужжат муаллифлари ундаги моддалар Россия қонунчилигидан эмас, АҚШ қонунчилигидан олинганини урғуламоқдалар.

Мухолифатчилар, хусусан, Михаил Саакашвилининг “Ягона миллий ҳаракат” партияси тарафдорлари қонун лойиҳаси фуқаролик жамиятига қарши қатағонларни машруълаштириб, Грузияни Ғарбдан юз буришига ва “Россия томонидан ютиб юборилиши”га олиб келишини иддао қилишмоқда.

Грузиядаги баҳсли қонун лойиҳасига қарши норозилик акциялари хусусида Озодлик аввал ҳам бир неча мақола ва видеолавҳалар тайёрлаган:

Словакия бош вазири суиқасд чоғида яраланди

Словакия бош вазири Роберт Фицо ўзига қарши уюштирилган суиқасд чоғида яраланди. У Гандлова шаҳрида ўтказилган ҳукуматнинг кўчма мажлисидан кейин ўққа тутилган, дея хабар қилди Denník N газетаси. Pravda газетасининг ёзишича, у Братиславадаги касалхонага олиб кетилган, икки шаҳар орасидаги масофа тақрибан 170 километрча келади.

Denník N мухбири воқеа жойига яқин ерда бўлган. У суиқасд онини кўрган эмас, бироқ ўқ овозларини эшитган. Кейин у қўриқчилар бош вазирни кўтариб, машинага солиб, олиб кетишганини кўрган.

59 ёшли бош вазир ўққа нишон бўлишдан аввал уни олқишлаш учун чиққан одамларнинг ёнига борган эди, дейишган воқеа гувоҳлари. Pravda нашри гумонланувчи ўқ отилишидан аввал: “Робо, бу ёққа кел!” деб қичқиргани ҳақида ёзган. Маълумотларга кўра, бош вазирнинг аҳволи оғир, у икки-учта ўқ еган бўлиши мумкин.

Фицога суиқасдда гумонланган шахснинг қўлга олиниши
Фицога суиқасдда гумонланган шахснинг қўлга олиниши

Суиқасддан сўнг Словакия парламентининг ялпи мажлиси тўхтатилган. Мухолифатчилар дохил сиёсий партиялар вакиллари ОАВда ярадор бош вазирга қўллов билдиришмоқда.

Фицо ўз партияси парламент сайловида ғолиб чиққани ортидан ўтган йил октябрида бош вазирликка тайинланган эди. Мазкур партия евроскептикча ва миллатчилик позициясига эга бўлиб, сайлов олдидан Украинага ҳарбий ёрдам чекланиши ва миграцион назорат кескин кучайтирилишини ёқлаб чиққан.

АҚШ ва Украина хавфсизлик бўйича 10 йиллик шартнома тузади

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, Киев, 2024 йил 14 майи
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, Киев, 2024 йил 14 майи

АҚШ Украина билан хавфсизлик соҳасида 10 йилга мўлжалланган шартнома тузади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Киев политехника институтида 14 май куни қилган чиқишида билдирди.

АҚШ Давлат департаменти раҳбарига кўра, шартномада АҚШ томонидан мудофаа ва хавфсизлик бўйича “авиациядан ҳаво мудофаасигача, дронлардан тортиб минадан тозалаш ишларигача” бўлган соҳаларда Украинанинг дастакланиши кўзда тутилади.

Мазкур шартнома Киев бошқа дўст мамлакатлар билан тузиб бўлган ёки тузмоқчи бўлаётган келишувларга ўхшайди, бироқ унда америкалик ҳарбийларнинг Украинага йўлланиши назарда тутилган эмас. Украинага ҳужум қилинган тақдирда Вашингтон муҳтамал таҳдидни қайтариш масаласини мувофиқлаштириш учун Киев билан энг юқори даражада ҳамкорлик қилади.

Бундан ташқари, Блинкен икки мамлакат ўртасида тузилажак шартнома Украина ҳарбий-саноат мажмуасининг ривожланишини тезлаштиришда кўмаклашиши ҳамда келажакда Украинанинг ўзи ўқ-дори ва артиллерия аслаҳалари ишлаб чиқаришига имкон беришини билдирган.

Аввалроқ Озодлик АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 14 май куни эълон қилинмаган ташриф билан Киевга келгани ҳақида хабар қилган эди. Сафар доирасида Блинкен сешанба куни Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашиб, Киевга ҳарбий ёрдам масаласини муҳокама қилган.

Еревандаги норозилик акцияларида 150 дан зиёд одам ушланди

Арманистон полицияси норозилик акцияси иштирокчисини тутиб кетмоқда, Ереван, 2024 йил 13 майи
Арманистон полицияси норозилик акцияси иштирокчисини тутиб кетмоқда, Ереван, 2024 йил 13 майи

Арманистон пойтахтида 13 май куни шаҳар марказида бўлиб ўтган норозилик акцияларида полиция 151 кишини қўлга олган. Улар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаганликка оид маъмурий моддани бузганликда айбланишмоқда. Бу ҳақда “Арманистон янгиликлари” агентлиги маҳаллий ИИБдан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Норозилик акциялари иштирокчилари Ереван кўчаларини тўсиб қўйишга уринишган. Улар Арманистон бош вазири Никол Пашинянга қарши шиорларни ҳайқиришган. Қайд этилишича, полициячилар норозиларни қўлга олиш чоғида куч ишлатган. “Арманистон янгиликлари” агентлиги хабарига кўра, полиция ходимлари хатти-ҳаракатлари туфайли 24 News ва ABC Media журналистлари жабр кўрган.

Еревандаги норозилик чиқишлари 9 май куни ўн минглаб одам Пашинян истеъфосини талаб қилиб шаҳар марказидаги митингга йиғилган пайтда бошланган. Булар асосан Арманистон ҳаворийлик черкови Тавуш епархияси раҳбари, архиепископ Баграт Галстанян бошчилигидаги “Тавуш ватан учун” ҳаракати тарафдорлари бўлган. Митингга Озарбайжон билан чегара делимитацияси сабаб бўлган.

Аввалроқ Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Ереван ва Боку чегаранинг алоҳида олинган участкасидаги делимитация ҳақида, жумладан Тавуш вилояти билан Озарбайжоннинг Газах тумани ўртасидаги тўрт қишлоқнинг ҳудудий мансубияти тўғрисида дастлабки келишувга эришганини билдирган эди. Бу қишлоқлар ўтган асрнинг 90-йиллари бошларидан бери Арманистон томонидан назорат қилиб келинган бўлиб, эндиликда Озарбайжонга ўтиши кутилмоқда.

Грузия парламенти “хорижий агентлар”га оид қонунни маъқуллади

"Грузия орзуси" ҳукмрон партияси лидерлари "хорижий агентлар тўғрисида"ги қонун лойиҳасини қўллаш учун уюштирилган митингда, Тбилиси, 2024 йил 29 апрели
"Грузия орзуси" ҳукмрон партияси лидерлари "хорижий агентлар тўғрисида"ги қонун лойиҳасини қўллаш учун уюштирилган митингда, Тбилиси, 2024 йил 29 апрели

Грузия парламенти “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини учинчи - охирги ўқишда маъқуллади. Танқидчилар мазкур лойиҳани Россиядаги “хорижий агентлар тўғрисида”ги репрессив қонуннинг муқобили, деб аташмоқда.

Ҳужжат 150 депутатнинг 84 нафари томонидан ёқланган, улар қонун лойиҳасини киритган “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ва уларнинг иттифоқчилари бўлиб ҳисобланади. 30 нафар депутат қонун лойиҳасига қарши овоз берган. Қарор олдидан ўтказилган муҳокама чоғида депутатлар муштлашиб кетишган.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили, қонун лойиҳаси парламентда қабул қилинган тақдирда, унга вето қўйишни ваъда қилган. Бироқ “Грузия орзуси” президент ветосидан устун келиш учун етарли овозга эга. Агар шундан кейин ҳам президент қонунни имзоламаса, уни парламент раиси имзолаб, эълон қилади.

Баҳсли қонун қабул қилинса, ўз молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган барча ташкилотлар ва гуруҳлар хорижий агент ўлароқ рўйхатдан ўтишлари лозим бўлади. Қонун лойиҳаси ташаббускорлари қонун Грузияни чет элдан молиялаштириладиган норозилик акциялари, радикал партиялар ва пропагандачи медиадан ҳимоя қилиш учун зарурлигини айтишмоқда. Мазкур қонунни бузганлар йирик миқдорда жарима тўлашлари керак бўлади. Ҳужжат муаллифлари ундаги моддалар Россия қонунчилигидан эмас, АҚШ қонунчилигидан олинганини урғуламоқдалар.

Мухолифатчилар, хусусан, Михаил Саакашвилининг “Ягона миллий ҳаракат” партияси тарафдорлари қонун лойиҳаси фуқаролик жамиятига қарши қатағонларни машруълаштириб, Грузияни Ғарбдан юз буришига ва “Россия томонидан ютиб юборилиши”га олиб келишини иддао қилишмоқда.

Ўтган йил декабрида Грузияга Европа Иттифоқига аъзоликка номзод мақомини берган ЕИ қонун қабул қилиниши Европа Иттифоқи қадриятлари билан мувофиқ эмаслиги ҳамда Грузиянинг бу бирлашмага аъзолигини хавф остига қўйишини билдирган.

Қонун лойиҳасига ўн минглаб грузиялик қарши чиқмоқда. Улар бир ойдан буён мамлакатнинг турли шаҳарларида Грузия ва Европа Иттифоқи байроқларини кўтарган ва “Россия қонуни”ни қабул қилмасликни талаб қилган ҳолда норозилик намойишларига чиқишмоқда. Бу каби акцияларда ҳуқуқ-тартиботчилар билан тўқнашувлар кузатилган – полиция норозиларга қарши куч ишлатиб, улар фикрича, жамоат тартибини бузган намойишчиларни қўлга олган. “Хорижий агентлар”га оид қонун лойиҳасига қарши талабалар ҳам забастовкалар уюштиришмоқда.

Ўтган йили оммавий норозилик чиқишларидан кейин Грузия парламенти “Грузия орзуси” партияси томонидан таклиф этилган “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қайтарган эди. Бу йил эса “Грузия орзуси”нинг парламентдаги фракцияси лидери Мамука Мдинарадзе қонун лойиҳаси “ҳеч қандай шароитда” қайтариб олинмаслигини билдириб, лойиҳа баҳорги сессия охиригача қабул қилинишига амин эканини айтганди. Тбилисида қонун лойиҳасини дастаклаб ҳам кўп минг кишилик митинг бўлиб ўтган, мазкур тадбир “Грузия орзуси” томонидан ташкил этилган эди.

АҚШ Давлат котиби бирдамлик изҳори ўлароқ Киевга келди

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Киевга келди, 2024 йил 14 майи
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Киевга келди, 2024 йил 14 майи

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 14 май тонгида эълон қилинмаган ташриф билан Киевга учиб келган. АҚШ Давлат департаменти қайдича, Киев сафари чоғида Блинкен Қўшма Штатлар томонидан Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилиш ниятида.

Блинкеннинг ўзи Х ижтимоий тармоғида: “Бугун мен ўз озодлигини Россия тажовузидан ҳимоя қилаётган Украинага оғишмас дастагимизни намойиш қилиш учун Киевга қайтдим”, деб ёзган.

Блинкен Польша орқали тунги поезд билан келган ва яқин орада Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашиши керак.

“Бу ташриф, биринчи навбатда, ҳам шарқий фронтдаги жанглар туфайли, ҳам Россия қўшинлари Харьков вилояти чегараларидаги ҳужумларни кенгайтираётгани сабабли жуда оғир вазиятда бўлган украиналикларга аниқ сигнал йўллашга қаратилган”, деган журналистларга АҚШ делегацияси аъзоси.

Украиналик мулозимлар билан учрашувлар чоғида АҚШ Давлат котиби Америка томонидан Украинага дастак давом этаётганини тасдиқлашни режаламоқда, дея қайд этган Давлат департаменти вакили Мэтью Миллер.

Бундан ташқари, АҚШ ташқи сиёсат муассасаси раҳбари Украинадаги вазиятга бағишланган нутқ сўзлаш ниятида.

Бу Блинкеннинг Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқинчилик урушини бошлаган 2022 йил февралидан буён Киевга амалга оширилган тўртинчи сафаридир. Айни пайтда бу унинг АҚШ Конгресси апрель ойи охирида Украинага 61 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлаганидан кейинги илк ташрифи бўлиб ҳисобланади.

Саккиз йилга кесилган эронлик режиссёр Европага қочди

Эронлик режиссёр Муҳаммад Расулоф
Эронлик режиссёр Муҳаммад Расулоф

Эронлик кинорежиссёр Муҳаммад Расулоф 13 май куни ўз мамлакатидан яширинча чиқиб кетганини эълон қилди. Бу қарорга келишига, режиссёрнинг айтишича, ўзи ҳақида чиқарилган суд ҳукмига оид билдиришномани олгани сабаб бўлган.

Аввалроқ суд Эрон хавфсизлигига етказган зарари учун унга нисбатан саккиз йилга озодликдан маҳрум қилиш ва дарралаш жазосини тайинлаган эди.

“Миллий хавфсизликка қарши тил бириктирув”да айбланган Расулоф бир неча кун аввал Эрони тарк этиб, Европага йўл олганини билдирган.

Режиссёрнинг баёнотини у томонидан яқинда суратга олинган “Муборак анжир уруғи” (The Seed Of The Sacred Fig) кинодрамасини бозорда тарқатиш билан шуғулланаётган Films Boutique ва Parallel45 ширкатлари ёйинлади.

Режиссёр Эрон расмийлари босими остида бўлиб, улар Расулофдан ўз фильмини 14 май куни Францияда очиладиган Канн кинофестивали дастуридан олиб ташлашни талаб қилаётган эдилар.

Муҳаммад Расулоф Эронни тарк этиш ҳақида қарор қабул қилиш устида узоқ бош қотириб ўтирмаганини қайд этган.

Менинг ё қамоқхонани, ёки ҳижратни танлашимга тўғри келди. Кўнглимга ҳар қанча оғир келса-да, ўзим учун ихтиёрий сургунни танладим”, деган эронлик режиссёр.

Қозоғистонда хотинининг ўлимида айбланган собиқ вазир Бишимбаев 24 йилга қамалди

Қуандиқ Бишимбаев ва унинг марҳум хотини Салтанат Нукенова
Қуандиқ Бишимбаев ва унинг марҳум хотини Салтанат Нукенова

Остонадаги жиноят ишлари бўйича туманлараро суди ўз хотини Салтанат Нукеновани азоблаб, ўта шафқатсизлик билан ўлдирганликда айбланган собиқ иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаевни 24 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

Жиноятни яширганликда айбланган Бақитжан Байжанов (Бишимбаевнинг қариндоши) тўрт йилга қамалган.

Бишимбаев суддаги сўнгги сўзида айбдорлигини тан олган, бироқ хотинини қасддан ўлдиришни истамаганини айтган.

Ўша оқшом хотинимга бир лаҳза ҳам ўлим тилаганим йўқ. Мен оқибати бундай бўлишини тахмин қилмагандим. Мен айбдорман, лекин қасддан одам ўлдиришда эмас”, деган судланувчи ўзининг жавобгарликдан қочишга уринмаганини, тергов эса ижтимоий тармоқлар ва ОАВ томонидан бўлган босим таъсирига тушиб қолганини қўшимча қилган.

Ўтган йилнинг 8 ноябрь оқшомида Бишимбаев оиласига тегишли Bau ресторанида хотини билан жанжаллашиб қолган. У Салтанат Нукеновани дастлаб ҳожатхонада, кейин эса лифтдан чиқишда калтаклаган.

Шундан кейин аёл, Бишимбаевга кўра, рестораннинг VIP-хонасида диванга ётиб, ухлаб қолган. У хотинининг устига костюмини ёпиб, ёнида ётган. Эртаси куни Бишимбаев аёлни ресторанда ётган жойида ташлаб, ишлари билан чиқиб кетган. У “тез ёрдам”ни фақат 9 ноябрь оқшомида - Нукенованинг юзи ва бадани муздай бўлиб қолганини ҳис этганидан кейингина чақирган.

Мақтуланинг баданида кўплаб яра-чақа ва қонталаш излар топилган. Суд экспертизаси

Салтанат Нукенова “ёпиқ бош-мия жароҳати”дан ўлганини кўрсатган. Аёлнинг бўйнида бўғилиш аломатлари топилган. Ўлимидан аввалги соатларда, медэкспертга кўра, Нукенова жон талвасаси чеккан. У Бишимбаев “тез ёрдам” чақиришга қарор қилганидан анча олдин, азобланиб-бўғилиб ўлган.

Қуандиқ Бишимбаев аёлнинг ўлимидан кейиноқ қўлга олинган. Иш бўйича суд жараёни 2024 йилнинг 11 мартида бошланган эди.

Собиқ иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаев 2018 йилнинг март ойида коррупцияда айбланиб, 10 йилга қамалган эди. У Қизилўрда шаҳрида шиша заводини қуриш учун ажратилган миллиард тенгени ўзлаштиришда ҳамда қурувчилардан пора олишда айбланган. У 2019 йил октябрь ойида шартли равишда озодликка чиқарилган эди.

43 ёшли Қуандиқ Бишимбаев Назарбоев даврида юқори лавозимларда ишлаган. У ўз фаолиятини Нурсултон Назарбоевнинг ёрдамчиси сифатида бошлаган.

Литвада президент сайлови ва референдум бўлиб ўтди

Вильнюсдаги сайлов участкаларидан бири, 2024 йил 12 майи
Вильнюсдаги сайлов участкаларидан бири, 2024 йил 12 майи

Литвада 12 май куни президент сайлови ва икки фуқароликни машруълаштиришга оид референдум ўтказилди. Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, президент сайлови ғолиби иккинчи босқичда аниқланади.

Овоз беришда давомат 59,37 фоизни ташкил қилган. Президент сайловининг биринчи босқичида 8 нафар номзод иштирок этган. Амалдаги президент Гитанас Науседа, сўнгги маълумотларга кўра, 44 фоиздан кўпроқ, бош вазир Ингрида Шимоните эса 20 фоизга яқин овоз олган. Бу икки номзод икки ҳафтадан кейин бўлиб ўтадиган иккинчи босқичда ўзаро беллашишади.

Науседа ва Шимоните 2019 йилдаги президент сайловида ҳам иккинчи босқичга чиқишган эди. Ўшанда Науседа биринчи босқичда 31 фоиз, Шимоните эса 31,15 фоиз овоз жамғарган. Иккинчи босқичда Науседа 66 фоиз овоз билан сайлов ғолибига айланган эди.

Бу галги овоз беришнинг дастлабки натижалари юзасидан изоҳ берган Науседа ҳозирда ўтган сафарги сайловдан кўра яхшироқ позицияда эканини билдирган.

Ҳа, мен биринчи босқичдаёқ ғалаба қозонишни истардим. Бироқ, афтидан, иккинчи босқич бўладиганга ўхшайди. Мен иккинчи босқичда ғалаба учун астойдил курашаман ва ўйлайманки, буни уддалайман”, деган у.

Ўз навбатида, Шимоните: “Бу босқичда менинг асосий вазифам иккинчи босқичга чиқиш эди. Мен бу мақсадга эришдим, деб ҳисоблайман”, дея қайд этган.

Номзодларнинг иккаласи ҳам Россияга қарши урушда Украинанинг ҳар томонлама дастакланиши ва НАТОнинг мустаҳкамланиши тарафдори.

Президент сайлови билан бир вақтда Литвада икки фуқароликни машруълаштириш тўғрисидаги референдум ҳам бўлиб ўтган. Унда фуқаролар мамлакат Конституциясининг “ҳеч ким бир вақтнинг ўзида ҳам Литва Республикаси, ҳам бошқа давлат фуқароси бўлиши мумкин эмас”лиги кўзда тутилган 12-моддасини ўзгартириб-ўзгартирмаслик ҳақида ўз қарорларини билдиришлари лозим эди. Тузатиш бу қоидани бекор қилади. Бу бошқа мамлакат паспортини олган литваликларга ўз фуқаролигини сақлаб қолиш имконини беради.

Бу борада беш йил аввал ҳам референдум ўтказилган, бироқ ўшанда етарли овоз йиғилмагани учун тузатишлар қабул қилинган эмас.

Литва Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, бу галги референдум натижалари ҳам 12-моддага ўзгартиш киритиш имконини бермайди. Гарчи овоз берганларнинг қарийб 74 фоизи (1 миллионн 11 минг 14 нафар сайловчи) ўзгартишни ёқлаб овоз берган бўлса-да, бу Конституцияга ўзгартиш киритиш учун етарли эмас. Асосий қонунга ўзгартиш киритиш учун сайлов рўйхатидаги умумий сайловчилардан камида ярми (1 миллион 192 минг 617 овоз) буни ёқлаши лозим эди.

Путин Шойгуни мудофаа вазири лавозимидан бўшатди

Владимир Путин амалдаги мудофаа вазири Сергей Шойгу ўрнига бошқа номзодни таклиф қилди. Бу лавозимни бош вазирнинг собиқ биринчи ўринбосари Андрей Белоусов эгаллайди. Шойгу эса Николай Патрушев ўрнига Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимига тайинланади. Бундан ташқари, Шойгу ҳарбий-саноат мажмуаси комиссиясида Путинга ўринбосар бўлади.

Россияда куч ишлатар тизимлар раҳбарлари ва ташқи ишлар вазири номзодларини бош вазир эмас, балки президент таклиф қилади, бу номзодларни тасдиқлаш ваколати ҳам Давлат думасида эмас, балки Федерация кенгашидадир.

Шойгу президент томонидан аввалги лавозимига қайта тайинлашга таклиф қилинмаган ягона вазир бўлиб, у 2012 йилдан буён бу вазифада ишлаб келаётган эди.

Шойгу замонавий Россия тарихида ҳукуматда иккинчи марта вазирлик лавозимини эгалламайди. У 1991 йилдан буён вазир бўлиб ишлаб келаётган, аммо 2012 йилда олти ойча Москва вилоятига губернаторлик қилган эди.

Шойгу Путиннинг яқини бўлиб ҳисобланади, улар бирга табиат қўйнида ҳордиқ чиқаришар ва ов қилишар эди. У “Единая Россия” партияси асосчиларидан бири бўлиб, бу партия Путиннинг илк икки муддат президентлик даврида парламентдаги асосий путинпараст куч бўлган. Бироқ Шойгу Россиянинг Украинага босқини чоғида мамлакатнинг ҳарбий муваффақиятсизликлари учун ҳукуматпараст фаоллар ва блогерларнинг кескин танқидига нишон бўлган.

65 ёшли Белоусов Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган эди. Бош вазир Михаил Мишустин унинг номзодини Давлат думасига янги лавозимга тайинлашга таклиф қилмаган.

Белоусов ҳукуматда иқтисодий блок куратори ўлароқ кўриларди. Бизнес ҳақида ёзадиган нашрлар унинг иқтисодий вазирликлар ва Марказий банк билан зиддиятлари ҳақида ёзишган: иддаоларга кўра, у давлатнинг иқтисодиётда кўпроқ иштирок этиши зарурлигини ҳимоя қилиб келган.

2021 йилга келиб Россия иқтисодиётида давлат иштироки, расмий маълумотларга кўра, 55 фоиздан кўпроқни ташкил қилган, бу кўрсаткич Украинадаги уруш манзарасида ошган. The Bell нашри уни Путин командасидаги “Россия атрофи душманлар билан ўраб олинганига ишонадиган” ягона иқтисодчи, деб атаган. 2014 йилда у Қрим аннексиясини қўллаб чиққан.

Белоусовнинг армияда хизмат қилмагани маълум. Путин матбуот котиби Дмитрий Песков иқтисодчининг мудофаа вазири лавозимига тайинланишига изоҳ бера туриб, “жанг майдонида инновациялар учун кўпроқ очиқ бўлган киши ғалаба қозонади”, (ТАСС иқтибоси) дея билдирган.

У вазирликда “масаланинг ҳарбий жиҳати” билан Бош штаб шуғулланиши, унинг бошлиғи Валерий Герасимов эса ўз лавозимида қолаётганини қайд этган. Патрушевнинг қайси лавозимга тайинланганини Песков кейинроқ эълон қилинишини маълум қилган.

Янги ҳукумат таркиби шакллантирилишидан аввалроқ Шойгунинг ўринбосари Тимур Иванов ҳибсга олинган, у миллиард рубль миқдорида пора олганликда айбланмоқда.

Путин Федерация кенгашига Сергей Лавровни ташқи ишлар вазири лавозимида қолдиришни таклиф қилган. ИИВ раҳбари Владимир Колокольцев, ФВВ раҳбари Александр Куренков, Адлия вазири Константин Чуйченко, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) раҳбари Александр Бортников, Федерал қўриқчилик хизмати (ФСО) раҳбари Дмитрий Кочнев, Ташқи разведка хизмати (СВР) раҳбари Сергей Наришкин ва Росгвардия раҳбари Виктор Золотовлар ҳам ўз мансабларида қолиши кутилмоқда. Президент маъмурияти назорат бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Борис Ковальчук Ҳисоб палатасига раҳбар этиб тайинланади. У Путиннинг дўсти Юрий Ковальчукнинг ўғлидир.

Давлат думаси Мишустинни бош вазир лавозимига қайта тасдиқлади

Россия бош вазири лавозимига қайта тайинланган Михаил Мишустин (архив сурати)
Россия бош вазири лавозимига қайта тайинланган Михаил Мишустин (архив сурати)

Россия Давлат думаси депутатлари 10 май кунги ялпи мажлисда Михаил Мишустин номзодини ҳукумат раиси лавозимига тасдиқлашган. Унинг номзоди президент Владимир Путин томонидан киритилган эди.

Мишустинни парламентдаги бешта фракциядан тўрттаси дастаклаган, натижада у 375 та овоз олган. Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан (КПРФ) бўлган 57 нафар депутат эса овоз беришдан тийилган.

Россияда ҳукумат Путин бешинчи марта президент ўлароқ лавозимга киришгани ортидан истеъфога кетган эди. Маҳаллий нашрларнинг Россиядаги ички сиёсатни яқиндан билган манбалари Мишустин бош вазирликка қайта тайинланишига шубҳа қилишмаётган эди.

Хабарларга кўра, янги ҳукумат таркибига эски вазирлардан айримлари кирмаслиги мумкин. Хусусан, РБК нашри манбалари иддаосича, энергетика вазири Николай Шульгинов лавозимини тарк этади. Нашр унинг ўрнига Кемерово вилояти губернатори Сергей Цивилёв келиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда. Цивилёв Путиннинг жиянларидан бири - Аннанинг эридир.

“Ведомости” нашри манбалари қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилаётганини билдиришган. У Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг ўғлидир.

Куч ишлатар блок ва Ташқи ишлар вазирлигига президент томонидан кўрсатилган номзодлар тайинланади. Ҳукумат янги таркиби шакллантирилгунидан аввалроқ мудофаа вазири Сергей Шойгунинг ўринбосари Тимур Иванов ҳибсга олинган эди, у миллиард рубль миқдорида пора олганликда айбланмоқда.

Россиялик экспертлардан бир гуруҳи бу ҳодиса ва Россия армиясининг ҳарбий муваффақиятсизликлари 1991 йилдан буён турли вазирликларга раҳбарлик қилган Сергей Шойгунинг ҳам истеъфосига сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Бош вазир номзоди бўйича овоз бериш жараёни якунлангач, Михаил Мишустин вазирлар ва бош вазир ўринбосарлари номзодларини кўриб чиқиш яқин кунларда бўлиб ўтишини билдирди, дея қайд этган “Коммерсантъ” нашри

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG