Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:39

Раҳбарлар журналистлардан қўрқади…ми?


Шайбон Мустақил кузатувчиларнинг аксарияти ўтаётган йилда Ўзбекистондаги вазирлик, қўмита, компания, идора ва ташкилотлар раҳбарлари журналистлар билан фаол мулоқот қилишдан ўзини олиб қочганини таъкидламоқда.

Кузатувчи Алимардон Аннаевнинг фикрича, матбуот анжуманига келса давлат идоралари раҳбарларининг айблари очилиб қолиши мумкин. Яъни уларда ўзлари бошчилик қилаётган идоралар халқ манфаатлари йўлида бажарган ишларини тасдиқловчи аниқ далиллар йўқ.

Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий радио ва ахборот агентликлари мухбирлари ҳам А.Аннаевнинг фикрига қўшилди. Уларнинг таъкидлашича, жорий йилда, айниқса, Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита, Давлат солиқ қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура раҳбарияти билан мулоқотга эҳтиёж туғилган. Бироқ бунинг иложи бўлмаган.

Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита матбуот котиби Раззоқ Шоймардоновнинг билдиришича, жорий йилда қўмитанинг матбуот маркази қайта ташкил этилгани сабабли журналистлар билан доимий мулоқот қилишнинг имкони бўлмаган. 2004 йилда ОАВ вакиллари билан йирик учрашувлар ўтказиш ниятимиз бор, деди у.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган Давлат солиқ қўмитаси, ИИВ, Бош прокуратура матбуот хизматлари ходимлари ўз ташкилотлари ОАВ билан доимий алоқада эканини таъкидлади. Хусусан, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова прокуратура олиб бораётган фаолият матбуотда мунтазам ёритиб борилаётганини маълум қилди.

А.Аннаев мазкур идоралар раҳбарлари ҳақиқатан ҳам танланган ва оз сонли журналистлар билан учрашиб туришини, лекин бу учрашувларни матбуот анжумани деб бўлмаслигини баён қилди. Бу мулоқотларда, деди у, журналистларга нима ҳақида ёзиш, идоралар фаолиятларининг қайси жиҳатларини кўрсатиш каби кўрсатмалар берилади, холос.


Журналистлар, шунингдек, матбуот анжуманларида ўз касбий фаолиятини амалга ошириш учун шароит яратилмаганидан нолийди. “Озодлик” радиоси Тошкент бюроси директори Раҳматжон Қўлдошев ҳатто Олий Мажлис биносида ҳам овоз ёзиб олиш борасида муаммолар мавжудлигини таъкидлайди. У Олий Мажлиснинг яқинда бўлиб ўтган 13-сессиясида ўзи учун ўтириб, ёзиб олишга жой қолмагани айтиб: “Мен ўзим учун эмас, балки “Озодлик” радиосини эшитадиган юз минглаб тингловчиларга етказиш учун ҳам ёзиб олишим зарур эди. Агар журналистлар ишлаши учун парламентда шароит бўлмаса, нега бизни чақиришади”, деди.
XS
SM
MD
LG