Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:39

Муслима аёллар амнистияга ишончсизлик билан қарамоқда


Зикрилло Ишонч “Озодлик” мухбири диний эътиқоди учун қамалганларнинг яқинларидан Ўзбекистон Президентининг яқинда эълон қилинган амнистия тўғрисидаги фармонига муносабат билдиришни сўради.

“Ҳизб ут-таҳрир” диний-сиёсий оқимига мансубликда айбланиб, қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган маҳбуслар яқинларининг бу қарор юзасидаги фикри бир-бирига жуда яқин бўлиб чиқди.

- Учта ўғлим шундай айблар билан қамоққа тиқилган,- дейди дастлабки суҳбатдош. - Катта ўғлим Элмурод 18 йилга, Тоҳир 13 йил, кичиги Барот 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. Амнистияни жуда кутган эдик. Лекин ўғилларимнинг бирортаси ҳам бу авфга тушмаслиги маълум бўлди.

Фарзанди 14 йилга қамалган бошқа муслима аёл Президент амнистияларидан умиди қолмаганини гапирди. Унинг таъкидлашича, аввалги йиллардаги амнистияларда ҳам 10 йилгача муддатга қамалганлар, шунингдек, қариялар, аёллар, хорижий фуқаролар озодликка чиқиши белгиланган. 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилганларнинг жазо муддати қисқартирилиши айтилган. Лекин диний-сиёсий оқимларга мансубликда айбланганлар эркинликка ҳам чиқмайди, жазо муддати ҳам қисқартирилмайди, дейди аёл.

Аёлнинг билдиришича, бу тоифадаги маҳбусларга амнистиянинг бирор фойдаси йўқ. Чунки уларнинг ички тартибни бузганлиги тўғрисида ойига камида 3-4 та тўқима айблов маълумотномаси ёзилади. Шу сабабли бу маҳбуслар амнистия тўғридаги фармоннинг бирорта бандига тушмайди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, муслима аёл Мўътабар Аҳмедованинг таъкидлашича, диндор йигитларга амнистия қўлланилиши керак эмас.

“Амнистия маҳбуснинг қилган гуноҳини кечириш демакдир. Лекин диний эътиқоди учун қамалганларнинг ҳеч қандай жиноятга алоқаси йўқ. Улар умуман оқланиб чиқиб кетиши лозим”, дейди у.

Яна бир аёлнинг сўзларига қараганда, амнистия туфайли озодликка чиққани айтилаётган диндор кишилар фақат жамоатчиликка кўрсатиш учун қамоқдан бўшатилган, холос.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, адвокат Суръат Икромов 2002 йилда шу каби амнистия туфайли диний-сиёсий айблар билан қамалган маҳбуслардан қарийб минг нафари озод қилинганини маълум қилди. Бу йил ҳам 1200 га яқин шундай маҳбус озод қилинса керак, деди адвокат.

Жазони ижро этиш бош бошқармаси штаби бошлиғи Михаил Гуревич ҳам диний оқимларга алоқадорликда айбланиб қамалган 960 маҳбус ўтган йили амнистия асосида эркинликка чиққанини билдирди.
XS
SM
MD
LG