Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:55

Британия ракетаси Марсга қўнади


Фарангис Саид Диаметри бир метрдан қисқароқ ва умумий вазни 70 килограммдан камроқ бўлган капсуласимон ракета соатига 19 минг километр тезликда Марсга қараб учишда давом этмоқда. Режага кўра, пайшанба эрта тонгда ракетанинг Марс юзига қўниши керак.

Европа Фазо Агентлиги билан ҳамкорликда Марс бўйича тадқиқотларни олиб бораётган британиялик мутахассислар ракетага “Бигл-2” номини бердилар. Ўз вақтида табиатшунос Чарлз Дарвин айни шу номли кемада сузган экан.

“Бигл-2”ни очиқ космосга “Марс Экспресс”, деб номланган ракета олиб чиқди ва олти ой давомида Марс томон учди. 400 миллион километр йўл босганидан сўнг 19 декабр куни “Бигл-2” асосий ракетадан ажралиб, парвозни мустақил давом эттирди.

Британия Миллий Фазо Маркази директори Колин Ҳикснинг Озодлик радиосига маълум қилишича, бундан бир мунча вақт олдин “Бигл-2” билан алоқа узилган. Ҳозирда ракетадан ҳеч қандай сигнал олинмаяпти. Аммо Фазо Маркази мутахассислари унинг Марсга муваффақиятли қўниши, сўнг батареяларини қуёш нурларидан олинадиган энергия билан тўлдириб, Ерга сигнал юбориши ва бу билан миссия муваффақиятли бажарилганини маълум қилишига умид қилмоқдалар.

Қизиғи шундаки, Фазо Маркази мутахассислари “Бигл-2” ракетасининг Ерга юборажак сигнали сифатида Британиянинг “Блёр” рок гуруҳи мусиқасини ёзиб олганлар. Колин Ҳикс бу ҳақда шундай дейди:

- Биз Марс юзидан оладиганимиз сигнал Британиянинг Блёр гуруҳи мусиқаси бўлиб, у АҚШнинг НАСА Космик агентлиги бошқарадиган “Марс Оддисей” номли станция орқали қабул қилиниши керак.

Ҳикснинг маълум қилишича, “Бигл-2” ракетасида телевизион камералар, микроскоп, тупроқ намунасини олиш учун ускуна бор. Ракета, шунингдек, микроскопик ҳаёт белгиси бўлмиш метан газининг бор-йўқлигини аниқловчи мини-лаборатория билан жиҳозланган.

Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда Британия Миллий Фазо Маркази директори Колин Ҳикс лойиҳа матбуотда кенг ёритилаётганини қувониб гапиради:

- Британиялик ҳар бир одам ракетамиздан фаҳрланади. Унинг қарийб 90 фоизи Британияда ишлаб чиқилган. Қолган қисми Европанинг бошқа мамлакатларидан келтирилган. Албатта, агар “Бигл-2”ни фазога олиб чиққан “Марс Экспресс” ракетаси бўлмаганида, биз Марсга ета олмас эдик.

Британияда чиқадиган “Спейслайт” журнали муҳаррири Клайв Симпсоннинг айтишича, “Бигл-2” Марс юзидан тупроқ намунасини олаётган вақтда, “Марс Экспресс” сайёра харитасини тузади. Шу билан бирга “Марс Экспресс” Марсда мавжудлиги тахмин қилинаётган сув ёки музни ҳам топишга ҳаракат қилади.

Режага кўра, Марс юзида ишлаётган “Бигл-2”га январ ойида АҚШнинг икки сайёҳ роботи – “Спирит” ва “Оппортунити” ракеталари ҳам қўшилади.

Ҳикс ҳам, Симпсон ҳам лойиҳа муваффақиятли бўлишига умид қилмоқдалар. Яқинда Япониянинг Марс йўлдошларидан намуна олишга қаратилган уринишининг мағлубиятга учрагани бу сайёрага оид тадқиқотларни олиб бориш нақадар қийинлигини яна бир бор намойиш қилди. Маълумотларга кўра, шу кунгача Марсга ҳаммаси бўлиб 32 миссия юборилган ва уларнинг бор-йўғи тўққизтаси муввафақият билан якунланган.

Британиянинг “Спейслайт” журнали муҳаррири Клайв Симпсоннинг билдиришича, “Бигл-2” миссияси муваффақиятли бўлиб, тадқиқот натижасида Марсда микроскопик ҳаёт борлиги аниқланса, келаси 15 йил ичида Марсга одам учиши мумкин. Бутун дунё, айниқса британияликлар “Бигл-2”нинг Марсга қўнишини кутар эканлар, Симпсон оптимизга тўла кўринади:

- Британия Қўёш тизимидаги сайёрага ўз ракетасини қўндирган учинчи давлат бўлиши мумкинлигидан фаҳрланамиз. Биз буни нишонлашни бошлаб юбордик, - дейди британиялик Клайв Симпсон.
XS
SM
MD
LG