Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:53

ЯНГИ ҚОНУН ЁРДАМ БЕРАДИМИ?


Сарвар УСМОН. Қирғизистон парламенти - Жогорку Кенеш куни кеча "Давлат тили тўғрисида"ги янги қонун лойиҳасини муҳокама қила бошлади. Хўш, нима учун Қирғизистон давлат тили тўғрисидаги қонунини янгилаяпти? Бунга қандай зарурат бор эди? Янги қонунда қандай меъёрлар белгиланган?

Аввало, Қирғизистоннинг давлат тили тўғрисидаги қонуни бор эдику, яна янгисини қабул қилишнинг нима ҳожати бор, деган табиий саволга жавоб топайлик.

Қирғиз журналисти Эсенбай Нурушев янги қонунни қабул қилиш зарурати республикада рус тилига расмий тил мақоми берилганидан сўнг пайдо бўлди дейди:

- Расмий тил сифатида рус тилининг мавқеи ортиб кетди ва у давлат тили вазифасини бажара бошлади, давлат тили тўғрисидаги қонунга амал қилмай қўйилди.

"Давлат тили тўғрисида"ги янги қонуннинг лойиҳасини Давлат тили бўйича комиссия мамлакат Президенти ташаббуси билан 2000 йили тайёрлаган эди. Ўшандан буён лойиҳа муҳокамаси турли сабабларга кўра кечиктириб келинаётган, парламентнинг қуйи палатаси унинг биринчи ўқишини ўтказган эди. 23 декабр куни эса, қонун лойиҳасининг иккинчи ўқиши бошланди.

Хўш, янги қонун лойиҳасида қандай меъёрлар кўзда тутилган? Афсуски, қонун лойиҳаси матни қўлимизда йўқ. Шунинг учун унинг мазмуни тўғрисида турли манбалардан олинган маълумотлар билан чекланамиз.

"Вечерний Бишкек" газетаси маълумотларига қараганда, янги қонун лойиҳасида давлат тили - қирғиз тилини республиканинг ҳар бир фуқароси миллатидан қатъи-назар ўрганиши лозим, деб белгиланган. Бироқ, парламент мажлисини бевосита кузатган Озодлик мухбирининг хабарига қараганда, лойиҳада қирғиз тилини билиш қирғизларнинг ўзлари учунгина мажбурий деб ёзилган ва бу меъёр депутатларнинг баҳсу мунозараларига сабаб бўлган.

Депутат Азимбек Бекназаров масаланинг бундай қўйилишига қарши эканлигини билдирган.

- Давлат тилини билиш қирғизларнинг ўзлари учунгина мажбурий, бошқа миллатлар вакиллари учун мажбурий эмас, дейиладиган қонун қабул қилинишига мен қаршиман, - дейди Азимбек Бекназаров.

Қонун лойиҳасининг айнан мана шу меъёри устида депутатлар ўртасида қизғин баҳс-мунозаралар давом этмоқда.

Агар қонун лойиҳаси ўзгаришсиз қабул қилинадиган бўлса, бундан буён Қирғизистонда қирғиз тили миллатлараро алоқа тили деб белгилаб қўйилади. Кўпроқ рус тилидан фойдаланувчи депутатлар бу меъёрга қарши эканликларини билдирдилар. Республиканинг рус тилидан камроқ фойдаланиладиган жанубий минтақасидан сайланган депутат Ўмурбек Текебаев эса, мана бундай фикрни билдирди:

- Мен жанубда (Ўш, Жалолобод, Боткен вилоятлари-C.У.) ўтказадиган каттароқ йиғилишларда ўзбек ҳам, тожик ҳам, қирғиз ҳам ўтиради. Йиғилишни эса битта тилда олиб бориш керак. Ўшандай пайтда нима учун мен русча гапиришим керак? - дейди депутат Ўмурбек Текебаев.

Тил тўғрисидаги янги қонун лойиҳасига кўра, агар у қабул қилинса, 2004 йилдан бошлаб қирғизлар ўз фамилияларидаги русча "ов", "ев" қўшимчаларидан воз кечишлари мумкин. Русча қўшимчалар ўрнига қирғизча "тегин" қўшимчасидан фойдаланилади. Масалан, Текебаев деган фамилия Текебайтегинга айланади.

2005 йилдан бошлаб эса, давлат идораларида иш юритиш ёппасига қирғиз тилига кўчирилади.

Давлат тили тўғрисидаги янги қонун лойиҳасини нафақат Қирғизистон парламенти аъзолари, балки республиканинг илмий ва ижодий жамоатчилиги кенг муҳокама қилмоқда. Қонун қабул қилингач, бу масалага, албатта, яна қайтамиз.
XS
SM
MD
LG