Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:02

ЁН ҚЎШНИ - ЖОН ҚЎШНИ


Сарвар УСМОН. Минтақадаги икки давлат - Қозоғистон билан Қирғизистон 25 декабрдан бошлаб иттифоқчиларга айланди. Ҳар ҳолда, Қирғизистон президенти Асқар Ақаевнинг шу куни Остонага қилган сафари пайтида икки давлат раҳбарлари ўртасида имзоланган ҳужжатлардан бири "Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида"ги битимдир.

25 декабр куни Қирғизистон Президенти Асқар Ақаев билан Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевлар ўртасида сўзлашувлар бўлиб ўтди. Музокаралар икки томон ўртасида бир қатор ҳужжатларни имзолаш билан якунланди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти матбуот хизмати вакили Лаззат Танисбай мана бу маълумотни берди:

- Имзоланган биринчи ҳужжат икки республика ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги битимдир. Бу битим доирасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш режаси ҳам қабул қилинди. Бундан ташқари халқаро автомобил қатнови тўғрисидаги, давлат чегарасини кесиб ўтиш тартиби тўғрисидаги, Қозоғистоннинг Жаҳон Савдо ташкилотига кириши тўғрисидаги, ҳамда Қозоғистоннинг Қирғизистондаги мулкини тан олиш тўғрисидаги шартнома, келишув ва баённомалар имзоланди, - деб маълумот берди Қозоғистон Президенти матбуот хизмати вакили.

Учрашувдан кейин уюштирилган матбуот анжуманида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев имзоланган ҳужжатлар тўғрисида гапирар экан, "биз жуда муҳим ҳужжатларни имзоладик, бундан буёғига икки мамлакат халқлари ўртасида иқтисодиёт соҳасида ечилмаган масала қолгани йўқ. Қирғизистоннинг илтимосига биноан Қозоғистон бир қатор масалаларни ечди", - деди.

Хўш, қандай масалалар у?

Қозоғистон Президентига кўра, бундан буён Қирғизистонга қарашли автомобиллар Қозоғистон ҳудудидан олдиндан рухсат олмасдан, ҳеч қандай тўсиқларсиз ўта олиши мумкин бўлади.

Икки Президент ўртасида имзоланган ҳужжатлар орасида энг муҳими, Президент Ақаевнинг баёнотига қараганда, иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги битимдир.

- Биз бугун асосий ҳужжат - иттифоқчилик тўғрисидаги битимни имзоладик, унда барча масалалар назарда тутилган, - деди Асқар Ақаев.

Хўш, ҳужжатнинг иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги битим деб аталиши бу икки давлат Россия ва Беларусдай иттифоқ тузаяпти, дегани эмасми?

Бу саволга жавоб берар экан, Нурсултон Назарбоев, "битим энг аввало икки мамлакатнинг мудофаа соҳасидаги иттифоқчилигидир, масалан, икки давлатдан бирига учинчи томондан ҳарбий тажовуз қилинса, унга қарши иккала мамлакат ҳарбийларини тенг қарши қўйиш билан бирга бошқа ресурсларини ҳам ишга соладилар", - деди.

Қозоғистон Президенти охир-оқибат икки мамлакат бир иттифоққа бирлашуви эҳтимолини ҳам инкор этмади.

- Агар халқларимиз ҳохиш билдирса, иккала халққа ҳам бундан фойда келадиган бўлса, бундай қадамнинг хавфсиз эканлигини, зарур эканлиги тушунсалар иттифоқ қуриш масаласини ҳам муҳокама қилиб кўриш мумкин, - деди Нурсултон Назарбоев.
XS
SM
MD
LG