Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:48

АҚШ ва Эрон ўртасидаги “зилзила”


Фарангис Саид Бамдаги зилзила халқаро ҳамжамият эътиборини ўзига тортди. Кўпгина мамлакатлар Эронга қутқарувчилар ва инсонпарварлик ёрдами юбордилар. Улар орасида АҚШ ҳам бор.

Вашингтоннинг Эронга ёрдам бериши ва Теҳроннинг ёрдамни қабул қилиши икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда кескин бурилиш нуқтасини ясаши мумкин. Айрим кузатувчилар Бамдаги ер силкинишлари дипломатиядаги “зилзила”ни келтириб чиқаргани ҳақида гапира бошладилар.

Аммо табиий офатдан бир ҳафта ўтиб, Теҳрон ва Вашингтон расмийлари инсонпарварлик ёрдами сиёсий муносабатларга таъсир қилмаслигини таъкидлашмоқда.

Озодлик радиосининг Вашингтондаги мухбири Жеффри Донованнинг хабар беришича, АҚШ Президенти Жорж Буш пайшанба куни журналистлар билан учрашуви чоғида Эронга ёрдам юборишни тўғри қадам, дея баҳолаган. Айни вақтда АҚШ раҳбари, Эрон ҳукумати мамлакатда эркинлик қарор топишига тўсиқ яратмаслиги кераклигини таъкидлаган:

- Эронда қилаётганимиз ишлардан мақсад Эрон халқига америкаликлар ҳамдард эканини намойиш қилишдир. Биз азият чекаётганларга ҳамдардлик билдирамиз. Биз инсонпарварлик ёрдамининг мамлакатга етиб бориши учун тўсиқларни бекор қилишга тайёрмиз.

“Аммо, - дея давом этди Жорж Буш, - Эрон ҳукумати эркинликка муҳтож бўлганлар овозларига қулоқ солиши, Эрон ҳибсхоналарида сақланаётган ал-Қайда аъзоларини бизга топшириши ва ядровий дастуридан воз кечиши лозим”.

Жорж Буш бундай баёнот берар экан, АҚШ Молия вазирлиги Эронга нисбатан жорий этилган молиявий санкциялар қисман ва вақтинча бекор қилинишини билдирди. Демак, келаси 90 кун давомида АҚШ фуқаролари ва нодавлат ташкилотлари Бамда фаолият олиб бораётган нодавлат гуруҳлар банк рақамларига маблағ ўтказиши мумкин бўлади.

Айни вақтда, Эрон расмийлари ҳам Вашингтон билан алоқалар яхшиланишига ишонишга асос бермайдиган баёнотлар билан чиқмоқдалар.

Хусусан, сешанба куни Президент Муҳаммад Хотамий мана бундай деди:

- АҚШ инсонпарвалик ёрдамининг икки давлатни ажратиб қўйган сиёсий масалаларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу масалаларнинг илдизи жуда чуқур бўлиб, АҚШнинг Эронга нисбатан позицияси узоқ вақт давомида жуда ёмон бўлиб келган.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги расмий муносабатлар 1979 йилда тўхтатилган эди. Ўшанда Эрон талабалари АҚШнинг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум қилиб, 52 кишини гаровга олган ва Исломий инқилоб давомида уларни 444 кун гаровда ушлаб турган.

2002 йил январ ойида Жорж Буш Эронни Ироқ ва Шимолий Корея билан биргаликда “жаҳолат ўқи” деб атаб, Теҳронда режим ўзгармагунича, Эрон раҳбарияти билан музокаралар олиб бормаслигини билдирган эди. Натижада, тарафлар ўртасидаги муносабатлар янада таранглашди.

Шундан бери, давлатлараро алоқаларни яхшилаш мақсадида қилинган уринишлар самара бермади, чунки ҳар иккала тараф бир-бирига шарт қўйишдан воз кечмади ва Вашингтон ва Теҳрон ўртасида бевосита музокаралар ўтказилмади.

Баъзи мутахассиларга кўра, шу билан бирга икки давлат расмийлари Афғонистон ва Ироқ масаласида махфий сўзлашувлар олиб борган.

Айрим кузатувчилар фикрича, икки тараф расмийларининг Бам зилзиласидан буён берган баёнотлари, матбуотда “дипломатик зилзила”, деб аталган кескин ўзгаришга асос йўқлигини намойиш қилмоқда. Аммо келаси ойларда Вашингтон ва Теҳрон муносабатларида ижобий ўзгариш бўлиши мумкин, дейишмоқда бошқа мутахассислар.
XS
SM
MD
LG