Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:15

Ертўладаги сув – пойдеворнинг ғаними


Зикрилло Ишонч Сўнгги вақтларда дунёнинг баъзи минтақаларида, хусусан, Эроннинг Бам шаҳрида юз берган ер силкиниши сейсмик ҳудудларда жойлашган турар-жойларнинг зилзилабардошлиги масаласини янада долзарблаштирди.

Сир эмаски, Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг ертўлалари қувурлар ёрилиши оқибатида йил-ўн икки ой сувга тўлиб туради.

- Биз яшаётган уй ўтган асрнинг 80-йилида қурилган,- дейди суҳбатдошлардан бири. – Шунча вақтдан буён ертўладаги қувурлар умуман алмаштирилгани йўқ. Уларнинг ёрилиши оқибатида ертўла доимо сувга тўла.

Қурувчи Анвар Гусаиновнинг сўзларига қараганда, ертўлалардаги бу аҳвол, биринчи навбатда, санитария-гигиена қоидаларига тўғри келмайди. Чунки бу ерда ин қурган ҳашоратлар, пашша-чивинлар юқумли касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, бу ердан чиқаётган ёқимсиз ҳид кишини беҳузур қилади. Иккинчидан, бу сув пойдеворнинг чўкишини келтириб чиқаради. Натижада уйларнинг зилзилабардошлигига салбий таъсир кўрсатади.

А.Гусаинов айтишича, ертўладаги сув пойдеворга шимилади. Сув таркибидаги туз цементнинг мустаҳкамлик хусусиятини йўққа чиқаради.

А.Гусаинов Тошкентдаги кўп қаватли уйлар 9 баллик зилзилага бардошли қилиб қурилганини таъкидлади. Унинг билдиришича, бу уйлар 60-70 йил давомида фойдаланишга мўлжалланган. Лекин ертўлалар сувга тўлмаслиги, демак пойдеворнинг емирилмаслиги кўзда тутилгандагина бу муддат ўзини оқлаши мумкин.
XS
SM
MD
LG