Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:04

Наманганлик зиёлилар фаоллашмоқда


Мустақил кузатувчилар ўтган 2003 йилда наманганлик зиёлилар анча фаоллашганини қайд этмоқда.

География фанлари номзоди, доцент Ғуломжон Холматов илгари бир оғиз гапни жамоатчилик орасида айтишга журъат эта олмайдиган зиёлилар ўзаро суҳбатлар ва йиғинларда ҳукумат олиб бораётган сиёсатга ҳар томонлама очиқ баҳо бера бошлаганини таъкидлади. Унинг айтишича, бугунги кунда профессор-ўқитувчилар, талабалар орасида амалдаги ҳукуматдан норозилик кучайган. Улар фикрида уйғониш кузатилмоқда.

Фалсафа фанлари доктори, профессор Маҳмуджон Ҳожимирзаев зиёлилар орасида жонланиш борлигини, бироқ бу табақа вакиллари ҳам ҳокимиятнинг зўравонлиги туфайли ўзларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини амалга оширишдан чўчиётганини эътироф этди. Унинг айтишича, мустақилликнинг 13-йили давом этаётганига қарамай, давлат раҳбарининг ўзи телевидение орқали чиқиб, халқини янги йил билан муборакбод этгани вақт топа олмайди.

Профессор 2003 йилда халқ орасида Президент ва ҳукуматга бўлган ишончсизлик кучайганини таъкидлар экан, Ислом Каримовнинг мустақилликнинг илк йилларида эълон қилинган машҳур беш тамойили тўғрисида тўхталди. Унинг сўзларига қараганда, бу тамойиллар амалга оширилмаган.

Тарих фанлари номзоди Бахтиёр Исоқов эса мавжуд муаммоларга бир кишини айбдор қилиб кўрсатиш тўғри эмас, деган фикрда. Унинг таъкидлашича, ҳозирги муаммолар собиқ иттифоқ мероси натижаси бўлиб, мамлакат бу меросдан қутула олмаётир. Халқнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олмаслиги жараёнларнинг илгари силжимаслигига сабаб бўлмоқда, деди у.
XS
SM
MD
LG