Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:27

ЧЕГАРА БИЛМАС МУХБИРЛАР ТАШКИЛОТИ ЖУРНАЛИСТЛАРГА ТАЗЙИҚЛАР КУЧАЙГАНИДАН ХАВОТИРДА


2003 йил матбуот учун "қора йил" бўлгани таъкидланади Чегара Билмас Мухбирлар Ташкилотининг йиллик ҳисоботида. Ташкилот вакилларига кўра, ўтган йилда дунё бўйлаб 42 журналист ўлдирилган, 766 журналист қамоққа олинган, қарийб бир ярим минг мухбир ҳар хил тазйиқларга учраган ва 500дан ортиқ оммавий-ахборот воситаси устидан цензура кучайган.

Агар 2003 йилга оид ҳисоботни олдинги йиллардагилари билан солиштирадиган бўлсак, ўтган йили ҳалок бўлган журналистлар сони ошгани ва уларга нисбатан тазйиқлар янада кучайгани гувоҳи бўламиз. Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳисоботига кўра, бундай холат асосан Ироқ уруши билан боғлиқ ва бу давлат ҳали ҳам журналистлар учун хавфли жой бўлиб қолмоқда.

2003 йилда қамоққа олинган журналистлар сони ҳам рекорд кўрсаткичга етган. Ҳисоботда Фидел Кастро режими остида Куба ҳали ҳам журналистлар учун катта қамоқхона бўлиб қолаётгани, 11 сентябр воқеаларидан кейин бошланган террорчиликка қарши халқаро кампания ва шу кампания доирасида айрим давлатларда амалга оширилган чора-тадбирлар журналистлар ҳуқуқларининг қўпол бузилишларига, уларнинг асоссиз қамоққа олинишларига сабаб бўлгани ҳам таъкидланади.

Журналистларни қамоққа олиш холлари ўтган йил пост-совет давлатларида ҳам кузатилган. Жумладан, Россияда бир журналист, Белорусда 3, Ўзбекистон ва Қозоғистонда икки журналист ва инсон ҳуқуқ ҳимоячилари қамоққа олинган.

Ҳисобот муаллифларидан бири, Чегара Билмас Мухбирлар ташкилотининг собиқ Совет давлатлари бўйича эксперти Каролин Жиро 2003 йил матбуот соҳасидаги вазият Марказий Осиё давлатлари, ҳусусан Ўзбекистонда аянчли бўлганини айтади. "Ўзбекистонда ўтган йил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Руслан Шарипов қамоққа ташланди. Ташкилотимиз Шариповга қўйилган айблов сохта бўлган, аслида у мамлакатда бўлаётган воқеаларни ҳаққоний ёритгани учун жазога тортилди, деб ҳисоблайди. Мазкур холат, яъни мустақил журналистнинг қамоққа ташланиши Ўзбекистонда ҳали ҳам у ердаги воқеа-ходисалар ҳақида эркин гапириш хавфли эканини кўрсатди", - дейди Жиро.

Чегара Билмас Мухбирлар Ташкилоти вакилининг айтишича, собиқ Совет давлатлари орасида журналистика хавфли касб бўлган яна бир давлат – Туркманистондир. "Туркманистон нафақат Марказий Осиё, балки бутун собиқ Совет давлатлари орасида матбуот энг ёмон аҳволда бўлган давлатдир, - дея сўзини давом эттиради Жиро. У ерда эркин матбуот тўғрисида умуман гапирмаса ҳам бўлади. Оммавий ахборот воситалари Ниёзов шахсини улуғлайдиган тарғибот машинасига айланган".

Чегара Билмас Мухбирлар ташкилотининг 2003 йилги ҳисоботида Интернетга нисбатан чекловларни қўлловчи давлатлар ҳам тилга олинади. Бу соҳада энг кучли назорат ва чекловларни Хитой ҳукумати жорий қилган. Дунё аҳолисининг қарийб бешдан бир қисми яшайдиган бу мамлакатда интернет билан фойдалангани ёки бу соҳада ишлагани учун бир неча киши қамоққа ташланган. Интернет соҳасида энг репрессив чоралар қўлловчи давлатлар рўйхатига Бирма, Шимолий Корея қатори Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам киритилган.

"Интернетга эркин кириш Ўзбекистонда кафолатланмаган ва у демократик эмас. Қолаверса, мамлакатнинг турли минтақаларида бу борада техник тўсиқлар талайгина ва аҳоли учун интернетдан фойдаланиш жуда қиммат", - дейди Каролин Жиро.

Чегара Билмас Мухбирлар ташкилоти дунё бўйлаб матбуот душманлари рўйхатини ҳам эълон қилган эди. 35 давлат раҳбари ва турли халқаро террорчи гуруҳ етакчилари номлари киритилган айни рўйхатдан Туркманистон Президенти Сапармурат Ниёзов, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевлар номлари ҳам жой олган. Каролин Жиронинг айтишича, у ишлайдиган Чегара Билмас Мухбирлар ташкилоти бу йил ҳам шундай рўйхатни эълон қилиш ниятида. "Янги рўйхатда Ўзбекистонга оид ўзгариш бўлмайди. Каримов бу йил ҳам матбуот душманлари рўйхатида қолади. Билмадим, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида вазият қандай бўлади. Лекин, шуни айтишим керакки, Марказий Осиёнинг энг эркин давлати сифатида эътироф этилаётган Қирғизистонда ҳам сўнгги пайтларда матбуот эркинлиги борасида салбий тенденция кузатиляпти. Аммо Акаев ҳам матбуот душманлари рўйхатига киритиладими ёки йўқ, ҳозирча бу номаълум", - дейди Каролин Жиро.
XS
SM
MD
LG