Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:37

Ҳоким кетди, ҳоким келди


Наманган шаҳри халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида узоқ йиллардан буён шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган Муҳаммаджон Тожибоев вазифасидан озод этилди.

Бу ҳақдаги расмий ахборотда айтилишича, вилоят бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 42 фоизи Наманган шаҳри корхоналари ҳиссасига тўғри келади. Соҳада бир йил ичида 2,3 миллиард сўм зарар кўрилган. Шаҳардаги қурилиш объектларидан 300 таси ноқонуний равишда қурилгани аниқланган. Жиноятчилик сезиларли даражада ўсган ва ҳоказо.

Маълумотларга кўра, сессияда шаҳарнинг янги ҳокими этиб Аюбхон Раҳматуллаев тайинланган. У ихтисослиги бўйича муҳандис, механик ва иқтисодчи бўлиб, 1963 йилда туғилган.

“Озодлик” мухбири оддий наманганликлар билан суҳбатда уларнинг кўпчилиги шаҳар ҳокимлигидаги бундай ўзгаришлардан бехабар эканига амин бўлди.

М.Тожибоевнинг лавозимидан бўшатилганини эшитган айрим наманганликлар Олий Мажлисга бундан бир неча йил аввал бўлиб ўтган сайлов вақтидаги воқеани эслади. Ўшанда депутатликка номзоди М.Тожибоев билан битта округдан кўрсатилган шоир Абдулла Жалил шаҳар ҳокимини ўзига пора таклиф этганликда айблаган эди. Яъни ҳоким шоирнинг ўз номзодини қайтариб олиши учун унга битта “Нексия” автомашинаси ва 1500 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф этган.

А.Жалилнинг таъкидлашича, М.Тожибоевнинг одамлари ўшанда машинани шоирнинг ўғли номига расмийлаштирган ва уйига ташлаб кетган. А.Жалил бу ҳақда тегишли органларга хабар берган ва маълумотлар расман тасдиқланган.

Бироқ бу воқеалардан сўнг М.Тожибоевга ҳеч қандай чора кўрилмаган. Аксинча, шаҳар ҳокими Олий Мажлис депутатлигига сайланган. Шоир А.Жалил эса Олий суднинг махсус қарори билан депутатликка номзодини кўрсатишдан маҳрум этилган.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, ҳокимлар ўз лавозимида турганида халқнинг унинг устидан қилган арз-шикоятлари инобатга олинмайди. Ҳоким ишдан бўшагач эса, у раҳбарлик қилган ҳудуддан хоҳлаганча хато ва камчиликлар топилади.

Фалсафа фанлари доктори, профессор Маҳмуд Ҳожимирзаевнинг фикрича, ҳокимлар юқоридан тайинланмасдан, халқ томонидан сайланмагунча бундай ҳолатлар давом этаверади. Чунки тайинланган ҳоким тайинлаган шахсгагина хизмат қилади, дейди у.
XS
SM
MD
LG