Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:42

Журналистларда журъат бор, лекин…


6-7 январь кунлари “Freedom house” ташкилотининг Намангандаги ресурс марказида Фарғона водийсида фаолият кўрсатаётган журналистлар учун ўқув машғулотлари ўтказилди.

АҚШнинг Мичиган университети профессори Эрик Фридман ўтказган машғулотларда расмий, мустақил ва хорижий ОАВ вакиллари қатнашди.

Э.Фридман матбуоти халқаро ташкилотлар томонидан тез-тез танқид қилинаётган Ўзбекистонда бундай машғулотларни ўтказиш фойдадан холи эмаслигини таъкидлади. Расмий доира вакиллари ўзбек матбуотидаги бу ҳолатни маҳаллий журналистларнинг журъатсизлиги билан изоҳлаётир. Бироқ Э.Фридман бу фикрга қўшилмаслигини билдирди.

“Мен бухоролик ва самарқандлик журналистлар билан учрашган эдим. Улар менга ўз фаолиятлари давомида кўплаб қийинчиликларга учраётгани, ҳатто айрим қалам аҳли ҳибсга олинаётгани тўғрисида сўзлаб берди. Амин бўлдимки, журналистларнинг эркин ишлашига ҳеч қандай шароит йўқ. Шунга қарамай, улар ишламоқдалар. Натижада бундай матонатли ва журъатли журналистларнинг ўзлари ва оилаларига тазйиқлар давом этмоқда”, деди профессор.

- 14 йилдан буён Ўзбекистон фуқаролари эркин бўлмаган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олиб турибди,- дейди “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган журналистлардан бири. – Журналистлар ҳамма воқеани пардоз-андоз билан кўрсатмоқда. Биз соғ жойи ҳақида мақтаниб, касалини яширадиган, даволанмасдан ўлимга маҳкум нодон инсонларга ўхшаймиз.

Журналист Аҳмаджон Мадумаров водийда бўлиб ўтган норозилик намойишлари ҳақида Интернет орқали материал бергани учун тазйиққа учраганини таъкидлади. Мени мазкур митинглар ташкилотчилигида айблаб, Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими бошлиғи ўз хонасига чақириб, бир неча соат давомида роса қистовга олди, деди у.

Журналистлар яқинда “Чегара билмас репортёрлар” ташкилотининг “Эркин матбуот кушандалари” номли ҳисоботига ҳам муносабат билдирди. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон Президенти эркин матбуот душманидир. Журналистларга бўлаётган тазйиқлар ҳам бевосита давлат раҳбарининг буйруғи билан амалга оширилмоқда, деди улар.

Машғулотларда иштирок этган расмий матбуот вакилларидан айримлари бу фикрларни рад этди. Шундай журналистлардан бирининг айтишича, Ўзбекистонда сиёсий онги юқори бўлган фуқароларнинг ҳуқуқи ҳеч қачон поймол этилмаган.
XS
SM
MD
LG