Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:00

Энциклопедия - маълумотлар улкан манбаи


Ҳакимбек Янги йил арафасида Ўзбекистон Миллий энциклопедиясининг олтинчи жилди кўп нусхада нашрдан чиқди.

“Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти директори Нурислом Тўхлиевнинг сўзларига қараганда, бу жилдга тўрт ҳарф (“М”нинг 2-ярми, “Н”, “О”, “П”нинг 1-ярми) билан бошланадиган мақолалар киритилган. Бу жилдда 3500 дан ортиқ мақола жамланган бўлиб, уларнинг тахминан учдан икки қисми матн, қолгани безак материаллардан (800 дан ортиқ рангли ва оқ-қора расм ва хариталар) иборат.

Н.Тўхлиевнинг айтишича, мазкур жилдни тайёрлашда 500 га яқин муаллиф иштирок этган. Энциклопедиядаги материалларнинг 65-70 фоизи Ўзбекистонга оид мавзуларда, қолгани умумбашарий мавзулардадир. Китобдан мустақиллик, мустамлакачилик, мухолифат, пантуркизм, панисломизм каби мураккаб мавзулардаги мақолалар ҳам жой олган.

Шунга қарамай, нашриёт директорининг таъкидлашича, мухолифат ҳақидаги мақолада шахслар тўғрисида маълумотлар берилмаган.

Маълумотларга кўра, аввалги Ўзбек совет энциклопедияси 50 минг нусхада чоп этилганди. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси эса 10 минг нусхада босилган.

Н.Тўхлиевнинг айтишича, 25 милион аҳолиси бор Ўзбекистон учун бу камлик қилади. Лекин, деди у, 2005 йилдан сўнг айни шу жилдлар лотин алифбосида ҳам нашр этилиши мўлжалланган.

Хабарларга қараганда, ўтган икки йил мобайнида энциклопедиянинг беш жилди чоп этилган. Зиёли Шокир Бадалбоевнинг фикрича, энциклопедияни чоп этишда мукаммалликдан кўра тезкорликка кўпроқ эътибор берилмоқда. Бу эса унинг сифати пасайишига сабаб бўляпти.

“Кузатишларимга кўра, Навоий ҳақидаги мақолаларда қўпол бузилишлар бор. Ўзбекистон тарихига оид материалларда эса кўп маълумотлар тушириб қолдирилган”, деди у.

Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йилги қарорига биноан нашриёт 12 жилдлик мазкур энциклопедияни 2005 йилга қадар яратиши керак.

Кузатувчилар 8-12 минг сўм атрофида баҳоланаётган бу китоб оддий ўзбекистонликлар учун қимматлик қилишини, шунинг учун аҳоли уни харид қила олмаётганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG