Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:32

Мамлакатда туб бурилиш ясаш партиялар қўлидами?


Тўлқин “Озодлик” мухбири Ўзбекистонда мавжуд рўйхатга олинган ва олинмаган сиёсий партиялар хусусида мустақил кузатувчилар ва сиёсатшунослар фикрларини ўрганди.

Сиёсий партиялар жамиятда демократия устиворлигини таъминловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Хўш, Ўзбекистондаги партиялар мамлакатда туб бурилиш ясашга қодирми?

Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳукумат томонидан рўйхатга олинган ва рўйхатга олинмасада, фаолият кўрсатаётган бир неча партия бор. Жамиятшунос Комрон Алиевнинг сўзларига қараганда, мамлакатда соғлом сиёсий жараён шаклланиши учун чинакам мухолифатда бўлган камида ўнта сиёсий партия иш олиб бориши лозим.

Бугунги кунда Ўзбекистонда бешта партия расман рўйхатга олинган. Аммо, журналист Сергей Ежковнинг таъкидлашича, уларнинг барчаси ҳукумат томонидан тузилган.

“Ҳар қандай партия рўйхатга олинмасдан туриб газета чиқара олмайди. Аммо, гувоҳи бўлдикки, Ўзбекистон либерал-демократик партияси учун бу қоида амал қилмади. Ҳукумат ўзи чиқарган қонунларни бузган ҳолда бу партияни тузди”, деди у.

С.Ежковнинг фикрича, 2003 йилда мухолифатдаги сиёсий кучларнинг жонланиши, янги сиёсий партияларнинг вужудга келишига бош сабаб Ўзбекистонда турмуш даражасининг ўта пастлиги, ҳукуматга ишончсизликнинг кучайганидир. Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига ўсиши МДҲда энг пастдир. Ҳатто бир неча йиллик урушни бошдан кечирган Тожикистонда, шунингдек, Грузияда ҳам бу кўрсаткич мамлакатимизга нисбатан анча юқори. Ўзбекистонда ўсишнинг 0,5 фоиз экани ниҳоятда аянчли, деди журналист.

Сиёсатшунос Баҳодир Мусаевнинг эътирофича, ҳозир Ўзбекистонда турғунлик, инқироз даври кечмоқда. Бу инқироздан чиқиш учун матбуот ва сўз эркинлиги таъминланиши, чин маънодаги конструктив мухолифат фаолиятига кенг йўл очиб берилиши керак.

“Менда ҳукуматимиз узоқни кўра олмайди, деган тасаввур пайдо бўлмоқда, давом этди Б.Мусаев. У кучайиб бораётган ижтимоий норозиликларни фақат маъмурий куч ишлатиш йўли билан тутиб қолмоқчи. Мамлакатда инқироз аллақачон бошланган. Ҳамма нарсани коррупция ютиб юбормоқда. Давлат институтимиз йўқликка айланиб бораётир”.

Б.Мусаевнинг фикрича, ҳукумат бундан кейин ҳам ҳокимиятни ўзида сақлаб қолишни истаса, жиддий сиёсий мухолифатга эга бўлиши ва у билан ҳамкорлик қилиши керак.

Журналист С.Ежков Ўзбекистондаги мавжуд сиёсатга мухолиф кучлар йўқ дейиш нотўғри эканини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, мухолифат бор, лекин ҳукумат томонидан тан олинмаган, холос. Бу ҳукуматга бутун халқ мухолифатда ва улар барибир сиёсий партиялар сифатида юзага чиқади. Ҳукумат эса бунга йўл қўйиб бериши керак, деди С.Ежков.

Мустақил кузатувчи Баҳодир Чиғатой халқ ҳукумат томонидан тузилган партиялар билан бирга эмас, дея фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, “чўнтак” партияларининг айримлари давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватланмоқда.
XS
SM
MD
LG