Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:41

Муаммонинг ечилмаслиги барчага зарар


Мустақил манбаларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасидаги мунозараларга сабаб бўлаётган Чордара сув омбори теграсидаги вазият ҳамон мураккаблигича қолмоқда.

Чордара сув омбори 5 миллиард 200 миллион куб метр сув сиғимига эга бўлиб, айни пайтда унда 4,5 миллиард куб метр сув тўпланган. Агар омборга келиб тушаётган сув миқдори зудлик билан камайтирилмаса, бу ерда кескин вазият юзага келиши мумкин.

Жорий йилнинг январида муаммони ҳал қилиш борасида Чимкентда бўлиб ўтган учрашувда маълум келишувларга эришилгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Уларда айтилишича, Қирғизистон Қозоғистондан ёқилғи етказиб берилиши ҳисобига Тўқтағул сув омборидан сув ташлаш ҳажмини қисқартиради. Ўзбекистон эса Чордарадан Арнасойга ташланадиган сув миқдорини кўпайтиради.

Яқинда Тошкентда мазкур масала юзасидан навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Мустақил манбаларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати Чимкент келишувини имзолашни рад этган. Арнасойдаги тўғон ортиқча сув ҳажмига чидаш бермаслиги бунга асосий сабаб бўлгани айтилмоқда.

Расмийлардан бирининг таъкидлашича, жорий йил жуда серёғин келиши кутилмоқда. Бу эса Арнасойдаги сув ҳажмининг 2 баробар ошишига олиб келиши ва вазиятнинг хавфли тус олишини келтириб чиқариши мумкин.

Мазкур муаммони кўп йиллардан буён ўрганиб келаётган Содиқ Мўминовнинг сўзларига қараганда, Тўқтағул сув омборидан Ҳайдаркўлга жуда кўп сув келиб тушиши оқибатида ўтган асрнинг 90-йиллари охирига келиб кўлга туташ Арнасой ва Зафаробод туманлари ҳудудининг катта қисми сув остида қолган. Бундан ташқари, Ҳайдаркўл ва Арнасой кўллари бирлашиб кетган. Агар Арнасойга яна сув ташланса, бу иқлимга ҳам таъсир кўрсатиши, унумдор ерларнинг сув остида қолишига олиб келиши мумкин. Бу эса Ўзбекистон манфаатларига тўғри келмайди.

Мутахассисларнинг эътирофича, собиқ иттифоқ даврида Марказий Осиёдаги сув иншоотлари марказлашган ҳолда бошқарилгани боис жиддий муаммоларга дуч келинмаган. Бироқ минтақадаги давлатлар мустақилликка эришгач, сув сарфини назорат қилиш издан чиққан. Бу муаммолар, асосан, Қирғизистоннинг деярли 20 миллиард куб метр сув сиғимига эга бўлган Тўқтағул сув омборидан гидроэнергетик иншоот сифатида фойдалана бошлангани оқибатида келиб чиқмоқда.

Хуллас, мутахассисларнинг кўпчилиги Чордара бўйича келишувнинг Ўзбекистон томонидан имзоланмаганига жиддий асослар борлигини таъкидламоқда. Бироқ, уларнинг фикрича, муаммонинг ечилмаслиги минтақа давлатларининг барчаси учун зарарли оқибатларга олиб келади.
XS
SM
MD
LG