Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:17

IWPR аккредитациядан ўтказилмади


Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) аккредитациясини узайтиришни рад этган.

Институтнинг Ўзбекистондаги бўлими раҳбари Галима Бухорбоеванинг таъкидлашича, вазирлик мазкур ташкилот журналистик фаолият билан шуғулланмайди, деб ҳисобламоқда.

IWPR Европанинг ўтиш даврини бошдан кечираётган мамлакатларидаги оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1991 йилда ташкил этилган. Институт шу мақсадни кўзловчи ягона нодавлат, ноҳукумат ташкилот ҳисобланади. Бугунги кунда кўплаб мамлакатларда унинг минтақий бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ходимлари, асосан, журналистлардан иборат.

IWPRнинг Ўзбекистондаги бўлими 2001 йилда Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган. Бироқ бугунги кунда вазирлик институтнинг аккредитациясини узайтиришни хоҳламаётир.

Вазирлик матбуот котиби Илҳом Зокировнинг айтишича, ташқи сиёсат маҳкамасига топширилган ҳужжатларга кўра, IWPR ОАВ эмас, балки хайрия жамғармасидир. Шунинг учун вазирлик унинг ОАВ сифатида аккредитациясини узайтира олмайди. Бироқ институт нодавлат ташкилот сифатида Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиши мумкин.

Г.Бухорбоеванинг сўзларига қараганда, институт аккредитацияни узайтиришини сўраб бир йилдан буён мурожаат қилиб келади. Аввалига бу мурожаатлар турли баҳоналар билан рад этилган. Энди эса IWPR ОАВ эмаслиги рўкач қилиниб, аккредитация муддати узайтирилмаётир. Гап шундаки, институт айнан журналистик ташкилот ҳисобланади ва асосий вазифаси ОАВни қўллаб-қувватлашдир, деди у.

Г.Бухорбоева IWPRнинг бошқа минтақалардаги бўлимлари (Туркманистондан ташқари) айнан ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказилганини маълум қилди.

“Эндиликда, деди Г.Бухорбоева, Ўзбекистон ҳам бу масалада Туркманистон қаторига қўшилди. Шундай бўлса-да, биз хорижий нодавлат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтишга рози бўлдик. Бироқ Ташқи ишлар вазирлиги бунга ҳам рад жавобини берди”.

Айни пайтда IWPR хорижий нодавлат ташкилот сифатида Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтишга уринмоқда.
XS
SM
MD
LG