Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:49

Фармон бор, ижро йўқ


Турсун Бек Ўзбекистон Республикаси Президентининг болалар спортини ривожлантириш тўғрисидаги фармони эълон қилинганига бир йилдан ошиқ вақт ўтган бўлса-да, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида унинг ижроси оқсамоқда.

Оқолтин тумани Собир Раҳимов номидаги ўрта мактабда 250 ўқувчи таҳсил олади. Қишда бу мактабда жисмоний тарбия дарси деярли ўтказилмайди. Мактаб яқин йиллар ичида таъмирланмаган ҳам.

Ўқувчиларнинг айтишича, ёзда жисмоний тарбия дарсида фақат футбол ўйналади. Қишда эса болалар синфхонада шахмат-шашка ўйнаш билан банд бўлади.

Мактаб директори Абдулла Умаровнинг сўзларига қараганда, мактаб 2003 йил ҳисобидан бирорта ҳам спорт инвентари олмаган.

Туман марказидаги Ғафур Ғулом номидаги мактаб спорт зали эса авария ҳолатидадир. Шу боис ўқувчилар бу ерда машғулотлар ўтказмайди.

Мактаб директори Каниза Худашеванинг таъкидлашича, ўтган йили спорт залини таъмирлаш учун 14 миллион сўм ажратилган. Бироқ залнинг усти очилиб, таъмирлаш бошланай деганда, ажратилган пул бошқа мақсадлар учун сарфланган ва иш шу ҳолида тўхтаган.

Маълумотларга қараганда, Жиззах вилоятининг Дўстлик ва Фориш туманларида ўтган асрнинг 60-йилларидан қолган парта ва стол-стуллар билан жиҳозланган мактаблар талайгина. Бу мактабларда спортни ривожлантириш мумкинлигига маҳаллий раҳбарларнинг ўзлари ҳам ишонмаса керак.
XS
SM
MD
LG