Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:54

Гап ва ишда мутаносиблик бўлмагач…


Фирдавс Расмий маълумотларга қараганда, Қашқадарё вилоятида 21 та спорт мактаби фаолият кўрсатади. Уларда спортнинг 19 тури билан шуғулланиш мумкин.

Мазкур спорт мактабларининг аксарияти Қарши шаҳрида ва туман марказларида жойлашган. Қишлоқларда яшовчи минглаб йигит-қизларнинг эса спорт билан шуғулланиш имконияти йўқ.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Қашқадарё вилояти бўлими раиси ўринбосари Баҳодир Муҳаммадиевнинг сўзларига қараганда, ўтган йили вилоятда болалар спорти учун учта иншоотни қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бироқ қурилиш кечиккан. Шунга қарамай, уларни бир-икки ой ичида фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Б.Муҳаммадиев 2003 йилда бирорта мактабга спорт жиҳозлари берилмаганини маълум қилди. Мактаблар халқ таълими бошқармаси тасарруфида бўлгани сабабли жамғарма бунга маблағ ажратмас экан.

Маълумотларга кўра, Қашқадарёда спортнинг 19 тури бўйича машғулотлар ўтказилсада, бир неча йиллардан буён ўтказиб келинаётган “Баркамол авлод”, “Умид ниҳоллари” спорт ўйинларида вилоят ёшлари мақтовга арзигулик натижаларга эришмаган. Баъзи спорт турларини ривожлантириш учун мутахассис ҳам, шароит ҳам йўқ. Вилоятда бадиий гимнастика, сув спорти каби бир неча спорт тури бўйича сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланмайди.

Вилоят болалар ва ўсмирлар спорт мактаби раҳбари Шавкат Ғаниевнинг айтишича, қизлар ўртасида волейбол ва баскетбол бўйича кўрсаткичлар энг паст. Спорт анжомлари етишмовчилиги сезилади.

Мустақил кузатувчилар қишлоқларда спортнинг ривожланмаслиги ҳали узоқ давом этишини, чунки бунга масъул кишиларнинг айтаётган гаплари ва қилаётган ишлари мутаносиб эмаслигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG