Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:59

Автомашина ҳам уй ўрнини босар экан


Нурбек Маълумотларга қараганда, самарқандлик Пётр Сталков уйи бўлмагани сабабли қарийб уч йилдан буён қари онаси билан “Москвич” русумли автомашинасида яшамоқда.

Қари онанинг 10 минг сўм нафақаси кун кечиришга етмагани боис П.Сталков тирикчилик учун тез-тез мардикорликка чиқиб тураркан.

Самарқанд шаҳридаги Кўксарой маҳалласи аҳлининг айтишича, П.Сталков ва унинг онаси яшаётган автомашина бу ерда пайдо бўлганига қарийб уч йил бўлган. Маҳалла аҳли айрим пайтлари уларга қўлдан келганча ёрдам бериб турар экан. Бу ердан ўтиб-қайтадиган маҳаллий раҳбарлар эса мазкур оиланинг бундай аянчли аҳволидан хабардор бўлса-да, унга кўмаклашиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаётир.

“Озодлик” мухбири Кўксарой маҳалласи оқсоқоли Очил Умаров билан П.Сталков яшаётган “хонадон”га борди. Самарқанд вилоят ҳокимлиги биносининг орқасидаги ташландиқ майдонда турган давлат рақами 09-47 СНЛ бўлган “Москвич-комби” автомашинаси ичида Пётрнинг ёши етмишларга бориб қолган онаси бор эди. Бешта ит, икки мушук, бир товуқ, машинага боғланган эчки, кўрпа-тўшак – Пётр Сталков рўзғори шулардан иборат экан.

П.Сталковнинг сўзларига қараганда, у 25 йилдан ортиқ маҳаллий раҳбарларнинг хизмат машинасини ҳайдаган. Охирги иш жойи - Самарқанд вилояти қурилиш трести бошқармаси. Онаси касалликка чалингани сабабли икки йил бурун ишдан бўшаган. Турмуш ўртоғи билан ажрашган. Уч нафар фарзанди бор. Оиласи бузилгач, акаси уйига қўймагани сабабли онаси билан машинада яшашга мажбур бўлган.

“Бошпана сўраб мурожаат қилмаган идора қолмади. Ваъдадан бошқа нарсага эришмадим. Мен ичувчи эмасман. Бизнинг ҳам одамларга ўхшаб яшашга ҳаққимиз бор-ку! Уй сотиб олишга пулимиз йўқ. Машинани сотсак, бошпанасиз қоламиз”, деди П.Сталков.
XS
SM
MD
LG