Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:00

Божхона тарифлари оширилди


7 январда Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона-тариф мувофиқлашувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Янги қарорга биноан жисмоний шахслардан шундай товарлар учун маълум миқдорда божхона тўлови ундирилади: масалан, гўшт ва гўшт маҳсулотлари учун божхона нархининг 10 фоизи миқдорида, буғдой уни, шоколад, йогурт, кефир, тухум, табиий асал каби маҳсулотлар учун 30 фоиз тўлов белгиланди. Шунингдек, мева, туз, какаодан тайёрланган қандолат маҳсулотлари, хамиртуруш, сода экстракти, макарон маҳсулотларига ҳам 30 фоизлик тўлов жорий этилди. Илгари бу маҳсулотларни импорт қилганлик учун умуман божхона тўлови йўқ эди.

Расмийларнинг таъкидлашича, бу қарор ташқи савдо-сотиқни эркинлаштириш, мамлакатга импорт қилинадиган маҳулотлар учун божхона тарифини мувофиқлаштиришни такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг матбуот хизмати раҳбари Малик Қодировнинг айтишича, хорижда тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларининг Ўзбекистонга божхона тўловларисиз олиб кирилиши маҳаллий ишлаб чиқаришнинг ривожланишига тўсқинлик қилади.

Маҳаллий кузатувчиларнинг сўзларига қараганда, ўтган йили Ўзбекистонда конвертация жорий этилгач, бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи бирмунча тушган. Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг янги қабул қилган қарори мавжуд нарх-навонинг яна ўсишига олиб келади.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, бу қарор, асосан, бюджетни тўлдириш мақсадида чиқарилган. Янги йилда корхона ва жисмоний шахслардан олинадиган солиқ миқдори бирмунча пасайтирилгандан сўнг бюджетга тушумни кўпайтириш мақсадида ҳукумат шундай йўл тутган.

О.Бакиров янги белгиланган божхона тарифлари жуда баланд эканини қўшимча қилди. Унинг таъкидлашича, дунёнинг аксарият мамлакатларида бу турдаги товарларга ошиб борса 5 фоиз божхона тўлови жорий этиш тажрибаси мавжуд. Юқори тарифлар эса контрабандани кучайтиради, сифатли товарлар ўрнига арзон ва паст сифатли маҳсулотлар кириб келишини рағбатлантиради.

Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда бозор иқтисодиёти тўла ҳукмрон бўлганида, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналар монопол ҳуқуққа эга бўлмаганида бу қарор маълум маънода ўзини оқлаши мумкин эди. Бироқ хусусий мулкчилик улуши бор-йўғи 35 фоиз бўлган (Жаҳон банки ҳисоботидан олинган маълумот) Ўзбекистонда бозор иқтисодиёти қуриш ва қоидаларини жорий этиш ҳақида гапириш ноўриндир, демоқда улар.
XS
SM
MD
LG