Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:30

“UZBEK-PEOPLE.NAROD.RU” га ҳуруж қилинди


Душанба куни Тошкент вақти билан кеч соат олтиларда Интернетдаги Uzbek-people.narod.ru саҳифасига ҳуруж қилинган. Саҳифа муаллифларига кўра, бу Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик ҳизмати ходимларининг иши бўлиши мумкин ва бунга уларда етарли асослар бор. Ўзини Uzbek-people.narod.ru лойиҳаси раҳбари деб таништирган шахс бу ҳақда шундай деди: "Менимча, сайтнинг нишонга олинишига Ўзбекистон Хавфсизлик Ҳизмати илгари эга бўлган маълумотларнинг шу сайтда чиққани сабаб бўлган бўлиши мумкин".

Олдинроқ, Uzbek-people.narod.ru Интернет сайтида "Руслар Марказий Осиёга Скандинавия орқали боришмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Россия махсус ҳизматлари Скандинавия давлатларида истиқомат қилаётган Ўзбек мухолифати етакчилари билан тил бириктириб, Ўзбекистонда давлат тўнтариши қилишга уринаётгани, Ўзбекистон Хавфсизлик идоралари мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳга навбатдаги суиқасдни ҳозирлаётганликлари ва бу суиқасдни қочқин қиёфасида Европа давлатларига бориб олган Ўзбекистон Хавфсизлик Ҳизмати ходимлари амалга ошириши кўзда тутилгани ҳақида маълумотлар берилган эди.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Ҳизмати ва умуман бошқа бир идора қандай қилиб Интернет сайтларини тўсиши мумкин? Мен ана шу савол билан Uzbek-people.narod.ru лойиҳасини ишлаб чиқишда қатнашган, аммо ҳозирда сиёсат билан шуғулланишни тўхтатган ўзбекистонлик вэб дизайнер Евгений Дьяконовга мурожаат этдим.

"Техник жихатдан бу мумкин. Нимага десангиз, истаган давлат махсус ҳизматлари интернет сайтларни бузиш бўйича улкан индустрияга, яъни хакерлар гуруҳига эга. Шу боис техник жиҳатдан бу реал, деб ўйлайман. Ўзбекистонга келсак, у ердаги хавфсизлик идоралари бу борада қандай салоҳиятга эга, бу ҳақда билмайман".

Ўзбекистонлик вэб дизайнер Евгений Дьяконов эди. Uzbek-people.narod.ru лойиҳаси вакилларининг айтишларича, сахифа чоршанба кунидан фаолиятини қайта бошлаган.

Туркманистонда Интернет телевидение орқали кўрсатила бошланди

Интернетни ҳам телевизорда кўрсатса бўлар эканми, дерсиз. Туркманбоши шуни хоҳладими, бўлар экан.

2003 йилнинг кузида Туркманистон Журналистлар Уюшмаси "Туркманистон: Олтин асрда" интернет лойиҳасини таъсис этган эди. Яқинда Туркманистон Президенти Сапармурат Ниёзов ҳукумат мажлисида ана шу интернет лойиҳа ташкилотчиси Гўзал Нуралиева мамлакатдаги бошқа оммавий ахборот воситаларига ўрнак бўлиши ҳақида гапирди ва унинг интернет сахифасини бошқа оммавий ахборот воситаларига наъмуна сифатида кўрсатди. "Бу аёл қизиқарли хабарларниям топади, Интернетда ҳам мисли кўрилмаган ишларни қиляпти. Ўрнак олинг бу аёлдан", - деди Туркманистон раҳбари.

Президент танқидидан хулоса чиқарган Туркманистоннинг барча телеканаллари эртасиёқ янгиликлар дастурида ана шу сайтни намоиш эта бошлади. "Озодлик" радиоси туркман ҳизмати раҳбари Ноз Назарнинг айтишича, компютер олдига камера ўрнатилиб, интернет сахифасини трансляция қилиш бошланган мамлакатда. Қолаверса, "Нейтрал Туркманистон" газетасидан тортиб, барча нашрлар "Олтин аср" сайтида эълон этилган хабарларни кўчириб босиш билан оввора.
Аслида дейди Ноз хоним Туркманистонда интернет "Туркмантелеком" ширкати назорати остида.

"Туркманистонда икки мингга яқин интернет фойдаланувчиси бор. Уларнинг кўпчилиги ҳукумат идоралари ҳизматчиларидир. Фақат ҳукумат одамлари турли сайтлар билан фойдаланиш имконига эга. Оддий одамлар фойдаланадиган компютерларнинг кўпчилигида интернет программаси йўқ ва мухолифатга оид сайтларни Туркманистонда умуман очиб бўлмайди", - дейди Ноз Назар.
XS
SM
MD
LG