Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:32

Бошга бало фаввора


Нурбек Самарқанд шаҳрининг Регистон кўчасидаги кўп қаватли 9-уйда яшовчи 100 га яқин фуқаро қор-ёмғир ёққан кунлари қариндош-уруғиникида яшаб туришга мажбур бўлмоқда.

2003 йилда Кулолон кўчасида “Шарқ тароналари” фаввораси қурилиши муносабати билан кўча юзаси қарийб икки метрга кўтарилган эди. Бунинг натижасида 9-уйнинг ертўласи ҳамда кириш қисми ёмғир ва қор сувлари остида қолмоқда. Шу уйда яшовчи Шариф Саидовнинг айтишича, йўлнинг кўтарилгани оқибатида Боғибаланд ва Регистон маҳаллаларидан чиқадиган оқова сув шу уйнинг ертўласини тўлдирмоқда. Натижада уйнинг ғарбий қисми чўккан. Тепасида ўн сантиметрлик ёриқлар пайдо бўлган. Бундан хавотирга тушган айрим хонадонлар қариндошлариникига кўчиб кетаётир.

Уй соҳибларидан бири Исо Солиевнинг сўзларига қараганда, 9-уйдаги 87 та хонадонда яшовчи фуқаролар бошпанасиз қолишдан чўчимоқда.

Аҳоли қарийб уч ойдан буён шаҳар ва вилоят ҳокимликларига қатнашдан чарчамаётир. Бироқ уларнинг арзини тинглайдиган амалдор топилмаяпти. Энди улар Президентга мурожаат қилмоқчи.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташкилоти Самарқанд вилояти бўлими раиси Комил Ашуровнинг таъкидлашича, 9-уй аҳлининг сарсон-саргардонлигига “Шарқ тароналари” фавворасининг меъмори, қурувчилар ва маҳаллий амалдорлар сабабчидир. Чунки улар қурилишнинг қанчалик мақсадга мувофиқлиги, унинг хавфсизлигини ўйламаган.

Вилоят бош меъмори Шуҳрат Давронов фаввора вилоят ҳокими (ўша вақтда бу лавозимда ҳозирги Бош вазир Шавкат Мирзиёев ўтирганди) топшириғи бўйича қурилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG