Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:52

“Хьюман Райтс Уотч” Ироқ, Афғонистон ҳақида хитоб қилмоқда


Қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Халқаро Хьюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти душанба куни ўзининг навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилди. Мазкур ҳисоботда Ироқда аҳоли вазияти кенг миқёсли урушни оқловчи даражада ёмон бўлмагани ва Саддам Ҳусайнни хокимиятдан четлаштиришнинг қонуний йўллари бой бериб қўйилгани таъкидланади.

Хьюман Райтс Уотч Ташкилоти муаян суверен давлат худудига шу мамлакатдаги гуманитар вазият, аҳоли вазияти ўта оғир бўлган тақдирдагина бостириб кириш мумкинлигини таъкидлади.

Ташкилотга кўра, Саддам Ҳусайн режими саксонинчи йиллардан буён 250 мингдан ортиқ одам ўлими учун масъул. Аммо, ўтган йил март ойида АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари Ироққа қарши кенг миқёсли ҳарбий амалиётларни бошлаганида у ердаги гуманитар урушни оқлайдиган даражада бўлмаган. Қолаверса, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Саддам Ҳусайнни жазолашнинг тинч йўлларини бой бериб қўйишган. Бу фикрлар Хьюман Райтс Уотч Ташкилотининг йиллик ҳисоботидан ўрин олган.

Ташкилотнинг Лондондаги вакили Стив Кроушоу "Озодлик" мухбири билан суҳбатда, ҳарбий аралашув 1994 йил Руандада геноцидни тўхтатиш каби холатлардагина сўнгги чора сифатида ишга солиниши кераклигини айтади.

"Гуманитар аралашувни оқлаш учун баратараф этилиши долзарб бўлган жиддий таҳлика мавжуд бўлиши керак. Акс холда урушни чор тарафга бошлаб юбориш мумкин. Янада очиқ айтадиган бўлсам қудратли ҳукумат уруш бошлашга имкони ва ҳаққи деб ўйлайди. Бу эса ўта таҳликали прецедентни яратмоқда", - дейди Стив Кроушоу.

Хьюман Райтс Уотч ташкилоти ҳисоботида, шунингдек, дунё ҳамжамияти Саддам Ҳусайнни халқаро маҳкамага тортиб, уни тинч йўл билан ҳокимятдан четлаштириш имконидан тўла фойдалана олмагани ҳам таъкидланади.

Ҳозирда Хаага маҳкамасида иши кўрилаёган Югославия собиқ Президенти Слободан Милошевич ёки бўлмаса ўтган йили мамлакатидан қочишга мажбур қилинган Либериянинг собиқ Президенти Чарлз Тэйлор тақдири халқаро босим иш беришининг яққол наъмунасидир. Яна Стив Кроушоу гапиради: "Биз мутлақо аминмиз, бу борада, яъни жазо ва адолат нуқтаи назардан кўпроқ ишлар қилиниши керак эди, аммо қилинмади. Ўйлашимча ҳукуматлар буни намоён этишлари керак. Яъни, дархол улар ҳарбий чорани биринчи чора сифатида қўлламасликлари лозим. Уруш биринчи эмас, мутлақо энг сўнгги чора бўлиши керак", - дейди Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг Лондондаги вакили Стив Кроушоу.

Маълумки, АҚШ ва Британия етакчилари Ироққа қарши уруш бошлаш учун Саддам Ҳусайн режимининг оммавий қирғин қуроллари билан хавф солганини қайта-қайта таъкидлаб келишган эди. Аммо, бундай қурол Ироқда ҳанузгача топилмади.

Вашингтондаги Мэрос жамғармаси, номли тадқиқот маркази мутахассиси Нил Гардинер Саддам Ҳусайнга қарши ҳарбий чоралар қўлланганини тўғри деб ҳисоблайди. "Агар АҚШ ва Британия ҳарбий чораларни кўрмаганда эди, Саддам Ҳусайн яна бир неча ўн йил давомида хокимиятда қолган бўларди. Унинг оиласи яна бир неча авлод келгунча мамлакатни бошқарар эди. Халқаро жазо чоралари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёки бўлмаса Жиноий Ишлар Бўйича Халқаро маҳкамаларнинг диктаторларни хокимиятдан четлаштиришга уринишлари ҳар доим ҳам иш беравермаслиги мумкин. Шундай экан, айрим холларда ҳарбий чораларни қўллашга тўғри келади", -деди Гардинер. Унинг фикрича, ироқликлар ҳаёти Саддам Ҳусайнсиз анча яҳши. Шундай экан, нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилотининг бу ишлар нотўғри бўлгани борасидаги эътирозларини америкалик таҳлилчи ноўрин деб ҳисоблайди.

Хьюман Райтс Уотч ҳисоботида, шунингдек, Халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги иштироки сусайгани танқид қилинади. Ташкилот БМТ Бош Котиби Кофи Аннан чақириғига қўшилган холда, Халқаро Тинчликни Сақловчи Кучлар пойтахт Қобулдан ташқарига ҳам жойлаштирилиши кераклигини таъкидлайди. Ҳисоботда, Қўшма Штатлар Афғонистонда барақарорликни таъминлаш мақсадида қўмондонлар мақомини кучайтираётгани у ердаги вазиятни янада чигаллаштириши мумкинлиги қайд этилади. Ташкилот вакили Кроушоу қўмондонлар ваколатларининг оширилиши мамлакатни ортга қайтариши мумкин, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG