Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:42

Толиб Ёқубов учун Бишкекка йўл беркитилмоқда


Шайбон Хабарларга қараганда, 30-31 январь куни Бишкекда ўтказиладиган халқаро анжуманга қатнашишга расман таклиф этилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовга мамлакатдан чиқиш визасини беришни рад этилган.

Мазкур анжуман Хельсинки халқаро федерацияси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ташаббуси билан Бельгия ҳукуматининг молиявий кўмагида ўтказилиши режалаштирилган. Тадбирда Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият бўйича ҳисоботлар тингланиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти 2001 йил 17 ноябрдан буён Хельсинки халқаро федерациясининг ҳақиқий аъзоси ҳисобланади. Жамият раиси Т.Ёқубов шу сабабли анжуманга таклиф этилган эди. Бироқ, маълумотларга кўра, Юнусобод тумани хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш бўлими унга мамлакатдан чиқиш визасини беришни рад этган.

Т.Ёқубовнинг айтишича, бунинг сабаблари билан қизиққанида бўлим раҳбарияти унинг Ички ишлар вазирлигида махсус назоратда туришини маълум қилган. Бундан ташқари, бўлимнинг шаҳар Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш бошқармасига Т.Ёқубовга виза бериш мумкинми-йўқлиги ҳақидаги 12 январдаги сўровига ҳам жавоб келмаётганлигини айтган.

Т.Ёқубов ҳукуматнинг бу “ўйинлари” туфайли халқаро анжуманга иштирок эта олмаслиги мумкинлигини билдирди.

Т.Ёқубов чиқиш визаси берилмаётгани хусусида ўз тахминларини ҳам айтиб ўтди.

“Албатта, бу анжуманда биз Президент Ислом Каримовни мақтаб гапирмаймиз. Аксинча, унинг инсон ҳуқуқлари борасида олиб бораётган сиёсатини кескин танқид қилиш ниятимиз бор. Чунки Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари тобора баттарроқ оёқ ости қилинмоқда. Шу боис, ҳукумат менинг Бишкекка боришимга тўсқинлик қиляпти”, деди у.

Т.Ёқубов Ички ишлар вазирлигининг бу ҳаракатига Хельсинки халқаро федерацияси раҳбарияти афсусланиш билдирганини маълум қилди. Унинг айтишича, халқаро ташкилот Ўзбекистон ҳукуматига ҳам ўз норозилигини етказиши мумкин.
XS
SM
MD
LG