Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:37

Телевидение раисининг истеъфоси талаб қилинди


Тўлқин 27 январь куни инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва бир гуруҳ фуқаролар Ўзбекистон телерадиокомпанияси биносини пикет қилди.

Улар бундан бир кун аввал Бош прокуратура биноси олдида ҳам норозилик акцияси ўтказган эди.

Пикетчилар, асосан, телевидение фаолиятидан норозилик изҳор этди. Акция иштирокчиси, қашқадарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ёдгор Турлибеков “Озодлик” мухбири билан суҳбатда вилоят аҳлининг кўпчилигини ТВ фаолияти қониқтирмаслигини маълум қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистон телевидениеси мавжуд муаммоларни ошкора ёритмаслик орқали мамлакатда барча соҳаларда давом этаётган инқирозга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Телевидение жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни ошкора кўрсатиш ўрнига бўяб-бежалган, ёлғон кўрсатувлар тайёрлаш билан машғул.

Чироқчилик Нурали Кўлобов ўзининг икки йил аввал автоҳалокат оқибатида тан жароҳати олгани, бироқ коррупциялашган ички ишлар, суд-прокуратура тизимларидаги қонунбузарликлар боис ҳуқуқи поймол этилаётганини билдирди. У бу ҳақда телевидениега ҳам мурожаат қилган. Аммо, ўзининг айтишича, ТВ журналисти муаммони ёритиш ўрнига икки йил давомида арзгўйни алдаб юрган.

Пикет иштирокчиси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева телерадиокомпания раиси Абусаид Кўчимовнинг истеъфосини талаб қилаётганини билдирди.

“Чунки, деди у, телевидение фақат Президентга мадҳия ўқиладиган минбарга айланиб қолган. Бошдан-охир ёлғон. Одамларни вазиятнинг яхшиланишига умидлантириш воситасига айланган телевидение ҳақиқий аҳвол ҳақида лом-мим демайди. Нархларнинг, коммунал хизмат тўловларининг ошиши, уй-жой тўловларини тўлай олмаётган фуқароларнинг бошпанаси тортиб олинаётгани ва бошқа муаммолар ҳақида ТВ жим турибди”.

- Мен сўз ва мутбуот эркинлигини, Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматининг истеъфога чиқишини талаб қиламан,- деди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматов. - Чунки амалдаги ҳукумат сақланиб турса ҳеч қандай ислоҳотлар амалга оширилмайди.

Пикет иштирокчиларининг талаблари Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ёзиб олинди. Телевидение раҳбарияти эса уларнинг талабларига муносабат билдирмади.
XS
SM
MD
LG