Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:19

Дастур тадбиркорлар гарданига юкми?


Шайбон 28 январь куни маҳаллий матбуотда Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳр ва мурувват йили” дастури тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Қарорга кўра, дастурни амалга оширишнинг умумий харажатлари 354 миллиард сўм миқдорида белгиланган. Бу харажатларнинг 250 миллиарди давлат бюджети, қолгани эса мамлакатда фаолият юритувчи жамғармалар, деҳқон-фермер хўжаликлари, тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг ҳомийлик ёрдамлари ҳисобидан қопланади.

Қарорда “Меҳр ва мурувват йили” дастури устивор масалаларни ҳал қилишга йўналтирилган қуйидаги чора-тадбирларни ўз ичига олиши белгиланган. Яъни, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, кам таъминланган тоифалар, оила ва инсонларга кўмак бериш, бу борадаги ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштириш, ногиронларга, қаровчисиз қолган ва боқувчисини йўқотган фуқароларга, ёлғиз кексаларга ёрдам ва кўмак бериш, оила тизимини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ва ҳоказо.

Дастур доирасида умумтаълим мактабларининг 616 минг ўқувчисини бепул дарслик ва ўқув қуроллари билан таъминлаш, шунингдек, махсус мактаб-интернатлар, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини, кам таъминланган оилаларнинг 2-9 синфларда ўқийдиган фарзандларини бепул дарсликлар билан таъминлаш ва шу мақсадда кутубхона фондларини тўлдиришга ажратилаётган маблағни 1,5 баробар кўпайтириш, соғломлаштириш оромгоҳларида 170 минг бола, шу жумладан, кам таъминланган оилалар фарзандларининг бепул дам олишини таъминлаш, уларни бюджет ҳисобидан қишки кийим-бош билан бепул таъминлашни кучайтириш мақсадида ажратилаётган маблағлар миқдорини 1,2 марта кўпайтириш, нафақадаги 32 минг нафар уруш ва меҳнат фахрийси саломатлигини санаторийлар, шифохоналарда тиклаш каби амалий тадбирлар белгиланган.

Маҳаллий иқтисодчилардан бирининг айтишича, “Меҳр ва мурувват йили” дастурида назарда тутилган тадбирлар учун харажатлар аслида ҳар йили бюджетга киритилади. Унинг айтишича, ўқувчиларга бепул дарслик тарқатиш, мактаб-интернатлар, меҳрибонлик уйларини моддий қўллаб-қувватлаш учун доимо бюджетдан маблағ ажратилади. Жорий йилда бу ишларнинг “Меҳр ва мурувват йили” дастури доирасида бажарилиши айтилаётгани эса давлат сиёсатини реклама қилиш, холос.

Расмийларнинг фикрича, ҳукумат “Меҳр ва мурувват йили” дастурида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун керакли миқдордаги маблағга эга. Шу боис, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.

Қолаверса, дейди расмийлар, давлат ихтиёридаги бир қанча қўшимча манбалар борки, улар бемалол бюджетдан ташқари ажратилиши лозим бўлган суммани тақдим эта олади.

Маҳаллий иқтисодчилардан бирининг айтишича, қўшимча манба деганда вилоят ва туман ҳокимликларига юклатиладиган суммалар назарда тутилади. Яъни, маҳаллий раҳбарларга маълум миқдордаги маблағни йиғиш топширилади ва улар бу маблағни тадбиркорлардан турли йўллар билан ундиради.

Суҳбатдошимиз юклатилган бундай норасмий солиқни ишбилармонлар қандай топиши маҳаллий ҳокимликларни қизиқтирмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG