Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:19

Феликс Қулов жиноятчими?


Абдуллоҳ Эргаш Қирғизистон Марказий Осиёдаги нисбатан демократик давлат ҳисоблансада, халқаро ҳамжамият бу мамлакатда ҳам сиёсий маҳбуслар борлигини эътироф этган. Ана шундай сиёсий маҳбуслардан бири қирғиз мухолифатининг таниқли намоёндаси Феликс Қуловдир. 28 январ куни Бишкекда сиёсий партиялар ташаббуси билан Феликс Қулов масаласи юзасидан жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.

Феликс Қулов “Ор-номус” партияси раҳбари ва бир қанча мухолиф партияларни бирлаштирган “Қирғизистон Халқ Конгресси” раиси бўлган. Шунингдек, у ҳукуматдаги олий лавозимларда ишлаган. Қирғиз матбуотида ҳар ҳафта эълон қилинадиган сиёсатчилар рейтингида эса мунтазам биринчи ўринни эгаллаб келган. 2000 йили Феликс Қулов хизмат вазифасини суиистеъмол қилган, деган айблов билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Халқаро ҳамжамият Қуловни сиёсий маҳбус сифатида эътироф этиб, Қирғизистон ҳукуматидан уни озод этишни мунтазам талаб қилиб келмоқда. Қирғизистонда ҳам Қуловни озод этиш талаби билан бир неча марта намойишлар ва очлик эълон қилишлар бўлди.

28 январда Бишкекда ўтган Қулов иши бўйича жамоатчилик муҳокамаси ҳам ана шундай ҳаракатлардан биридир. Муҳокамада депутатлар, сиёсий партия ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат 400 одам иштирок этди.

Жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари ҳам Қирғизистон расмийлари Қуловни сиёсий қарашлари учун тазйиқ қилмоқда, деган хулосага келдилар. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Турсунбек Акун шундай деди:

«“Эсинг борида этагингни ёп”, деган гап бор, ҳурматли ҳукумат аъзолари. Биз Қуловни озод этишни талаб қилиб
жуда кўп намойишлар ўтказдик. Қуловнинг гуноҳи йўқлигини , унга нисбатан жиноят иши ҳукумат томонидан уюштирилганлигини халқ билади»,
- деди Турсунбек Акун.


Жамоатчилик муҳокамасида Қулов устидан ўтказилган маҳкама баённомалари ўқилди. Жиноят иши бўйича гувохлар сўзга чиқди. Лекин суд, прокуратура, ҳукумат вакиллари муҳокамада қатнашишларини билдирган бўлсаларда, йиғилишга келмадилар.


Қирғизистондаги ўнга яқин сиёсий партия Феликс Қуловни сиёсий лидер сифатида эътироф этади. Жорий йил кузида бўладиган сайловда Президентликка Феликс Қулов номзодининг мухолифат томонидан кўрсатилиши ҳам шундан далолат беради. Айни пайтда мухолифат унинг сайловгача қамоқдан озод этилишини талаб қилмоқда. Жамоатчилик муҳокамасида ҳам бу масала кўтарилди.

“Фуқаролик жамияти коррупцияга қарши” нодавлат ташкилоти раисаси Толейкан Исмаиловага кўра, бугунги кунда Қирғизистонга янгича руҳдаги лидерлар зарур. Унинг фикрича, Феликс Қулов ана шундай янги оқим вакилларидан биридир.”

“Ҳукумат вакиллари муҳокамага келамиз дейишган эди. Афсуски, уйидан биз томонга йўлга чиққан одамлар ҳам етиб келолмадилар. Расмийлар бу муҳокамада қатнашишдан қўрққан бўлсалар керак. Чунки Феликс Қуловнинг озод этилиши янгича руҳдаги, янгича оқимдаги сиёсатчиларнинг, давлат раҳбарларининг майдонга чиқишига имкон яратади”, - деди Толейкан Исмаилова.

Муҳокама якунида “Феликс Қуловнинг адолатсиз судланганлиги тўғрисида”ги резолюция қабул қилиниб, у Президент маъмуриятига, Олий Судга ва халқаро ташкилотларга жўнатиладиган бўлди. Қирғизистон Омбудсмени Турсунбой Бакир эса Қуловнинг жиноят иши юзасидан мустақил текширув бошлашини билдирди:

“Мана шу мақсадда эртага Қулов ўтирган қамоқхонага бораман, ўзи билан гаплашаман. Мен бу масалада кўп одамлар билан гаплашдим. Айни пайтда унинг айбсизлигига далиллар кўпроқ”, - деди Турсунбой Бакир ўғли.
XS
SM
MD
LG