Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:22

Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳокимни ҳамкорликка чорламоқчи


27 январь куни “Freedom house” ташкилотининг Намангандаги ресурс марказида вилоятда фаолият кўрсатаётган нодавлат ташкилотлар фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташкилоти, Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти, “Мазлум”, Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси каби ташкилотлардан вакиллар қатнашди. Улар 22 январь куни Поп туманида маҳаллий маъмурлар томонидан “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг Наманган вилояти бўлими раиси Муҳаммадали Қорабоевга куч ишлатиш орқали тазйиқ ўтказилганини муҳокама қилди.

Йиғилиш иштирокчилари ҳуқуқ ҳимоячиларига тазйиқ-таъқиблар тобора кучайиб бораётганини таъкидлади. Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти вакили Малик Отахоновнинг айтишича, яқинда у ўз маслакдоши Юсуф Мирзамаҳмудов билан вилоят адлия бошқармасига ариза топширгани борган. Бошқарма бўлим мудири Ҳакимжон Халилов уларни бошқарма биноси олдида оддий фуқароларнинг кўз ўнгида куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган.

“Ҳимоя гуруҳи” раҳбари Собитхон Устабоев мамлакатда бугунги кунда юзага келган вазиятда Ўзбекистондаги барча ҳуқуқ ҳимоячилари коалицияга бирлашиб фаолият кўрсатиши лозимлигини таъкидлади.

“Агар бугун бирлашмасак, бизни битта-битта йўқ қилишади. Бундай ҳаракатлар ҳозирданоқ бошланган”, деди у.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳошимжон Жамбуловнинг таъкидлашича, амалдаги ҳукумат халқнинг манфаатини кўзласа, инсонларнинг ҳуқуқлари пoймол этилмаслиги учун курашаётган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши керак. Шундагина ҳокимият халқнинг йўқотилган ишончини тиклаши мумкин.

Йиғилиш иштирокчилари беш кишидан иборат коалиция кенгаши тузди. Улар вилоят ҳокими Тўлқин Жабборов номига биргаликда давра суҳбати ташкил этиш таклифи билан мурожаат этишга қарор қилди.
XS
SM
MD
LG