Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:03

Ўзбекистон янги минтақавий марказ очишни таклиф этди


Тўлқин 30 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Владимир Норов ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий маркази директори Камол Дўсметов 2003 йилда мамлакатда наркотраффикка қарши кураш натижалари бўйича брифинг ўтказди.

Брифингда гиёҳванд моддаларнинг Ўзбекистондан ноқонуний олиб ўтилишига қарши кескин кураш олиб борилаётгани, шунга қарамай, Афғонистонда етиштирилган “оғу”нинг катта қисми (тахминан 30 фоизи) Марказий Осиё мамлакатларидан ўтказилаётгани қайд этилди. Маълумотларга кўра, 2003 йилда Афғонистонда 3600 тонна афюн етиштирилган. Бу аввалги йилдагидан 200 тонна кўпдир.

Тадбир ташкилотчилари бу борадаги курашнинг самарали бўлиши учун Марказий Осиёда Минтақавий ахборот-мувофиқлаштириш маркази тузиш ташаббусини илгари сурди.

В.Норовнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши ва уларни истеъмол қилишга қарши кураш бўйича 2002-2005 йилларга мўлжалланган давлат дастури мавжуд. Шу дастур асосида амалга оширилган тадбирлар чоғида 2003 йилда кўплаб наркокурьерлар ушланган. Хусусан, К.Дўсметовнинг айтишича, ўтган йили Ўзбекистон ҳудудидан гиёҳванд моддаларни олиб ўтиш билан боғлиқ 9 мингга яқин жиноят фош қилинган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудидан олиб ўтилган наркотик моддалар Россия ва Европа давлатларига жўнатилади. Бироқ бу транзит Ўзбекистонда ҳам из қолдириши, яъни гиёҳвандлар сонининг ортишига олиб келиши табиий. Брифингда Ўзбекистонда нотиббий йўл билан гиёҳванд моддалар қабул қилувчилар сони 30 минг кишидан ортиқ экани айтиб ўтилди.

В.Норовнинг таъкидлашича, ўтган йили Европада 1 грамм героиннинг нархи 700 доллардан 300 долларгача пасайган. Бу эса Европага аввалги йиллардагидан кўра кўпроқ наркотик модда кириб келганидан далолатдир.
XS
SM
MD
LG