Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:47

АҚШнинг хорижий давлатларга ëрдам дастури


А. Арол Совуқ уруш ниҳоясига етганидан буëн АҚШ ҳукумати хорижий мамлакатларга кўрсатиладиган ëрдамларни собиқ коммунистик давлатларда демократия ва бозор муносабатларига асосланган иқтисодиëтни рағбатлантириш воситаси сифатида ишлатиб келди. Аммо кейинги пайтларда Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий кампания, шунингдек терроризмга қарши ҳаракатлар билан боғлиқ харажатлар АҚШ бюджетида жуда катта камомад пайдо бўлишига сабаб бўлди, деб қаралмоқда. Натижада Америка хорижий давлатларга ëрдам дастурларини камайтимоқда. Ҳафта бошида Президент Жорж Буш тақдим этган бюджет лойиҳасида мазкур турдаги ëрдамлар ҳажмини 13 фоизга қисқартириш таклиф этилган. Радиомиз мухбири Эндрю Таллининг мавзуга оид кузатишларини Азизулло аролдан эшитамиз.

АҚШ Президенти Жорж Буш 2005 йилги бюджетни эълон қилишдан икки кун олдин бюджетда асосий ўринни Америка хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар эгаллашини баëн қилди.

"Америка халқига террор хавфи ҳамон борлиги туфайли 2001 йилга қараганда ички хавфсизлик соҳасига харажатлар уч баробар кўпайди. Келаси йили бу харажатлар 10 фоизга ошиб, 30.5 миллиард долларни ташкил қилади. Ушбу маблағ чегаралар, аэропортлар ва денгиз портларимиз хавфсизлигини мустаҳкамлашга ва биологик ҳужумга қарши мудофаа тизимимизни яхшилашга ëрдам беради", - деб таъкидлади Жорж Буш.

Президент Бушнинг билдиришича, Федерал Қидирув Бюроси учун бюджет 11 фоизга кўпайтирилади, аксилтеррор ҳаракатлари учун маблағ 357 миллион долларга оширилади.

Бюджетнинг шунча қисми хавфсизлик масалалари, жумладан, Ироқ ва Афғонистонда давом этаëтган ҳарбий кампанияга ажратилиши ҳамда жорий йилда бюджет тақчиллиги 5 миллиард долларга етиши тахмин қилинаëтган вазиятда бошқа соҳаларга харажатлар жиддий камайтирилмоқда.

Шу жумладан Американинг Шарқий Европа ва собиқ Совет мамлакатларига ҳам ëрдами қисқартилиши кутилмоқда.

Президент Буш Демократия учун Миллий Жамғарма ажратган грантларга келаси молиявий йили 80 миллион доллар сарфланишини таклиф қилмоқда. Бироқ бу грантлар қайси мамлакатларга берилиши ҳозирча номаълум. Шу каби бюджет лойиҳасида таълим-тарбия ва маданий алмашув дастурлари учун 345 миллион доллар ажратилиши кўзда тутилган бўлса-да, қанча пул ва қайси мамлакатга берилиши аниқ белгиланмаган.

Ироқ ва Афғонистон билан боғлиқ харажатлар ҳозирча рўйхатга ҳам олингани йўқ. Оқ уйнинг бошқарув ва бюджет идораси раиси Жошуа Болтенга кўра, бу мамлакатларга ажратиладиган маблағ миқдори хусусида кейинроқ қарор қабул қилинади.

Бушнинг 2005 молиявий йилга мўлжалланган бюджет лойиҳаси Конгрес томонидан тасдиқланиши шарт.

Конгресснинг ҳар иккала палатасини бюджет тақчиллиги бу қадар катталиги ташвишлантирмоқда. Шу боис Буш 2005 йилги бюджет лойиҳасида халқаро ëрдам миқдорини 2004 йилга қараганда 13 фоизга қисқартириш ташаббуси билан чиқди.

Вашингтондаги Карнеги Жамғармасининг Демократия ва қонун устуворлиги лойиҳаси ҳамраиси Томас Кэротерснинг Озодлик радиосига айтишича, Буш шу вазиятда ҳам хорижий мамлакатларга ëрдам дастурларига катта эътибор бермоқда.

Таҳлилчига кўра, Буш маъмурияти ëрдам пулларини у ëки бу мамлакатнинг АҚШ билан ҳамкорлиги даражасига қараб белгилаши мумкин.

Агар 11 сентябрдан кейин Покистон ва Ўзбекистон каби АҚШдан маълум миқдорда молия олган мамлакатлар ҳисобга олинмаса, бундан буëн хорижий давлатлар умумий бюджет доирасида ëрдам олишади.
XS
SM
MD
LG