Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:45

Бир туп кўчат экмаган ҳоким боғнинг қадрини қаердан билсин?


Турғунбек Избоскан туманининг Тўрткўл қишлоғилик Аъзамжон Эсонов 1996 йил 17 февраль куни “Шарқ юлдузи” ширкат хўжалигига қарашли 16 гектардан ошиқроқ мевали боғ ва у ердаги иншоотларни кимошди савдосида 450 минг сўмга харид қилган эди.

Давлат мулки қўмитасининг Андижон вилояти бошқармаси бу ҳақда унга давлат ордери берган. Мулк эгаси бўлгандан сўнг А.Эсонов саккиз йил давомида боққа сув ўтказади. Боғни янгилаш учун турли дарахтларнинг саккиз мингга яқин кўчатини саралаб экади. Кўчатлар эндигина мевага кириб, дарахтларнинг ҳар бири 100 килограмм атрофида мева берадиган бўлганида – 2004 йил 18 январь куни туман ва ширкат хўжалигидан бир гуруҳ масъуллар келиб, бу ерга коллеж қурилишини билдирган. Улар ҳоким ер ва мевалар учун товон тўланмаслигини айтганини етказган.

Маълум бўлишича, шундан сўнг А.Эсонов Избоскан тумани ҳокими Илҳом Собировга Ўзбекистоннинг амалдаги қонунларни эслатади. Лекин ҳоким ўз сўзидан қайтмайди. Жорий йилнинг 24 январь куни 16 гектарлик боғнинг қоқ ўртасида дарахтлар арраланиб, коллеж биноси қурилиши бошланади.

А.Эсонов ўз боғининг вайрон қилинаётганини кўриб йиғлаб юборди.

“Қишлоғимизга коллеж керак. Лекин бўш ерга қурса ҳам бўлади-ку! Менга боғим учун пул ҳам беришар. Бу пулни ҳам халқимизнинг чўнтагидан тўлайди-ку! Шундай ҳокимларнинг дастидан пенсияга пул етмай, электр энергияси ва хизматларнинг нархи ошиб ётибди. Агар боғимизга тегмаса, биз ундан миллионлаб фойда қилиб, халқимизга ҳам берардик”, деди у.

Қишлоқ одамлари А.Эсонов боғ ҳосилидан одамларга улашиши, уларнинг қорамоллари учун боғ ҳудудидан хашак жамғаришига тўсқинлик қилмаганини эслади.

65 ёшлардаги қариянинг айтишича, туман ҳокими ҳам шу қишлоқда яшайди. Боғ бузилишида айнан у айбдордир.

“Бу ҳоким ҳали бирор кўчат экиб кўкартирган эмас. У ҳеч нарсанинг қадрига етмайди”, деди қария.

“Нажот” адвокатлик фирмаси раҳбари Абдуқаҳҳор Усмоновнинг таъкидлашича, туман ҳокимининг боғни бузиш ҳақидаги қарори ғайриқонунийдир. Мазкур ҳолат юзасидан 30 январь куни Андижон вилояти ҳокимига, адлия бошқармасига, Избоскан туман прокурорига ариза билан мурожат қилинган. 2 февраль куни эса шундай ариза Бош прокурор ва Адлия вазирлигига тақдим этилган. Шунга қарамай, ҳозиргача бу хусусда бирор хулоса адвокатларга маълум қилинган эмас.

Туман ҳокими И.Собиров “Озодлик” мухбири билан суҳбатда А.Эсоновдан 1999 йилда боғда коллеж қуриш ҳақида розилик хати олинганини маълум қилди. Аммо бу хатни кўрсатмади. У атрофдаги қишлоқлар билан ҳисобланганда жами 10 га яқин мактаб мавжудлиги, шунинг учун Тўрткўлда коллеж қурилиши кераклигини таъкидлади. Ҳоким туманда бўш жой йўқлиги, барча ер қишлоқ хўжалик экинлари билан бандлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG