Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:00

Ироқ: сайловлар ва конституция муҳокамалари давом этмоқда


Фарангис Саид

Маълумки, бугунги кунда Ироқда сайловларни қайси йўл билан ўтказиш масаласи муҳокама қилинмоқда. АҚШ режасига кўра, янги ҳукумат махсус кенгашларга тайинланган вакиллар томонидан сайланиши керак. Бироқ, Ироқдаги шиаларнинг диний етакчиси Оятулло Али Ал-Систоний ва унинг тарафдорлари мамлакатда умумхалқ сайловлари ўтказилишини талаб қилмоқда. Масалани бевосита ўрганиш мақсадида Ироққа БМТ гуруҳи юборилган. Айни вақтда Ироқнинг янги конституцияси лойиҳаси ҳам муҳокама этилмоқда. Мана шу жараёнларни бугун Фарангис Саид кузатиб бормоқда.

АА: Фарангис, БМТнинг Ироққа юборилган гуруҳи сайловларни қандай ўтказиш йўлларини аниқлаши кутилаётган эди. Хўш, БМТ вакиллари бу масалада қандай қарор қабул қилишлари мумкин?

ФС: БМТ ходимлари ҳозирда Ироқда сайловларни қандай ўтказиш масаласини ўрганишда давом этмоқдалар. Улар қарори қарийб 10 кундан кейин эълон қилиниши керак. Аммо, маълумотларга кўра, БМТ гуруҳи мамлакатда бевосита умумхалқ референдумини ўтказиш учун вақт етарли эмас, деган хулосага келиши мумкинлиги билдирилмоқда. Чунки, АҚШ раҳбарияти Ироқдаги сиёсий жараёнлар ўтган йил 15 ноябр куни эришилган шартномага мувофиқ амалга оширилиши керак, деб ҳисобламоқда.

АА: У қандай шартнома эди?

ФС: Бу ҳужжат ўтган йили 15 ноябр куни АҚШ ва Ироқ Бошқарув Кенгаши ўртасида имзоланган эди. Унда май ойида ироқликлардан таркиб топган муваққат кенгаш тайинланиши кўзда тутилган. Кенгашга Ироқнинг 18 вилояти вакиллари киритилади. Сўнг ушбу кенгаш аъзолари муваққат миллий ҳукуматни сайлашади. Ва бу билан 1 июлга бориб Ироқ суверенитети тикланади, яъни ҳокимият ироқликлар қўлига ўтади. Шартномага кўра, муваққат ҳукуматнинг конституция лойиҳасини ишлаб чиқиши керак. Умумхалқ сайловлар эса келаси йилда, Конституция қабул қилинганидан сўнг ўтказилади.

АА: Фарангис, Конституция масаласига бироздан сўнг тўхталсак-да, ҳозир сайловлар мавзуини давом эттирсак. Нима сабабдан БМТ вакиллари Ироқда умумхалқ сайловларини ўтказиб бўлмайди, деган қарорга келишлари мумкин?

ФС: Авваламбор, бу масалага оид қарор ҳали қабул қилинмаганини айтиб ўтиш лозим. Аммо БМТ махсус элчиси Лаҳдар Браҳимийнинг матбуот котиби Аҳмад Фавзий Озодлик радиосига берган интервьюсида 30 июнга қадар сайловлар ўтказилиши эҳтимоли жуда кам, деб айтди ва бунинг сабабларига тушунтириш берди.

Муаммолар жумласида Аҳмад Фавзий коалиция кучларига қарши чиқаётган қуролланган гуруҳларнинг мамлакатнинг барча ҳудудларида фаолият олиб бораётгани, улар овоз берувчилар ва номзодларни қўрқитишлари мумкинлиги, сайловлар ўтказиш учун қонунчилик асослари йўқлиги ва сиёсий муросага эришилмаганини айтиб ўтди ва 30 июнга қадар ушбу муаммоларни ҳал этиш учун вақт етарли эмаслигини таъкидлади.

АА: Фарангис, маълумки, ироқлик шиялар етакчиси Оятулло Ал-Систоний ва унинг тарафдорлари умумхалқ сайловлар ўтказилишини талаб қилишмоқда. БМТнинг Ироқда бевосита сайловлар ўтказиб бўлмаслиги ҳақидаги қарорига уларнинг муносабати қандай бўлиши мумкин?

ФС: Ҳозирча, Ал-Систонийнинг ўзи бу масалада ҳеч қандай баёнот бермади. Афтидан, у БМТ Бош Котиби Кофи Аннан қарорининг расман эълон қилинишини кутмоқда. Аммо БМТнинг Ироқ бўйича махсус вакили Лаҳдар Браҳимий ўтган ҳафта Ал-Систоний билан учрашганидан сўнг, Оятулло тегишли шарт-шароитлар бўлмас экан, Ироқда умумхалқ сайловлар ўтказиб бўлмайди, деган фикрга қўшилганини айтди. Озодлик радиосининг Ироқ бўлими раҳбари Дэвид Нютон фикрича, Ал-Систоний Ироқда бевосита сайловлар ўтказмаслик қарорига бир шарт билан рози бўлиши мумкин. Шарт эса бевосита бўлмаган сайловлардан сўнг умумхалқ референдумининг аниқ санаси белгиланиши кераклигидан иборат.

АА: Фарангис, энди Конституция лойиҳасига қайтсак. У қачон кучга кириши керак?

ФС: “Ўтиш даври Конституцияси”, деб аталаётган ҳужжат шу ой охирида кучга кириши керак. Бугун, яъни 18 феврал куни АҚШнинг Ироқдаги маъмури Пол Бремер Конституцияга оид муҳим баёнот берди. Унинг айтишича, янги Конституция шариат қонунларига асосланмаслиги керак. Бремерга кўра, Констиуцияда Ислом давлат дини сифатида эътироф этилади. Конституциянинг асосий бандларини белгилашда шариат тамойиллари инобатга олинади, аммо Конституция бевосита шу тамойилларга асосланмайди. “Шариат қонунларини Конституция пойдевори қилишга қаратилган барча уринишларга мен ўзим чек қўяман”, - деб айтди Пол Бремер.

Ироқ Бошқарув Кенгаши вакили Маҳмуд Усмоннинг Озодлик радиосига берган интервьюсида маълум қилишича, Кенгаш аъзолари Конституция лойиҳасини муҳокама қила бошлаганлар. Конституциянинг шариатга оид банди муҳокамалари эса бир неча кундан сўнг бошланади. Маҳмуд Усмоннинг айтишича, янги Конституцияда Ислом давлат дини, дея эътироф этилади. “Шариат эса янги Конституциянинг асосий манбаларидан бири, лекин ягона манбаси эмас”, - деб айтди Маҳмуд Усмон.

Муҳокамалар бошланганидан сўнг Исломий партиялар вакиллари ушбу бандни ўзгартиришни таклиф этишлари ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Аммо, масалага оид сўнгги қарорни Пол Бремер қабул қилади. Бремернинг ўзи Конституция лойиҳасини мен имзоламагунимча, у қабул қилинагн ҳисобланмайди, деб айтди.
XS
SM
MD
LG