Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:23

Халқаро лига Фотима Муқодированинг озод қилинишини сўрамоқда


Шайбон Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро лига президенти Скотт Ҳортон (Scott Horton) Ўзбекистон раҳбари номига мактуб йўллаб, яқиндагина олти йилга қамоқ жазосига ҳукм этилган 62 ёшли Фотима Муқодированинг озод қилинишига ёрдам кўрсатишни сўради.

Халқаро лига вакилларининг фикрича, Ф.Муқодировага ишончли далилларга таянилмасдан ҳукм чиқарилган ва бу ҳол Президент томонидан жиддий ўрганиб чиқилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, Ф.Муқодирова диний-экстремистик оқимларга алоқадорликда айбланиб, 12 февраль куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари суди томонидан 6 йилга қамоқ жазосига ҳукм этилганди. Маълумотларга кўра, унинг икки ўғли ҳам шундай айблар билан узоқ муддатга қамалган, улардан бири эса қамоқхонада қайноқ сувга ташлаб ўлдирилган. Ф.Муқодированинг қамалишига эса ўғлининг ўлимига айбдорларни жиноий жавобгарликка тортилишини сўраб, турли маҳаллий ва халқаро ташкилотларга мурожаат қилгани сабаб бўлган.

С.Ҳортоннинг Ислом Каримов номига битилган мактубида шундай сўзлар бор:

“Мамлакат президенти сифатида сиз ноқонуний ҳукм қилинганларни авф этиш ёхуд уларга нисбатан белгиланган жазони енгиллаштириш имкониятига эгасиз. Шу боис, Муқодирова билан боғлиқ ишлар бевосита сизнинг аралашувингиз ёрдамида барҳам топмоғи лозим. Қолаверса, сиз Муқодирова ўғлининг қийнаб ўлдирилишига алоқадор шахсларни аниқлаш борасида зудликда тегишли чораларни кўрмоғингиз даркор”.

“Озодлик” мухбири мазкур мактуб юзасидан Президент девони матбуот хизмати вакили Шерзод Қудратхўжаевга мурожаат қилганида у хатдан хабари йўқлигини маълум қилди. Ф.Муқодирова масаласи девонда ўрганиб чиқиладими, деган саволга эса “девон суд органи эмас-ку, биз судларнинг ишига аралашмаймиз”, дея жавоб берди.

С.Ҳортоннинг мактуби нусхаси Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман Сайёра Рашидовага ҳам йўлланган. Аммо мазкур институт вакили ўзларига бундай мурожаат бўлмаганини билдирди.

Ф.Муқодирова иши юзасидан мониторинг олиб бораётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг айтишича, Президент давлат раҳбари сифатида бу масалани ўрганиб чиқиши, тегишли хулоса чиқариб, аниқ кўрсатмалар бериши шарт. Чунки у, шак-шубҳасиз, сохта айбловлар қурбонидир, деди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG