Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:00

Ахборот олиш учун журналист бўлиш шартми?


Айни кунларда бир журналист иши юзасидан бўлиб ўтаётган суд жараёнида бирор ОАВда мақола эълон қилиш учун муаллиф, албатта, журналист бўлиши ва буни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши керак, деган масала атрофида мунозара бормоқда.

Бундан ташқари, суд таҳририят ва муаллиф ўртасида ижодий шартнома имзоланиши лозимлигига урғу бермоқда.

Хўш, суднинг бу талаблари қанчалик тўғри ва у Ўзбекистондаги мавжуд қонунчиликка мувофиқми?

“Озодлик” мухбири мазкур масала юзасидан журналистлар ва ҳуқуқшуносларнинг фикрини ўрганди. Журналистларнинг аксарияти газетага мақола бериш учун муаллиф журналист бўлиши лозимлиги ҳақидаги талабга ажабланди, холос. Уларнинг фикрича, фуқароларнинг ОАВда чиқиш қилиши ва ўз фикрини билдириши Конституциявий ҳуқуқдир. Чунки қонунларга кўра, ҳар бир фуқаро эркин тарзда ахборот излаш, йиғиш ва тарқатиши мумкин.

“Ўзбекистон адабиёт ва санъати” газетаси бўлим мудири Гулчеҳра Умарованинг эътирофича, нашрлар аксарият ҳолларда турли соҳа вакилларига мурожаат этиши ва уларнинг мақолаларини эълон қилишига тўғри келади. Зеро, бирор бир соҳага тегишли масалани унинг мутахассислари кўмагисиз тўлақонли ёритиши қийин.

Ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаров айни ҳолатда суд томонидан фуқароларнинг энг асосий ҳуқуқлари қўпол равишда бузилиши мумкинлигини таъкидлади.

Хуллас, журналистлар ҳам, ҳуқуқшунослар ҳам газетага мақола бериш учун муаллиф, албатта, журналист бўлиши шарт ёки у билан таҳририят ўртасида ижодий шартнома тузилиши лозимлиги ҳақидаги талаб асоссиз эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG