Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:51

Бахтсизлик бир келса, қўшша-қўшша келади


Нурбек Самарқандлик Нуруллаевлар оиласи уч йилдан бери уйсиз. Хонадоннинг 8 аъзоси дуч келган жойда яшамоқда.

Бахтсизлик бир келса, қўшша-қўшша келар экан. Уй йўқлигидан танишиникига яшаб юрган Матлуба Нуруллаева яқинда номаълум кимсалар томонидан зўрланди.

Оила аъзоларининг айтишича, улар – ота-она ва саккиз фарзанд 2001 йилнинг октябрь ойигача Самарқанд шаҳрининг Гагарин кўчасидаги 20-йўлак 20-уйда яшаган. Уй ёнида шаҳар телефон-телеграф маркази қурилгач, бино атрофини ободонлаштириш баҳонасида яқин ўртадаги уйлар бузилган. Бузилган уйи ўрнига бу оилага шаҳарнинг Темирйўл тумани ҳокимлиги томонидан 2 хонали квартира ажратилган. Ҳокимлик масъуллари уларга яна қўшимча уй ажратиш, кўрилган моддий зарарни қоплашни ваъда қилган. Бироқ оила 2 хонали квартирага кўчиб ўтгач, бу ваъдалар унутилган.

Матлуба Нуруллаеванинг айтишича, 2 хонали квартирада опаларининг фарзандлари билан биргаликда 20 га яқин киши яшаган. Шароит бўлмагани учун акаси ва опа-сингиллари ҳар ёққа тарқаб кетган. Ҳокимлик томонидан қилинган ноҳақликка чидай олмаган ота-она – Тўхтасин ва Муяссар Нуруллаевалар вафот этган. Саккиз фарзанд эса ҳануз нуфузли идоралардан мадад кутиб яшамоқда.

Дилфуза Нуруллаеванинг сўзларига қараганда, икки укаси қариндошлариникида яшамоқда. Қолганлари эса дуч келган одамникида мардикорлик қилиб, кун кўряпти. Танишлариникида яшаб, мардикорлик қилиб, тирикчилик ўтказаётган синглиси 17 ёшли Матлубани номаълум кимсалар зўрлашган. Милиция ва прокуратурага қилинган мурожаатдан эса натижа бўлмаган.

Майсара Нуруллаеванинг таъкидлашича, акаси Муродали Нуруллаев айни пайтда Чақа қишлоғидаги нонвойхонадан бошпана топган. Муродалидоимий яшашга уйи йўқлиги туфайли хотини билан ажралиш арафасидадир. Уларнинг икки фарзанди бор.

Самарқанд шаҳри ҳокими ўринбосари Шароф Ҳотамовнинг билдиришича, ўша вақтда ишлаган раҳбарларнинг барчаси бошқа ишга ўтгани сабабли бу масалага ойдинлик киритишнинг иложи йўқ.

Нуруллаевларнинг адвокати Дилором Саъдуллаева мазкур масала юзасидан туман ҳокими ва туман фуқаролик суди томонидан чиқарилган қарорлар бажарилмаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG