Линклар

Шошилинч хабар
23 январ 2020, Тошкент вақти: 01:54

Халқаро хабарлар

Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига аъзо беш давлат вакиллари учрашуви бўлиб ўтди

Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига аъзо беш давлат расмийлари бугун Алмати шаҳрида иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро ва икки томонлама музокаралар ўтказдилар.
Учрашувдан кейин Қозоғистон Бош вазири Даниал Аҳметов ва Россия Бош вазири вазифасини вақтинча бажараётган Николай Христенко Қозоғистон нефтини Россия ҳудудлари орқали ўтказиш тўғрисида келишиб олинганини маълум қилдилар.
Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига аъзо Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон расмийлари ўртасидаги учрашувда 2006 йилгача Божхона иттифоқи тузиш ҳамда Жаҳон Савдо Ташкилотига қўшилиш йўлидаги ҳаракатни мувофиқлаштиришга келишилди. Қирғизистон Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлганига бир неча йил бўлди.

Кун янгиликлари

Дунëнинг энг бадавлат одами Жефф Безос телефони Саудия шаҳзодаси билан ëзишмадан сўнг ҳак қилинган

Жефф Безос(чапдан иккинчи) Саудия валиаҳд шаҳзодаси(ўртада) билан WhatsApp орқали ëзишиб келган.

The Guardian газетасининг ëзишича¸ Amazon ширкати эгаси Жефф Безос телефони ҳакерлар ҳужумига учраган.

Бу ҳужум Безос Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон телефонидан WhatsApp орқали юборилган видеофайлни олганидан кейин амалга оширилган.

The Wall Street Journal нашрига кўра¸ ҳужум 2018 йил баҳорида бўлган.

Бунгача Безос ва Саудия шаҳзодаси WhatsApp орқали ëзишиб келган.

Ҳакерлик ҳужуми пайтида Безос телефонидаги файллар кўчириб олинган¸ аммо ҳозирча айнан қандай маълумотлар ўғирлангани очиқланмади.

Риëд ҳукмдорлари ўзларининг ҳакерлик ҳужумига алоқаси йўқлигини иддао қилмоқда¸ Безос эса¸ матбуотдаги бу янги маълумотларга муносабат билдирмади.

Ўтгай йил март ойида киберхавфсизлик бўйича таниқли мутахассис Гэвин де Беккер дунëнинг энг бой одами телефонига қилинган ҳужумга Саудиянинг алоқадорлигини айтган эди.

АҚШ нашрлари The Washington Post газетаси ўз шарҳловчиси Жамол Хашоггининг Истанбулдаги Саудия консуллиги биносида ўлдирилишига оид тафсилотларни ëритишни бошлаганидан кейин Риëд Безосга қарши кампания бошлаганини ëзмоқда.

The Washington Post мулкдори Жефф Безосдир.

Швейцария газетаси: Давосда Россия разведкасининг махсус амалиëти олди олинди

Шу кунларда Швейцариянинг Жаҳон иқтисодий форуми ўтаëтган Давос шаҳрида ўтган йил август ойида Россия разведкасининг махсус операцияси олди олинди.

Швейцариядаги Tages-Anzeiger нашрининг 21 январь куни ëзишича¸ 8 август куни мамлакатга келган икки россиялик хавфсизлик хизматлари эътиборини ўзига тортган.

Давоснинг қимматбаҳо меҳмонхонасида тўхтаган икки россияликнинг ҳужжатлари текширилганда¸ улар ўзларининг сантехник эканини айтган¸ айни пайтда¸ дипломатик паспорт кўрсатган.

Швейцария хавфсизлик хизматлари бу икки шахснинг Давос форуми ўтадиган ва меҳмонлар турадиган биноларга махфий эшитиш ускуналари ўрнатиш¸ форум давомида киберҳужум уюштиришга қаратилган махсус амалиëтни йўлга қўйиш учун келганини тахмин қилмоқда.

Россия ТИВ ҳозирча сантехникларнинг қандай қилиб дипломатик паспорт билан Давосга саëҳат қилганига изоҳ бермади.

Жосуслиги тасдиқланмаган икки россиялик август ойидаëқ қўйиб юборилган.

Жаҳон иқтисодий форумининг бу йилги 50-сессиясида 50 дан ошиқ давлат ва ҳукумат раҳбари¸ 3000 дан ошиқ жамоатчилик ва йирик бизнес намояндалари қатнашмоқда.

Тожикистон ССВ мамлакатга хитойликлар келиши чекланишини таклиф қилди

Душанбе аэропорти (иллюстратив сурат).

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ТИВ ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига янги хавфли вирус тарқалиши муносабати билан мамлакатга Хитой фуқаролари келиши чекланишини сўраб, расмий мактуб юборди.

Куни кеча Хитой Соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси янги 2019-nCoV вируси одамдан одамга юқишини тасдиқлади. Айтилишича, касалликни хасталанганлар билан мулоқотда юқтириб олиш мумкин. Беморларнинг кўпчилиги Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд қилинган. Бу шаҳарда куни кеча 2019-nCoV коронавирусига чалинган тўртинчи киши вафот этган.

Шу билан бирга Шанхай, Пекин ва Гуаньдун вилоятида ҳам беморлар аниқланган - уларнинг ҳаммаси Уханга ташриф буюрган эди. Маълумотларга кўра, янги касаллик ХХРдан ташқарига чиқиб кетган: беморлар Таиланд, Жанубий Корея ва Японияда ҳам аниқланди.

Тожикистон соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ўринбосари Мирхомуддин Камолзоданинг 21 январь куни Озодликнинг тожик хизматига маълум қилишича, янги вирус ҳақида хабар тарқалиши билан ХХРдан келганлар устидан аэропорт ва Хитой билан чегарадаги НЎПларда назорат кучайтирилган.

“Чегарадаги назорат-ўтиш пунктларида санитар-карантин постлари фаолият юритади. Қандайдир вирус пайдо бўлиши билан, қоидага кўра, назорат кучайтирилади ва постлар туну кун иш режимига ўтади. Ҳар бир аэропортда замонавий диагностика аппаратуралари ўрнатилган ва ХХРдан келган ҳар бир йўловчи шифокорлар кўригидан ўтишга мажбур. Агар вирус аломатлари қайд қилингудек бўлса, фуқаро махсус машинада юқумли касалликлар шифохонасига жўнатилади”, деди вазир ўринбосари.

Унинг қўшимча қилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига расмий мактуб юбориб, янги хавфли вирус тарқалиши муносабати билан Тожикистонга Хитой фуқаролари, жумладан сайёҳлар келиши чекланишини сўраган.

“Биз Тожикистон аҳолисига хавфли вирус билан боғлиқ вазият барқарорлашгунга қадар Хитойга бормасликларини тавсия қиламиз”, дея қўшимча қилган М. Камолзода.

Хабарларга кўра, янги 2019-nCoV вируси ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Инфекцион белгилари орасида иситма, йўтал, нафас қисиши мавжуд. Беморларнинг ҳаммасида рентгенограмма пневмонияни кўрсатган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 31 декабрь куни Хитой расмийлари эълон қилган янги касалликни муҳокама қилиш учун 22 январь куни фавқулодда қўмитанинг шошилинч йиғилишини чақирган. Ташкилот қаноатича, вирус манбаси сифатида ҳайвонлар кўрилмоқда. Хитой расмийлари касаллик Ухандаги денгиз маҳсулотлари бозорида пайдо бўлганини айтаяпти.

Қозоғистон Шинжондан қочган қозоқларни Хитойга топширмоқчи эмас

Хитойнинг Шинжонидан бўлган икки нафар этник қозоқ - Кастер Мусақан ва Мурагер Алимулининг ҳар бирига бир йилдан қамоқ жазоси белгиланди. Қочқинлар ўзларнинг жазо муддатларини манзил-колонияда ўтайдилар. Аммо улар Хитойга бериб юборилмайди.

"Уларнинг қариндошлари билан учрашишга тўла ҳақлари бор. Шу билан бирга Жиноят кодексининг 62-моддасига биноан минимал хавфсизлик муассасасидаги бир кун икки кунга ҳисобланади. Шу сабабли уларнинг ҳибсда уч ойу уч кун ушлаб турилиши 6 ойу олти кун, деб ҳисобланади. Эндиликда улар беш ойу 24 кун қамоқда бўладилар. Қилмишларига пушаймон бўлганлари учун суд уларни мамлакатдан чиқариб юбормасликка қарор қилди", деди судья Шинар Ўспанова.

Шу пайтга қадар Қозоғистоннинг қатор шаҳарларида Мурагер ва Кастерни қўллаб-қувватлаш мақсадида акциялар бўлиб ўтган – фаоллар қозоқ расмийларидан уларни Хитойга топширмасликни талаб қилганлар. Суд биносининг ўзида ҳам ўнлаб одам тўпланган.

Икки нафар этник қозоқ 2019 йилнинг кузида ҳужжатсиз Хитойдан қочиб келишган. Аввалига улар Олмаотада бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўнгги йилларда Шинжонда авж олган этник озчилик, жумладан қозоқлар таъқиб қилинаётгани боис қочишга мажбур бўлганларини айтишган ва Қозоғистон расмийларига таслим бўлишган эди. Улар Қозоғистондан ўзларига бошпана беришни сўрашиб, Хитойда қолган оила аъзоларини таъқибдан ҳимоя қилишга чақирган эди. Тергов вақтида улар Шинжонда қамоққа ташланишлари мумкинлиги, шу сабабли тарихий ватанлари бўлмиш Қозоғистондан бошпана сўрашга мажбур бўлганларини айтишган.

Кастер ва Мурагернинг адвокати Бауиржан Азанов тергов бошланишида уларнинг ҳужжатларини миграция хизматига топширган эди. У мижозларига бошпана изловчи шахсларга бериладиган ҳужжат берилишини сўраган. Кастер ва Мурагерга бу ҳужжат берилган, аммо Қозоғистон расмийлари ҳали уларга қочқин мақомини берганича йўқ.

“Ҳаëт томошаси” фильми намойиши ашаддий исломчилар таҳдиди остида тўхтатилди

Покистоннинг айрим ҳудудлари ашаддий исломий партиялар назоратида қолмоқда.

Покистон ҳукумати жамиятдаги ахлоқ полицияси роли ва тоқатсизлик мавзуидаги бадиий фильм намойишини ашаддий ақидапарастлар босими остида вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилди.

Режиссëр Сармад Хусат суратга олган “Ҳаëт томошаси” фильми Покистон цензураси тасдиғидан ўтган ва 24 январь куни киноэкранларга чиқиши кутилаëтган эди.

Аммо Покистондаги ашаддий ақидапараст Теҳрик-е Лабайк партияси фильмни “куфр” деб атади ва унинг намойишни тақиқлашни сўради.

Фильм режиссëри ўзининг ашаддий мусулмонлардан ўнлаб ўлим билан таҳдид қилинган қўнғироқлар бўлганини билдирди.

Пунжоб вилояти маъмурияти¸ турли гуруҳлардан бўлган шикоятлар асосида намойишнинг вақтинча тўхтатилгани¸ фильмнинг 3 февраль куни қайта кенгаш муҳокамасига қўйилишини билдирди.

Хусат студияси Теҳрик-е Лабайк партиясини жамоатчилик намойишига ноқонуний аралашувда айблаб судга берди.

Айни пайтда¸ минглаб прогрессив покистонликлар вазиятга аралашишни сўраб¸ Бош вазир Имрон Хонга петиция йўллади.

Фильмда Покистондаги “куфр ва шаккоклик”ка оид қонунларнинг суиистеъмол қилиниши ҳикоя қилинади.

АҚШ Сенатида Дональд Трамп устидан импичмент суди бошланади

Дональд Трамп АҚШ тарихида импичмент қилинган учинчи президент бўлди.

21 январь куни АҚШ Сенатида мамлакат президенти Дональд Трамп устидан импичмент маҳкамаси бошланади.

Демократлар назоратидаги Намояндалар палатаси¸ 2019 йил декабрида АҚШ тарихида учинчи марта¸ Дональд Трампни импичмент қилиш бўйича овоз берган эди.

Намояндалар палатасидаги Демократик партия аъзолари 18 январь куни Трампни давлат ваколатидан ўз шахсий сиëсий манфаати учун фойдаланганлик ва ўз кирдикорларини яшириш учун Конгресс терговига халақит берганликда айбловчи ҳужжатни расман Сенатга тақдим қилди.

Бундай айбловга эса¸ Трампнинг 2020 йилги сайловларда ўз асосий рақиби бўлиши тахмин қилинган демократ Жо Байденга қарши компромат учун Украинага Конгресс томонидан ажратилган маблағни тўхтатиб қўйгани асос бўлди.

20 январь куни Трамп адвокатлари гуруҳи Сенатга топширган 110-бетлик жавоб ҳужжатида демократлар “хавфли равишда” конституцияни бузганликда айбланди ва Сенатдан бу жараëнни тўхтатиш сўради.

Трамп ҳимоячилари импичментдан кўзланган мақсад Трампнинг иккинчи марта президентликка сайланиши олдини олиш эканини иддао қилмоқда.

Президентни қўйилган жиноятларда айбдор деб¸ уни ҳокимиятдан четлатиш учун Сенатнинг учдан икки қисми унга қарши овоз бериши керак. Сенат Трамп мансуб Республикачилар назорати бўлгани учун¸ жараëн сўнггида унинг оқланиши кутилмоқда.

Жаҳон миллиардерлари қўлидаги бойлик қарийб 5 миллиард одамникидан кўпроқдир

Ер юзининг саккиз энг бой одами.

Дунëдаги иқтисодий тенгсизлик «буткул назоратдан чиқиб кетди» ва бунинг оқибатида энг кўп хотин-қизлар зарар кўрмоқда.

Oxfam ташкилотининг Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми арафасида эълон қилган ҳисоботи хулосаси шундай.

Ҳисоботда айтилишича¸ 2019 йилга келиб жаҳондаги саноқли миллиардерлар қўлидаги бойлик жаҳон аҳолисининг 4¸6 миллиарди¸ ëки 60 фоизиникидан ошиб кетган.

Ер шарининг энг бадавлат 22 та миллиардери эса¸ бутун Африка қитъасидаги хотин-қизлар эгалик қиладиган молу мулкни қўшганда ҳам бойроқдир.

Ҳисобот муаллифларига кўра¸ замонавий иқтисодий тузум асосан хотин-қизларни эксплуатация қилиб¸ уларни кам ҳақ тўланадиган оғир ишларга мажбурлаб¸ фойда олиш устига қурилган.

Ҳисоботда¸ даромадга қараб ўсиб борувчи прогрессив солиқ тизими жорий қилиш¸ шунингдек¸ соғлиқни сақлаш тизимида туб бурилиш қилишга оид тавсиялар ҳам берилган.

Давосда Жаҳон иқтисодий форуми бошланди

Швейцариянинг Давос шаҳрида давлат раҳбарлари¸ халқаро ташкилот ва бизнес етакчилари иштирокидаги яна бир Жаҳон иқтисодий форуми иш бошлади.

Форумда 117 давлатдан келган 3000 дан ошиқ сиëсатчи ва тадбиркор иштирок этади¸ улар орасида 50 давлат ва ҳукумат раҳбари¸ 36 нафар миллиардер¸ хусусан¸ Марк Цукерберг, Жорж Сорос ва Билл Гейтс бор.

Форумда сўзга чиқувчилар рўйхатида АҚШ президенти Дональд Трамп¸ Украина президенти Володимир Зеленский, Германия канцлери Ангела Меркель, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, Европа марказий банки президенти Кристин Лагард бор. Россия президенти Путин форум ишида иштирок этмаëтир.

Бу йилги форум кун тартибига янги технологиялар ва киберхавфсизлик¸ глобал соғлиқни сақлаш муаммолари¸ меҳнат бозорининг келажаги¸ ҳамда ҳарбий можароларни ҳал қилиш¸ шунингдек экология муаммоларини муҳокама этиш киритилган.

2020 йилги Жаҳон иқтисодий форумида иккита глобал лойиҳага старт берилади. Бу бир миллиардга яқин одамни ўз ичига оладиган маърифий дастур¸ ҳамда ер куррасида 1 миллиард дарахт ўтқазиш ташаббусидир.

Коррупцияда айбланган Интерпол собиқ раҳбари 13¸5 йиллик қамоққа ҳукм қилинди

Маҳкама ҳукми 21 январь куни ўқиб эшиттирилди.

Хитой маҳкамаси коррупцияда айбланган Интерпол собиқ раҳбари Мэн Хунвэйни 13¸5 йиллик қамоққа ҳукм қилди.

2016 йилдан Интерполга раҳбарлик қилган Мэн Хитойга қилган сафари давомида 2018 йил сентябрида ғойиб бўлган ва кейинроқ Пекин расмийлари унинг пора олишда айбланиб ушланганини маълум қилган эди.

2019 йил июнида бошланган маҳкама жараëнида Мэн Хунвэй икки миллион доллардан кўпроқ пора олганига иқрор бўлди.

Хитой Коммунистик партияси эълон қилган баëнотда¸ Мэн давлат маблағини талон-торож қилиш¸ ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш ва партия қарорларини бажармасликда айбланди. Маҳкама арафасида Мэн партия аъзолигидан ҳайдалган эди.

Интерпол раҳбари лавозимига тайинлангунга қадар Мэн Хитой ижтимоий хавфсизлик вазири ўринбосари лавозимида ишлаган ва катта сиëсий нуфузга эга бўлган.

Эрининг қамалишини сиëсий фитна деб атаëтган амалдорнинг хотини Интерполни ўз раҳбарини ҳимоя қилмаганлик учун судга берди.

Тожикистонда “Мусулмон Биродарлар” иши бўйича ушланганлар сони 70 нафарга етди

Душанбедаги Тожикистон ИИВ биноси.

Тожикистоннинг турли минтақаларида фаолияти тақиқланган “Мусулмон Биродарлар” ("Иҳвонул-муслимийн") ташкилотига аъзолик гумони билан ушланганлар сони камида 70 кишига етди.

Ҳозирча Тожикистон расмийлари бу маълумот юзасидан изоҳ бермаяпти.

Озодликнинг тожик хизмати билан 20 январь куни ўтказилган суҳбатда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз номини ошкор қилишни истамаган икки нафар манба сўнгги икки ҳафта мобайнида фаолияти тақиқланган “Мусулмон Биродарлар” ташкилотига аъзоликда гумонланган Тожикистон фуқаролари сони ошганини билдирган. Жумладан, ИИВнинг иш билан таниш ходимига кўра, бугунги кунга қадар “камида 70 кишига нисбатан” жиноят иш қўзғатилган. Манбанинг маълум қилишича, қўлга олинган кишилар Тожикистон Жиноят кодексининг бир қатор моддалари, жумладан, “экстремистик ташкилот фаолиятини ташкиллаштириш” ва “Тожикистон ҳудудларида фаолияти тақиқланган ташкилотларга аъзолик” моддалари бўйича гумон қилинмоқда. Қонунга биноан бу одамларнинг айби исботлангудек бўлса, уларга нисбатан 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

“Мусулмон Биродарлар” ташкилоти Тожикистон Олий суди қарорига биноан 2006 йилда тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

БМТ Кенгаши мажлисида Азимжон Асқаровни озод қилиш таклифи янгради

Азимжон Асқаров.

Қирғизистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши мажлисида сўнгги тўрт йил учун ҳисоботини тақдим этди ва БМТнинг бошқа аъзоларидан қатор таклифларни қабул қилди.

Ирландия вакили Қирғизистонни Ўш воқеалари ортидан умрбод қамоққа ҳукм этилган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни озод қилишга чақирди.

Қирғизистон Олий суди судьяси Кенешбек Тўқтўмамбетов суд тизимидаги ишларга оид ўз нутқида А. Асқаров ишига ҳам тўхталиб ўтди. У ҳукм Қирғизистон қонунларига мувофиқ чиқарилганини қайд этди ва Асқаровнинг шикоят аризаси яқин орада кўриб чиқилажагини билдирди.

Азимжон Асқаров 2010 йилдаги қонли ҳодисалардан кейин тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони билан қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирган.

Лукашенко мамлакат ҳарбий бошқарувини ўзгартирди - Мудофаа вазири янгиланди

Президент Лукашенко мамлакат ҳарбий қўмондонлари билан.

Беларус президенти Александр Лукашенко 20 январь куни мамлакат ҳарбий бошқарувида қатор кадр ўзгаришлари амалга оширди¸ хусусан¸ Мудофаа вазирини алмаштирди.

Беларус янги Мудофаа вазири этиб Лукашенко Ғарбий қўшин қўмондони¸ генерал-майор Виктор Хренинни тайинлади.

Мудофаа вазири бўлиб келган генерал-лейтенант Андрей Равков эса мамлакат Хавфсизлик кенгаши бош котиби лавозимига ўтказилди.

Лукашенко шунингдек генерал-майор Александр Валфовични қуролли кучлар бош қўмондонлиги раҳбари этиб тайинлади.

Ҳарбий тизимдаги кадр ўзгаришларини изоҳлаган Лукашенко¸ “мураккаб замонда яшаяпмиз¸ ҳарбий тизим мавҳумликка тоқат қилолмайди”¸ деди жумладан.


Путин Юрий Чайкани Россия Бош прокурорлиги лавозимидан бўшатди

Юрий Чайка Путинга яқин амалдорлардан биридир.

Юрий Чайка Россия Бош прокурори лавозимидан озод этилди.

Президент Путин Федерация кенгашига бу лавозимга Тергов қўмитаси раҳбари ўринбосари Игорь Краснов номзодини таклиф қилди.

Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати маълум қилди.

Расмий хабарга кўра¸ Чайка «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» Бош прокурорликдан кетган¸ аммо унинг қайси ишга ўтгани ҳозирча очиқланмади.

Путин тавсия қилган номзод Федерация кенгашида 22 январь куни муҳокама қилинади.

2006 йилдан бери мамлакат Бош прокурори лавозимида ишлаб келган Чайканинг ўғиллари Россиядаги энг бадавлат тадбиркорлардан саналади.

Кремлнинг ашаддий танқидчиси бўлган Алексей Навальний гуруҳи ҳозирлаган энг машҳур журналистик тадқиқотлардан бири айнан Чайкалар оиласига бағишланган.

Эрон уриб туширилган учқич қора қутисини Украинага бериш фикридан қайтди

Украина учқичининг экипаж аъзолари ва икки йўловчи жасади солинган тобут 19 январь куни Киевга олиб келинди.

Эрон ҳукумати ўз ҳарбийлари томонидан хатолик сабаб уриб туширилган Украина учқичи қора қутисини Киев ихтиëрига топшириш фикридан воз кечди.

Бу ҳақда давлатга қарашли IRNA ахборот вазирлиги хабар берди.

Фалокат сабабларини тафтиш қилаëтган ҳукумат комиссияси раҳбари Ҳассан Резайфар “Украина Boeingига қарашли қути қўлимизда¸ уни ҳозирча Киевга юбориш режамиз йўқ”¸ деган.

19 январь куни Канада ҳукумати Теҳронга яна бир расмий сўров юбориб¸ уриб туширилган учқич қора қутисини зудлик билан Франция ëки Украинага топширишни талаб қилди.

8 январь куни уриб туширилган учқич бортидаги аксар йўловчи канадаликлардир.

Айни пайтда¸ 19 январь куни учқичнинг 11 украиналик қурбони жасади Киевга олиб келинди. Тобутларни кутиб олиш маросимида Украина президенти ва Бош вазир иштирок этди.

The New York Times таҳририяти президентликка икки аëл номзодини қўллади

Сенатор Элизабет Уоррен (чапдан иккинчи) ва Эми Клобушар(ўнгдан биринчи)

У ëки бу президентликка номзодни очиқ қўллаш анъанасига эга нуфузли газета бу йил Демократик партиянинг бир эмас¸ икки номзоди - сенатор Элизабет Уоррен ва Эми Клобушарни қўллаб-қувватлашини эълон қилди.

Бу баëнот Демократик партия маҳаллий қурултойларида номзодларга овоз беришни бошлашидан икки ҳафта олдин қилинди.

Жорий президент Дональд Трампни қўлламаслигини таъкидлаган газета таҳририяти уни «ирқчилик»¸ «мифологик ўтмиш» ва авторитар бошқарувга мойилликда айблади.

Ўз ягона номзодини танлаш жараëнини олиб бораëтган демократлар орасидаги асосий баҳс қайси мўътадил ëки радикал сўлчилардан қай бири мафкуравий платформасини қўллаш устида бормоқда.

The New York Times газетаси таҳририяти эса¸ ҳар иккала платформадан биттадан аëл номзодни танлашга қарор қилганини билдирди. Уоррен радикал¸ Клобушар эса¸ мўътадил сиëсатчи кўрилади.

Газета таҳририяти Берни Сандерс ва сўлчиларнинг бошқа номзодларини уларнинг муросасизлиги¸ шунингдек саломатлиги борасидаги хавотирлар боис қўлламаслигини таъкидлади.

"Бу икки аëлдан яхшироғи ғалаба қозонсин»¸ деб ëзди газета таҳририй ҳайъати.

Демократларнинг биринчи маҳаллий қурултойи 3 февраль куни Айова штатида бўлади.

Сўнгги умуммиллий ижтимоий сўровга кўра¸ Жо Байден ҳамон биринчиликда бормоқда.

Хитой янги вирус билан боғлиқ 140 та ҳолат қайд этилганини очиқлади

Хитойнинг Ухань шаҳрида тиббиёт ходимлари номаълум вирусни юқтириб олган хастани касалхонага олиб кетмоқдалар, 2020 йил 18 январи.

Хитой шаҳарларида номаълум юқумли вирус тарқалмоқда. Ҳордиқ кунлари 139 та вирус юқиш ҳолати қайд этилган, улардан учтаси ўлим билан тугаган, дея маълумот тарқатди 20 январь куни Хитой расмийлари.

Ўпкани ишдан чиқарадиган ва атипик пневмонияга ўхшаш симптомли хасталик келтириб чиқарадиган вируснинг тарқалиш манбаси ҳали аниқланган эмас. Бу эса жаҳон ҳамжамиятида хавотир уйғотмоқда. 2002 йили шу каби вирус Хитой ва Ҳонконгда 600 дан зиёд кишининг ёстиғини қуритганди.

Касалликнинг юқиш йўли ҳам ноаниқлигича қолмоқда. Экспертлар вируснинг ҳайвонлардан инсонларга ўтганини тахмин қилмоқдалар, бироқ унинг инсондан инсонга юқиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаяптилар.

19 январдаги ҳолатга кўра, Хитойнинг Ухань шаҳрида 198 та касалланиш ҳолати қайд этилган, улардан учтаси ўлим билан тугаган. Шунингдек, Таиландда икки, Японияда эса бир киши мазкур вирусни юқтириб олганлигини хабар қилинмоқда.

Британиялик экспертларга кўра, вирус юқтириб олган одамлар сони расмий маълумотлардагидан анча кўп бўлиши мумкин.

АҚШнинг Сан-Франциско, Лос-Анжелес и Нью-Йорк шаҳарлари аэропортларида Хитойнинг марказий вилоятларидан келаётган йўловчилар 18 январдан бошлаб кўрикдан ўтказила бошлаган.

Яманда ракета ҳужумидан 70 ҳарбий ҳалок бўлди

Ямандаги Ҳусий жангарилари.

Яманда ракета ҳужуми оқибатида шанба куни ҳукумат кучларининг камида 70 нафар аскари нобуд бўлди. Ҳужум Ҳусий исёнчилари томонидан амалга оширилгани тахмин қилинмоқда.

Ракета зарбаси Мариб вилоятидаги ҳарбий лагерга берилган. Қайд этилишича, ракета намоз чоғида масжидга бориб теккан. Қурбонлар сони аниқ эмас. Бу сон манбалар айтган 70 нафардан кўп бўлиши ҳам мумкин.

Яманнинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган президенти Абд Раббу Мансур Ходий зарбани “қўрқоқларча террор ҳужуми” деб атаб, Ҳусий радикал шиа гуруҳи ортида Эрон турганини урғулади. Ходийни эса Ямандаги қонли урушда Саудий Арабистони ва минтақадаги қатор давлатлар дастакламоқда.

Яманда фуқаролар уруши 2014 йилдан бери давом этмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ўтган давр ичида бу уруш 100 мингдан кўпроқ кишининг ёстиғини қуритган.

10 дан ортиқ давлат раҳбари Ливиядаги вазият муҳокамаси учун Берлинга йиғилди

19 январь куни 10 дан ошиқ давлат, жумладан, Туркия, АҚШ ва Россия вакиллари Берлинда тўпланди.

Улар "яна бир Сирия"га айланмаслиги учун, Ливиядаги вазиятни муҳокама қилди.

Германия канцлери Ангела Меркель мезбонлик қиладиган саммитга Хитой, Британия, Франция, Миср, Алжир ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари вакил юбориши айтилган. Саммитда БМТ, Европа иттифоқи ҳамда Араб лигаси вакиллари ҳам қатнашиши айтилган.

Саммит иштирокчилари орасида АҚШ давлат котиби Майко Помпео, Россия президенти Владимир Путин, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған, Франция президенти Эммануэль Макрон ҳамда Британия бош вазири Борис Жонсонлар бор. Шунингдек, саммитда Ливияда бир-бирига қарши курашиб келаётган икки рақиб ҳукумат вакиллари бор.

Помпео билан Берлинга отланган АҚШ расмийси Ливия тобора Сурияга ўхшаб бораётганини, хусусан, кўплаб одам ҳалок бўлганини ва минглаб одам Европага қочаётганини айтди.

Саммит давомида Германия ҳамда БМТ Ливияда жанг қилаётган тарафларни ўт очишни тўхтатишга ва кузатув механизмини жорий қилиш бўйича келишув имзолашга чорлаши кутилмоқда.

Православ насронийлар эпифания байрамини нишонламоқда

Православ насронийлар пайғамбар Исо Масиҳ таваллудига боғланган 3 муқаддас байрамлардан бири - эпифанияни нишонламоқда.

Православ календарь бўйича 19 январга тўғри келган байрамда диндорлар, Исо Масиҳнинг Иордан дарёсида чўқинтирилгани рамзи ўлароқ, совуқ сувга шўнғийди.

Ушбу анъана нафақат гуноҳларни ювиш, балки бардошлилик ва баркамол соғлик синови ўлароқ кўрилади.

90 миллионга яқин аъзоси бўлган Рус православ черкови муздек сувга шўнғиш удумини эпифания арафасида ҳамда байрам куни амалга оширишга чорлайди.

Россия патриархи Кирил байрам арафасини Москвадаги Халоскор Исо соборида нишонлади.

18 январдан 19 январга ўтар кечаси минглаб москвалик дарё ва бассейнга шўнғигани хабар қилинди.

19 январь оқшомида ҳам минглаб диндорнинг муздек сувга шўнғиб, эпифанияни нишонлаши кутилмоқда.

Москва думаси депутати Конституция ўзгаришига қарши норозиликка чорлади

Москва шаҳри думаси депутати Юля Галямина

Москва шаҳри думасининг либерал кўрилган депутати Юля Галямина москваликларни 19 январь куни президент Владимир Путин таклиф қилаётган конституцион ислоҳотларга қарши норозилик билдиришга чорлади.

17 январь куни Галямина ВКонтакте тармоғидаги саҳифасида Путин 15 январь куни Федерал мажлис олдида сўзлаган нутқи давомида таклиф қилган ўзгаришларни давлат тўнтаришига тенглаштирди.

Галямина пойтахт аҳолисини ҳуқуқшунос Станислав Маркелов ҳамда «Новая газета» журналисти Анастасия Бабурова қотиллигини хотирлашга бағишланган ва олдиндан режалаштирилган акцияда қатнашишга чорлади.

17 январь куни Москва шаҳри мэрияси 1 февраль куни Сахаров проспектида конституцияни ўзгартиришга қарши 10 минг кишилик акцияга рухсат берди.

Россия президенти Владимир Путин 15 январь куни Федерал мажлисга берган йиллик ҳисоботи давомида мамлакат конституциясига йирик ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди.

Бу ўзгартиришлар Россия Давлат кенгаши, парламент ва бош вазир ваколатларини кенгайтиришга қаратилгани айтилди.

Путиннинг Федерал мажлисга мурожаати ортидан 2012 йилдан буён бош вазир Дмитрий Медведев бошқариб келган ҳукумат истеъфога кетди.

Таҳлилчилар 2024 йилда президентлик муддати тугайдиган Путин конституцияни ўзгартириб, ўзига замин тайёрлаётганини айтишмоқда.

Украина президенти бош вазири истеъфосини қабул қилмади

Украина президенти Володимир Зеленский бош вазир Алексей Гончарукнинг истеъфосини қабул қилмади. Зеленский Гончарук ҳамда унинг ҳамкасбларига “агар улар бугунги жамият учун жуда муҳим бўлган айрим масалаларни ҳал қилсалар”, уларга имкон беришга қарор қилганини айтди. Бу ҳақда Украина президенти сайтида хабар берилди.

Баённомада ёзилишича, Зеленский ҳозир “давлатни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан остин-устун қилиш мавриди эмаслигини” айтган.

Аввалроқ Гончарук истеъфога чиқишини эълон қилган эди. Бунга Гончарук Зеленскийнинг иқтисодий билимга эга эмаслиги ҳақида нолигани акс этган аудиоёзув Интернетда улашилгани туртки бўлди.

Украина конституциясига кўра, истеъфога чиқиш тўғрисидаги қарорларни Олий Рада қабул қилади. Аммо Гончарук ўз аризасини Зеленскийга юборди.

Гончарукнинг сўзларига кўра, аудиоёзувда ҳукумат йиғилишлари давомида айтган гапларидан парчалар жамланган. Бош вазир аудиоёзувни ислоҳотларга қарши тарафлар эълон қилганини таъкидлади. Зеленский эса икки ҳафта ичида Гончарук ва бошқа расмийларнинг суҳбатларини ёзишда иштирок этганларни топишни талаб қилди. Шунингдек, у келажакда бунга ўхшаш ҳолатлар олдини олиш учун чора кўрилишини сўради.

Аудиоёзувлар чоршанба куни YouTube платформасида эълон қилинди. Ёзув ҳақиқийлиги ҳали тасдиқлангани йўқ. Давлат хавфсизлик хизмати эса ушбу ҳолатга алоқаси йўқлигини билдирди.

Гончарук ўтган йили Олий Рада сайловларида Зеленскийнинг “Халқ хизматкори” партиясини ғолиб чиққанидан кейин ҳукумат тепасига келган эди

Канада Эронда уриб туширилган учоқ қурбонлари оилаларига моддий ёрдам кўрсатади

Канада бош вазири Жастин Трюдо “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли учоқ Эронда уриб туширилиши оқибатида ҳалок бўлган 57 нафар Канада фуқароси ҳамда 29 нафар доимий резиденти оиласига шошилинч моддий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

17 январь куни Трюдо ўз ҳукумати ҳалок бўлган йўловчилар оиласига 25 минг Канада доллари беришини, аммо бу пулни Эрон тўлиқ компенсация қилишини кутишини айтди. Бош вазир ушбу илк ёрдам оила аъзоларининг яқинларини дафн этиш, Эронга саёҳат қилиш билан боғлиқ ва бошқа кечиктириб бўлмас харажатларини қоплашни кўзлашини айтди.

Вазир Эрон кейинчалик тўлайдиган товон жабр кўрган оилаларга ўтказиб берилишини айтди.

- Англашилмовчилик бўлмасин, бу оилаларга Эрон товон тўлашини кутамиз. Аммо мен бу оилалар билан кўришдим. Улар ҳафталаб кутиб ўтира олишмайдилар. Уларга ҳозир ёрдам керак, — деди Трудо.

Эрон расмийлари аввалига 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини ракета уриб туширганини кескин рад этиб, кейинроқ эса учоқни мамлакат ҳарбийлари “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширганини тан олди.

Ҳалок бўлган 172 йўловчи орасида Канада фуқароларидан ташқари Эрон, Афғонистон, Украина, Швеция, Британия ва Германия фуқаролари ҳам бўлган.

Канада 2012 йилда Теҳрон билан дипломатик алоқаларни узган эди. Аммо Трюдо ҳалокат ортидан Канада ташқи ишлар вазири Эрон расмийлари билан мулоқотда эканлигини айтди.

Хитойда туғилиш кўрсаткичи 1949 йилдан бери энг паст даражага тушди

2019 йилда Хитойда туғилиш кўрсаткичи 1949 йилдан бери энг паст даражага тушди.

17 январь куни Хитой статистика миллий бюроси ўтган йили ҳар 1000 кишига 10,48 ни ташкил қилганини маълум қилди.

Бюро маълумотларига кўра, 2019 йилда умумий ҳисобда 14,65 миллион чақалоқ туғилган. Бу аввалги йилдагидан 580 мингтага оздир.

2019 йил охирида Хитой аҳолиси 1,4 миллиард кишини ташкил қилди.

Соғликни сақлаш, таълим ҳамда турар жой нархлари ошиб бораётгани оилаларни озроқ фарзанд кўришга ёки умуман бола қилмасликка ундамоқда.

Хитой ҳукумати 2015 йилда “бир оилага бир фарзанд” сиёсатини бекор қилди. Аммо статистика бу қарор туғилиш даражасига таъсир кўрсатмаганини кўрсатмоқда.

Аҳолиси энг кўп давлат ҳисобланувчи Хитойда қариялар сонининг ошиб бораётгани соғлиқни сақлаш ҳамда нафақа тизимларини мушкул аҳволга солиб қўйган.

Доҳада АҚШ ва Толибон вакиллари тинчлик музокараларини олиб бормоқда

Қатар. Толибоннинг Доҳа шаҳридаги қароргоҳи.

Толибон вакили Суҳаил Шаҳин Қатар пойтахти Доҳада АҚШ махсус вакили Залмай Ҳалилзод билан музокараларнинг иккинчи куни ўз якунига етганини маълум қилди.

- Ҳар икки тараф кеча ва бугун самарали музокара олиб борди. Музокаралар яна бир неча кун давом этади. Биз улар ҳақида маълумот бериб борамиз, — деб ёзди Шаҳин ўз Twitter саҳифасида.

Вакил музокаралар фойдали бўлганини ҳамда икки тараф келишув имзолашни муҳокама қилаётганини қўшимча қилди.

Ҳозирча АҚШ расмийлари музокаралар ҳақида баёнот бергани йўқ.
Шундай бўлса-да, Reuters агентлиги исми очиқланмаган манбаларга таянган ҳолда агар тарафлар келишувга эришса, Толибон 10 кунга ўт очишни тўхтатишини, Афғонистондан ҳужумларни озайтиришини ҳамда Афғонистон ҳукумати расмийлари билан музокара олиб боришини хабар қилди.

Таҳлилчилар Толибон билан тинчлик келишувини имзолаш мамлакатда тинчлик ўрнатилишига замин яратишини айтишмоқда.

Эрон олий раҳбари 8 йилда илк марта жума намозига имомлик қилди

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий.

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий саккиз йилдан биринчи марта жума намозида имом вазифасини бажарди.

17 январь куни Теҳроннинг Мосалла масжидида айтган ваъзида 80 ёшдаги Хоманаий Эрон Ироқдаги АҚШ ҳарбийларига ракета билан қилган ҳужум “димоғдор тузум юзига туширилган тарсаки” бўлганини айтди.Намоз кўп сонли полиция назорати остида ўқилди.

Эронда 11 январь куни расмийлар “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини адашиб уриб туширганини тан олганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тинчимаяпти.

Эрон расмийлари аҳолини мамлакат ҳарбийлари ҳамда Ислом инқилоби муҳофазаси корпусини қўллашга чорлади.

“Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатининг Теҳрон-Киев йўналишидаги PS752 рейси 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай Эрон ҳарбийлари отган ракета туфайли қулаб тушган эди.

Эрон армияси “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширилганини айтаётган учоқ бортидан 176 кишининг барчаси ҳалок бўлди.

Учоқ бортида 82 эронлик, 57 канадалик, 11 украиналик, 10 швециялик, 10 афғонистонлик, 3 германиялик ҳамда 3 нафар британиялик бўлган.
Теҳрон бошида ҳарбийлари учоқни уриб туширганини рад этди, аммо буни тасдиқловчи далил кўпайиши ортидан ракета “ҳарбийлар хатоси” туфайли уриб туширилганини тан олди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG