Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:05

Европа Иттифоқи Яқин Шарқ тинчлик жараёни АҚШнинг “Барқарор Яқин Шарқ” лойиҳасига киритилишини хоҳлайди.


Шу ҳафтада Вашингтонда бўлиб ўтган юқори даражали учрашувда Европа Иттифоқи делегацияси АҚШнинг “Барқарор Яқин Шарқ”, деб номланган янги ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бироқ, делегация аъзолари АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэллга Оқ Уйнинг мазкур лойиҳаси Яқин Шарқ тинчлик жараёнини ҳам ўз ичига олиши керак, деган фикр билдирдилар.

Ҳасанжон: Абдуллоҳ Эргаш маълумотларга кўра, Вашингтон расмийлари ишлаб чиққан “Барқарор Яқин Шарқ” лойиҳаси минтақадаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этишга, шунингдек Яқин Шарқда ислоҳотлар ўтказилишига ва демократик жараёнларга туртки беришга қаратилган.

АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл Яқин Шарқ давлатларида демократик жараёнлар амалга оширилишида АҚШ муҳим рол ўйнашга тайёр эканини, чунки бу терроризмни тугатишда катта аҳамиятга эга эканини билдирди.

Аммо мазкур лойиҳага Яқин Шарқ тинчлик жараёни киритилмаган. Шу сабабли Европа Иттифоқи делегацияси 1 март куни Оқ Уйда бўлиб ўтган учрашув чоғида АҚШ расмийларига “Барқарор Яқин Шарқ” лойиҳаси Исроил-Фаластин тинчлик жараёнини ҳам ўз ичига олиши керак, деган фикрни билдирганлар.

Европа Иттифоқининг Ташқи Сиёсат бўйича мутасаддиси Хавиер Солананинг 3 март куни Қоҳирада Миср Президенти Хусни Муборак билан учрашуви чоғида ҳам айни масала кўтарилган. Учрашувдан сўнг, Солана Яқин Шарққа оид ҳар қандай ташаббус Исроил ва Фаластин ўртасидаги тинчлик жараёнини ўз ичига олиши керак, деган ғояни яна бир бор билдирди: “Тинчлик жараёни доимо ҳар қандай ташаббус марказида бўлиши керак. Тинчлик жараёнини ҳал қилмай туриб, бу жараёнда олдинга силжишга эришмай туриб, Ўртаер денгизи атрофида жойлашган ажойиб давлатларда бирор бир ташаббусни муваффақиятли амалга ошириб бўлмайди”, - деди Хавиер Солана.

А.Э.: Ҳасанжон, АҚШнинг Яқин Шарқда ислоҳотлар ўтказиш лойиҳасига араб давлатлари қандай муносабат билдирмоқда? Бу мамлакатлар етакчилари Оқ Уй ташаббусини қўллаб-қувватлаяптими?

Ҳасанжон: Бу режа минтақа давлатларида турлича қабул қилинмоқда. Маълум бўлишича, кўпгина араб давлатлари ҳукуматлари АҚШнинг янги режасига қарши чиқяпти.

Сурия, Саудия Арабистони ва Миср Яқин Шарқда ислоҳотлар ўтказиш ҳақидаги Вашингтоннинг мазкур лойиҳасига эътироз билдирган. Араб давлатлари ҳукуматлари минтақада ислоҳотлар ўтказиш ташаббуси ташқаридан эмас, балки ичкаридан бўлиши кераклигини, демократияни экспорт қилиб бўлмаслигини ва Вашингтоннинг “Барқарор Яқин Шарқ” лойиҳаси фақат АҚШ манфаатларига хизмат қилишини айтмоқдалар.

Айни пайтда, араб давлатлари раҳбарлари ҳам Европа Иттифоқи вакиллари каби Яқин Шарқ тинчлик жараёнини ҳал этмай туриб минтақада ислоҳотлар ўтказиб бўлмаслигини, чунки минтақадаги зиддият ва беқарорлик замирида айнан Исроил-Фаластин можароси ётганини таъкидламоқдалар. Хусусан, Миср Ташқи Ишлар Вазири Аҳмад Моҳир барқарорлик минтақадаги ҳар қандай ислоҳотнинг ажралмас қисми бўлиши кераклигини ва у фақат Исроил-Фаластин можароси адолатли ҳал этилгандагина амалга ошишини билдирди.

А.Э. Мазкур лойиҳа қачон эълон қилиниши кутилмоқда?

Ҳасанжон: АҚШ ҳукумати “Барқарор Яқин Шарқ” номли янги лойиҳасини июн ойида Европа Иттифоқи ва саноати тараққий этган саккиз давлат раҳбарлари саммитида расман эълон қилиши кутилмоқда.

Аммо у ҳали эълон қилинмасданоқ араб давлатлари орасида бўлиниш юзага келмоқда. Кўпгина араб давлатлари раҳбарлари АҚШ улар билан маслаҳатлашмасдан янги режа ишлаб чиққанидан норози бўлаётган бир пайтда, Қатар Ташқи Ишлар Вазири АҚШ ташаббусини инкор қилмаслик кераклигини айтган.

“Биз билмаган нарсамизни рад этмаслигимиз керак. Агар бу ташаббус-нинг ижобий жиҳатлари бўлса, биз унга қўшилишимиз керак. Агар ташаб-буснинг салбий жиҳатлари бўлса, улар қайсилар эканини аниқлашимиз керак”, - деган Қатар Ташқи Ишлар Вазири Шайҳ Ҳамадд бин Йассим Ас-Сани.

А.Э.: Раҳмат. Муҳтарам тингловчи, бу АҚШнинг “Барқарор Яқин Шарқ”, деб номланган лойиҳаси хусусидаги маълумотлар эди.
XS
SM
MD
LG