Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:40

Қозоғистон матбуоти: бири хуш, иккинчиси нохуш хабар.


Гапни хушхабардан бошлай қолайлик. Алмати шаҳар Жетису туман суди 17 март куни мухолиф фикрлар минбари бўлган "Время" ҳафталиги ходими Геннадий Бендицкийни оқлади ва давлат маблағининг ўзлаштирилгани тўғрисида у эълон қилган материалларни ишончли, деб топди. Суд қарорига кўра, Бендицкий давлатга қарашли Республика Инновация Жамғармаси раҳбари Асиғат Жабағинга туҳмат қилган эмас.

Геннадий Бендицкийга нисбатан жиноий иш ўтган йилнинг декабрида, давлат бюжжетидан ажратилган пулларнинг тақдири тўғрисида мақола эълон қилганидан сўнг очилган эди. Журналист Қозоғистон Мудофаа вазирлигига ажратилган ҳамда Россия ва Украинанинг автомобиль таъмирлаш заводларига тўланиши лозим бўлган пулларнинг нималарга сарфланганига қизиққан эди. Бендицкийнинг аниқлашича, бир ярим миллион долларлик маблағнинг бир қисми воситачи ширкатлар бошлиқлари чўнтагига тушган. Республика Инновация Жамғармаси раҳбари Асиғат Жабағин ўша воситачилардан бири эди.

Мақола чиққанидан кейин Асиғат Жабағин Бендицкийнинг устидан судга шикоят қилган, шундан сўнг жиноий иш қўзғатилган эди. Жабағинга кўра, Бендицкий матбуотда эълон қилган мақоласида унга нисбатан туҳмат қилган.

Бироқ суд ишни синчиклаб ўрганиб чиқиб, Бендицкий эълон қилган мақоладаги фактлар ўз тасдиғини топганини эътироф этди ва Жетису туман суди судьяси Сергей Кишкинов суд қарорини эълон қилди. Шундай қилиб жиноят қилмаган, деб тан олинди ва оқланди.

Қозоғистон Журналистлар уюшмаси раиси Сейтқази Матеев суднинг қарорини бутун журналистларнинг ғалабаси, деб баҳолар экан, шундай деди:

"Мамлакатимизда ҳар бир журналист маълумот излаш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эгадир. Бендицкийнинг оқланиши мана шу фикрнинг ҳамда журналистлар жамоаси тўғри йўлдан бораётганлигининг далилидир".

Шуниси қизиқки, қозоғистонлик журналистлар ҳамкасблари Геннадий Бендицкийнинг ғалабасини нишонлаган кун - 17 мартда Қозоғистон парламенти қуйи палатаси - Мажлис оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги янги қонунни қабул қилди. Мазкур қонун лойиҳаси кўплаб журналистларнинг норозилигига сабаб бўлаётган эди. Масалан, қозоғистонлик мустақил журналист Сеитахмад Қуттиқадам Озодлик мухбири саволларига жавоб берар экан, мазкур қонун лойиҳасини ўта заиф, парламентга ва президентликка сайловлар олдидан мустақил ташкилотлар, мухолифатчи партиялар, мустақил матбуот йўлини тўсиш учун амалга оширилаётган найрангдир, деб баҳолаган эди.

Мажлис муҳокамаси ва тасдиғидан ўтган қонунни, маълумотларга қараганда, парламентнинг юқори палатаси - Сенат 18 март куни тасдиқлашга улгурди. Энди унинг Президент томонидан имзоланиши қолди, холос.

Чегара билмас мухбирлар халқаро ташкилоти вакили Caroline Giraud янги қонун юзасидан фикр билдирар экан, унинг кўплаб моддалари сўз эркинлигини чеклайди, дейди ва жумладан мана бу фикрни билдирди:

”Рўйхатга олиш тизими расмийларнинг бу масалага ўзбошимчалик билан ёндошишига, қўшимча шартларни илгари суришига имкон беради. Бу эса матбуотга босим ўтказишга йўл очиб беради. Бу қонун нашрлар, кўрсатув ва эшиттиришлар мазмунининг ҳам чекланишига олиб келади".
XS
SM
MD
LG