Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2024, Тошкент вақти: 06:14

Халқаро хабарлар

Испанияда Мадридаги портлаш қурбонлари хотирасига мотам маросими бўлиб ўтди

Маросимда Испания Қироли Хуан Карлос ва қирол оила аъзолари иштирок этмоқда. Мотам маросимидан олдин Испаниянинг янги сайланган Бош вазири Хосе Луиса Родригес Британия Бош вазири Тони Блеер билан учрашди. Маросимдан кейин эса Испания Бош вазири Германия Канцлери Герҳард Шрëдер ва Франция Президенти Жак Ширак билан учрашди.
Эслатиб ўтамиз Мадрид портлашларида 190 киши халок бўлган эди.

Кун янгиликлари

Хитой хакерлари икки йил мобайнида Қозоғистон IT-инфраструктурасини назорат қилган

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Киберҳужумларни таҳлил ва тергов қилиш маркази GitHub платформасида 16 февраль куни қозоғистонликларнинг ўғирланган шахсий маълумотлари ошкор этилишини “системасиз ҳаракатлар ва ташкилот манфаатини давлат манфаатидан юқори қўйиш маҳсули” сифатида баҳолади. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати хабар берди.

Марказнинг билдиришича, хитойлик хакерлар гуруҳи зарарли дастурлардан, Windows, Mac, iOS ва Android учун троянлардан, DDoS хизматларидан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини деанонимлаштириш иловаларидан, Wi-Fi'ни бузиш ускуналаридан фойдаланиб қозоғистонликларга доир шахсий маълумотларни ўғирлаб келган.

Қайд этилишича, камида битта хакерлик гуруҳи Қозоғистон алоқа операторларининг муҳим IT-инфратузилмаси устидан икки йил давомида тўлиқ назоратни ўрнатган. Хакерлар қўнғироқлар давомийлигини, қурилма ИМEИ-ларини ва биллингни кузатиб борган. Сиздирилган маълумотлар ичида Пенсия жамғармаси, Air Astana ва Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг почта серверига тааллуқли маълумотлар ҳам бор.

Бундан ташқари, хакерлар "ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига, жумладан, Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларининг қурилмаларига мақсадли ҳужумлар уюштирган.

Аввалроқ, киберхавфсизлик ва IT технологияларга ихтисослашган қатор нашрлар номаълум шахслар GitHub платформасига Хитойнинг I-Soon инфохавфсизлик компаниясининг ички ҳужжатларини жойлаган.

Ҳужжатларда Хитой дунё бўйлаб ижтимоий платформалар, телекоммуникация компаниялари ва бошқа ташкилотлардан яширинча маълумот олишига мўлжалланган жосуслик дастурлари муҳокама қилинган.

Ҳужжатларда айтилишича, Хитой жосуслик дастури, жумладан, Қозоғистоннинг Beeline ва Tele2 телекоммуникация компанияларидан ҳам нозик маълумотларни ўғирлашга муваффақ бўлган.

Тадқиқотчилар бу жосуслик амалиёти Хитой ҳукумати томонидан уюштирилганлигини гумон қилмоқда.

20 февраль куни Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Миллий хавфсизлик қўмитаси билан биргаликда "маълумотлар қандай сизиб кетганлиги”ни ўрганаётганини маълум қилди. Вазирлик ортиқча тафсилотларни келтирмаган.

“Таҳлил натижаларига кўра, тегишли ташкилотларда шахсий маълумотлар ва уларни муҳофаза қилиш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида режадан ташқари текширишлар ўтказилади”, дейилади вазирликнинг баёнотида.

ОАВ Украинада ҳалок бўлган камида 45 минг рус ҳарбийси шахсини аниқлади

Ҳалок бўлганлар тўғрисидаги маълумотни журналистлар волонтёрлар кўмагида йиғмоқда.
Ҳалок бўлганлар тўғрисидаги маълумотни журналистлар волонтёрлар кўмагида йиғмоқда.

Би-би-си ва "Медиазона" волонтёрлар кўмагида олиб бораётган ҳисоб-китоб натижасида Украина урушида ҳалок бўлган камида 45 123 нафар Россия ҳарбийсининг исми аниқланди.

Уларнинг учдан икки қисми Украина уруши бошлангунига қадар армияга алоқадор бўлмаган шахслар: кўнгиллилар, мобилизация қилинганлар, собиқ маҳкумлар ва хусусий ҳарбий ширкатлар томонидан ёлланганлар. Исми аниқланган 5406 нафар мобилизация қилинганларнинг 80 фоизи урушнинг иккинчи йилида ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг асосий қисми Краснодар ўлкаси, Свердлов вилояти, Бошқирдистон Республикаси ва Челябинск вилоятида яшаган.

2023 йилда журналистлар томонидан Украина урушида ўлган 27 906 рус ҳарбийсининг исми аниқланган. Бу эса Украина уруши бошланган 2022 йилдаги кўрсаткичдан 57 фоизга кўпдир.

Донецк вилояти туманлари, жумладан, Авдеевкага ҳужум бошланган 2023 йилнинг февралидан 2024 йил февралигача мазкур фронт чизиғида тадқиқотчилар камида 6614 рус ҳарбийси ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Журналистлар қурбонларнинг шахсини маҳаллий ҳокимликлар, матбуот, ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва қабристонлардан олинган очиқ маълумотлар асосида аниқлаган. Тадқиқотчилар нуқтаи назарича, қурбонлар сони бу рақамдан камида икки баробар кўп бўлиши эҳтимол.

Москва ва Киев урушда ҳалок бўлган аскарлар сонини ошкор қилмай келмоқда. Урушаётган томонлар ўзларининг ютуқларини бўрттириб кўрсатиш ва мағлубиятини яширишга мойил бўлади.

Озодлик радиоси рус хизматининг ёзишича, Би-би-си ва "Медиазона" волонтёрлар кўмагида олиб бораётган ҳисоб урушдаги қурбонлар сонини аниқлаш йўналишидаги энг муҳим мустақил манба сифатида кўрилади.

АҚШ Навальний ўлими ортидан Россияга янги санкциялар жорий этади

АҚШ мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний ўлими ва Украина босқинининг икки йиллиги муносабати билан Россияга қарши янги санкциялар жорий этади.

Reuters агентлигининг ёзишича, президент Жо Байден бу ҳақда Калифорнияга қилган сафари чоғида журналистларга маълум қилган. Унга кўра, санкциялар ҳақида батафсил 23 февраль куни баёнот берилади. Байден бошқа тафсилотларни очиқламади.

20 февралда миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Жон Кирби ҳам Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этилиши кутилаётганини билдирган, аммо у ҳам тафсилотларни очиқламаган эди. Кирбининг айтишича, АҚШ Кремлдан Навальнийнинг қамоқда ўлгани юзасидан очиқ ва шаффоф тушунтириш беришни талаб қилмоқда.

“Россия ҳукумати дунё ҳамжамиятига қандай ҳикоя тўқишидан қатъий назар, Навальний ўлими учун масъулият Путин ва унинг атрофидагилари зиммасидадир”, - деди Кирби.

Россия расмийлари Навальний ўлими ҳақида 16 февралда хабар берган эди. Ғарб давлатлари сиёсатчининг ўлими учун масъулиятни Кремль зиммасига юклади.

Шу кунгача Навальнийнинг ўлими сабаблари расман аниқланмаган. Мухолифатчининг сафдошлари Навальний ўлдирилганини ва ҳукумат жиноят изларини яшириш мақсадида жасадни бермаётганини иддао қилаётир.

АҚШ президенти Жо Байден Навальний ўлимида Россия президенти Владимир Путинни айблади.

Россия Адлия вазирлиги Озод Европа/Озодлик радиосини исталмаган ташкилотлар рўйхатига киритди

Россия Адлия вазирлиги 20 февралда Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL)ни мамлакатда фаолият кўрсатиши исталмаган хорижий нодавлат ташкилотлари рўйхатига киритди.

Озодлик радиоси рус хизматининг хабар беришича, 2 февралда Россия Бош прокуратураси RFE/RL корпорациясини исталмаган ташкилот сифатида тан олиш тўғрисида қарор чиқарган эди.

RFE/RL Россияда исталмаган ташкилот сифатида тан олинган 142-ширкат бўлди. Кремль бу рўйхатга ўз наздида конституциявий тузум, хавфсизлик ва мудофаа салоҳиятига хавф туғдирувчи ташкилотларни тиркайди. Адлия вазирлиги рўйхатига киритилган ташкилотларга Россия ҳудудида фаолият кўрсатиш, гражданларга эса улар билан ҳамкорлик қилиш тақиқланади.

RFE/RL президенти вазифасини бажарувчи Стивен Капус мазкур қарорнинг қабул қилинишини Россия ҳукумати эркин журналистикани ўзига таҳдид сифатида кўришининг яна бир ифодаси ўлароқ сифатлади.

“Миллионлаб россияликлар ўнлаб йиллар давомида бизга ишонч билдириб келган. Жумладан, Алексей Навальний ўлимидан сўнг ўтган бир неча кун давомида муштарийларимиз рекорд даражага етди. Бизни бўғишга қаратилган бу ҳаракат RFE/RLнинг россияликларни объектив ва ҳолис ахборот билан таъминлаш йўналишидаги фаолиятини янада қурчланишига сабаб бўлади”,- деб таъкидлади Стивен Капус.

Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитасининг билдиришича, 2021 йилдан то шу кунгача Россияда “Дождь”, “Медуза”, “Новая газета Европа”, “Важние истории”, The Insider, “Проект”, Bellingcat суриштирув лойиҳаси каби ўнлаб ОАВ исталмаган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

RFE/RL мустақил медиаширкат бўлиб, у АҚШ Глобал медиа агентлиги воситасида Конгресс ажратадиган грант маблағлари ҳисобига фаолият юритади.

RFE/RL асосан матбуот эркинлиги чекланган 23 давлат учун 27 тилда ахборот беради.

Россия ташқи разведкаси Украинага вертолёт олиб қочган рус ҳарбий ўлганини тасдиқлади

28 ёшли Кузьминов Россиянинг Украинага қарши урушини қоралаб келган.
28 ёшли Кузьминов Россиянинг Украинага қарши урушини қоралаб келган.

Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин 20 февралда Ми-8 ҳарбий вертолётини Украинага олиб қочган учувчи Максим Кузьминов ўлганини тасдиқлади. 19 февралда Кузьминов ўлганини Кремлга яқин бўлган нашрлар ва Украина ҳарбий разведкаси хабар қилганди.

Наришкин давлат ахборот агентликларининг бу ҳодиса юзасидан саволларига жавоб қайтарар экан: «Россияда марҳум ҳақида яхши сўз айтилади ёки айтилмайди. Бу хоин ва жиноятчи ифлос ҳамда жирканч ҳаракатни амалга оширишни режалаштираётганидаёқ маънан ўлган эди”,- деб айтди.

Сизран авиация билим юрти битирувчиси бўлган 28 ёшли капитан Кузьминов Россиянинг Украинага қарши урушини қоралаб келганлар сафида эканини ва шу эътиқоди ортидан Украина махсус хизматлари билан алоқа ўрнатганини иддао қилган. 2023 йилнинг 9 августида у қирувчи самолёт эҳтиёт қисмлари юкланган вертолётни Украина назоратидаги ҳудудга олиб ўтган.

Вертолёт бортида у билан бирга иккита катта лейтенант: 35 ёшли штурман Хушбахт Турсунов ва 28 ёшли техник Никита Кирьянов бирга бўлган эди. Озодлик радиоси рус хизматининг ёзишича, улар вертолётни олиб қочиш амалиётида иштирок этмагани ортидан отиб ўлдирилган.

«Настояшчее время» телеканалидаги мавжуд маълумотларга кўра, Хушбахт Турсунов ва Никита Кирьянов қайси ҳудудга учаётганини билмаган. Улар вертолёт қўндирилганидан сўнг Россия чегарасига қараб қоча бошлаган. Украина ОАВларининг ёзишича, улар қочаётган пайтида отиб ўлдирилган.

El País газетасининг ёзишича, Украина паспортига эга бўлган эркак жасади 13 февралда Испания жануби-шарқидаги Аликанте провинциясидаги гаражда топилган. У отиб ўлдирилган ва кейин унинг танаси ўз автомобили томонидан босиб ўтилган. El País газетаси иддаосича, уни ўлдирганлар воқеа жойидан изсиз йўқолган.

Испания Фуқаролик гвардияси ўлдирилган шахс қалбаки ҳужжатлардан фойдаланганини гумон қилмоқда. Испания ҳукумати ўлдирилган шахс тўғрисидаги маълумотларни очиқламаган. Бироқ El País газетасининг Аликантедаги ишончли манбалари ўлдирилган киши Кузьминов эканини тасдиқлаган.

El Español газетасининг ишончли манбаларга таяниб хабар беришича, ўлдирилган киши ортидан кузатув уюштирган гумонланувчилар мавжуд. Манбалар уларни “профессионаллар” деб атаган.

Бундан аввал Украина Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Алексей Данилов “Украинская правда” нашрига Киев Кузьминовга мамлакатда қолишни таклиф қилгани ҳақида гапирган эди. “Агар у Киевда қолса, аниқ ҳимоя қилинар эди”,- деган Данилов.

“Россия 1” давлат телеканали мухбири Сергей Зенин эса Кузьминовни жисмонан йўқ қилиш тўғрисида Мудофаа вазирлиги офицерларига буйруқ берилганини иддао қилган эди.

Навальнийнинг онаси Путиндан ўғлининг жасадини беришни талаб қилди

"Полярний волк" қамоқхонасидаги черков.
"Полярний волк" қамоқхонасидаги черков.

Қамоқда ўлган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг онаси Людмила президент Владимир Путинга ўғлининг жасадини бериш талаби билан видеомурожаат йўллади. Бу мурожаат Youtube порталидаги Навальний LIVE каналида эълон қилинди.

“Менинг ортимда “Полярний волк” деб аталмиш ИК-3 деворлари турибди. Бу ерда 16 февраль куни ўғлим ҳалок бўлди. Беш кундан бери мен уни кўра олмайман, менга унинг жасадини беришмаяпти ва унинг қаерда эканини айтишмаяпти. Мен сизга мурожаат қиляпман, Владимир Путин, масаланинг ҳал этилиши фақат сизга боғлиқ. Менга, ниҳоят, ўғлим билан кўришишга рухсат беринг. Мен, уни одамга ўхшаб дафн этишим учун, Алексейнинг жасади зудлик билан берилишини талаб қиламан”, - деган Людмила Навальная.


Север.Реалии лойиҳасининг қайд этишича, она Салехард шаҳар моргига киритилмаган. Мазкур ўликхонада Навальний жасади сақланаётгани таҳмин қилинади.

Бундан аввалроқ мухолифатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш Алексей Навальний жасади қариндошларига камида икки ҳафтадан сўнг берилиши маълум қилингани тўғрисида билдирган эди.

Унга кўра, бу ҳақда терговчилар Навальнийнинг онаси ва адвокатларни хабардор қилган. Терговчиларга кўра, кимёвий экспертиза ўтказиш учун икки ҳафта керак бўлади.

Россия расмийлари Навальний ўлими ҳақида 16 февралда хабар берган эди. Ғарб давлатлари сиёсатчининг ўлими учун масъулиятни Кремль зиммасига юклади.

Хабарда айтилишича, шу кунгача Навальнийнинг ўлими сабаблари расман аниқланмаган. Мухолифатчининг сафдошлари Навальний ўлдирилганини ва ҳукумат жиноят изларини яшириш мақсадида жасадни бермаётганини иддао қилаётир.

Людмила Навальная ўғли ўлгани тўғрисидаги хабар берилганидан сўнг журналистларга бир неча кун аввал Навальнийни кўргани қамоқхонага боргани ва унинг соғлиғи яхши бўлгани тўғрисида айтиб берди.

Навальнийнинг соғлиғи яхши бўлганини Владимир вилоят суди ҳам тасдиқлади. Мазкур судда 15 февраль куни Навальний видеоалоқа орқали қатнашган эди.

Навальний ўлимидан бир неча кун олдин 27-марта жарима изоляторига жойлаштирилганди.

ЕИ Қизил денгизда ҳусийларга қарши ҳарбий амалиётга қўшилди

Қизил денгизга Германия, Франция, Италия ва Бельгия ўз ҳарбий кемаларини жўнатишга розилик берди.
Қизил денгизга Германия, Франция, Италия ва Бельгия ўз ҳарбий кемаларини жўнатишга розилик берди.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Қизил денгизда Ямандаги ҳусий қуролли гуруҳларига қарши олиб борилаётган ҳарбий амалиётга қўшилиш тўғрисида якуний қарорни қабул қилди. Бу эса Европа давлатлари ҳарбий кемалари Қизил денгизга жўнатилишини англатади. Мазкур амалиёт Aspides номи остида олиб борилмоқда. Aspides қадим юнон тилидан олинган сўз бўлиб, “Қалқон” деган маънони англатади.

Euronews телеканалининг хабар беришича, Қизил денгизга Германия, Франция, Италия ва Бельгия ўз ҳарбий кемаларини жўнатишга розилик берди. Греция тезкор штаб бошлиғи номзодини, Италия кемалар гуруҳи қўмондони номзодини, Франция эса қўмондон ўринбосари номзодини таклиф қилади. Штаб қароргоҳи Грециянинг Ларисса шаҳрида бўлади.

Қизил денгизда кемалар ҳаракатланиши хавфсизлигини таъминлаш бўйича Европа миссияси ташкил этилиши тўғрисидаги дастлабки қарор 16 январда қабул қилинган эди. Мазкур ҳудудда Европа ҳарбийлари АҚШ ва Британия ҳарбий денгиз кучлари билан ҳамкорлик қилади.

Эрон томонидан дастакланадиган ҳусийларнинг “Ансаруллоҳ” гуруҳи Яман шимолини назорат қилади. Гуруҳ томонидан ташкил этилган ҳукумат дунёнинг кўплаб давлатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам тан олинмаган. 17 январда АҚШ ҳусийларни “Глобал террорчи гуруҳлар” рўйхатига киритди.

Яманнинг катта қисмини назорат қилаётган ҳусий шиа қуролли гуруҳлари АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган ҲАМАСни қўллаб-қувватлашини намойиш этиш мақсадида Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда. Бу ҳужумлар халқаро савдога салбий таъсир кўрсатди. Кўплаб денгиз савдоси билан шуғулланувчи ширкатлар бу йўналишдаги қатновларни тўхтатдилар.

Ҳусийлар сўнгги бир неча ойдан бери Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда. Бунга жавобан 12 ва 13 январь кунлари АҚШ ва Британия Ямандаги ҳусий шиа исёнчиларининг позицияларини илк бор бомбалаган эди.

ЕИ Навальний ўлими юзасидан халқаро тергов ўтказишни талаб қилди

Навальнийнинг хотини Юлия ва ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Боррель.
Навальнийнинг хотини Юлия ва ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Боррель.

Европа Иттифоқи Россиялдан сиёсатчи Алексей Навальний ўлими юзасидан мустақил ва шаффоф халқаро текширув ўтказишни талаб қилди. ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Россия ҳукуматини жавобгарликка тортиш бўйича барча имкониятлар ишга солинишини, жумладан, Москвага нисбатан янги санкциялар амалга киритилишини билдирди.

Боррель ўз баёноти давомида Навальнийнинг ўлими учун масъулиятни шахсан президент Путинга юклади.

Боррель 19 февралда ЕИнинг халқаро ишлар бўйича кенгашида қилган чиқишида Навальнийнинг хотини Юлия Навальная, сиёсатчининг фарзандлари ва сафдошларига чуқур таъзия билдирди.

ЕИ Россия ҳукуматини барча сиёсий маҳбусларни, жумладан, Юрий Дмитриев, Владимира Кара-Мурза, Илья Яшин, Алексей Горинов, Лилия Чанишева, Ксения Фадеева, Александр Скочиленко ва Иван Сафроновларни зудликда қамоқдан озод этишга чақирди.

ЕИнинг халқаро ишлар бўйича кенгашида Навальнийнинг хотини Юлия Навальная ҳам иштирок этди. У Брюсселда ЕИ кенгаши раиси Шарль Мишел ва ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель билан учрашди.

Аввалроқ Юлия Навальная марҳум эрининг ишини давом эттиришини айтиб, видеомурожаат эълон қилганди.

"Уч кун олдин Владимир Путин менинг эрим, Алексей Навальнийни ўлдирди", деб айтди Навальная X платформаси (собиқ Твиттер) да эълон қилган икки дақиқалик видеомурожаатида.

"Мен Алексей Навальнийнинг ишини давом эттираман. Сиз ва бизнинг мамлакатимиз учун курашни давом эттираман. Мен сизларни менинг ёнимда туришга чақираман. Нафақат ҳаммамизни эгаллаб олган ва қўйиб юбормаётган аччиқ қайғу ва туганмас азобни, балки ғазабингизни ҳам мен билан бўлишишингизни сўрайман. Ғазаб, жаҳл, бизнинг келажагимизни ўлдиришга журъат қилганларга нисбатан нафратингизни бўлишинг! Бугун оз иш қилиш уят эмас, ҳеч нарса қилмаслик уят! Сизни қўрқитишларига изн бериш уят!”

Навальная ўз мурожаатида россияликлар учун “Эркин, тинч, бахтли ва фаровон келажак керак”, деб таъкидлади.

Исроил Рафаҳга эҳтимолий ҳужумнинг таҳминий санасини маълум қилди

Рафаҳда 1,5 миллион фаластинлик қочқин яшамоқда.
Рафаҳда 1,5 миллион фаластинлик қочқин яшамоқда.

Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик кенгашига Исроил ва ҲАМАС ўртасида вақтинча оташкесим жорий этишга оид резолюциянинг муқобил вариантини таклиф қилди. ҲАМАС АҚШ, Британия ва ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

Reuters агентлигининг хабар беришича, АҚШ Исроил Ғазо бўлгаси жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётганига қарши чиқмоқда.

Исроил ҳарбий кабинети вазири Бенни Ганц эса ҲАМАС Ғазода гаровда ушлаб турилганлар тўлиқ озод қилинмаса, 10 март куни Рафаҳга ҳужум бошланишини эълон қилди.

Исроил Рафаҳга ҳужум қилишнинг таҳминий санасини илк бор билдирди. Рафаҳда ҳозирда бир ярим миллион фаластинлик қочқин яшамоқда.

Миср ҳукумати фаластинликларнинг ўтиб келиши олдини олиш мақсадида шошилинч тарзда чегара истеҳкомларини мустаҳкамламоқда.

Бош вазир Бинямин Нетаняҳу 19 февраль куни Исроил ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Иордан дарёси Ғарбий соҳили ва Ғазо бўлгасида назоратни ўз қўлида сақлаб қолиши тўғрисида баёнот берди.

Алексей Навальний жасади қариндошларига камида икки ҳафтадан кейин берилади

Навальний қамоқда ўлгани ҳақида Россия ҳукумати 16 февралда маълум қилган.
Навальний қамоқда ўлгани ҳақида Россия ҳукумати 16 февралда маълум қилган.

Қамоқда вафот этган сиёсатчи Алексей Навальний жасади қариндошларига камида икки ҳафтадан сўнг берилиши маълум қилинди, деб билдирди мухолифатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш.

Унга кўра, бу ҳақда терговчилар Навальнийнинг онаси ва адвокатларни хабардор қилган. Терговчиларга кўра, кимёвий экспертиза ўтказиш учун икки ҳафта керак бўлади.

Россия расмийлари Навальний ўлими ҳақида 16 февралда хабар берган эди. Ғарб давлатлари сиёсатчининг ўлими учун масъулиятни Кремль зиммасига юклади.

Хабарда айтилишича, шу кунгача Навльнийнинг ўлими сабаблари расман аниқланмаган. Мухолифатчининг сафдошлари Навальний ўлдирилганини ва ҳукумат жиноят изларини яшириш мақсадида жасадни бермаётганини иддао қилаётир.

Людмила Навальная ўғли ўлгани тўғрисидаги хабар берилганидан сўнг журналистларга бир неча кун аввал Навальнийни кўргани қамоқхонага боргани ва унинг соғлиғи яхши бўлгани тўғрисида айтиб берди.

Навальнийнинг соғлиғи яхши бўлганини Владимир вилоят суди ҳам тасдиқлади. Мазкур судда 15 февраль куни Навальний видеоалоқа орқали қатнашган эди.

Навальний ўлимидан бир неча кун олдин 27-марта жарима изоляторига жойлаштирилганди.

Қозоғистон Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказмоқчи

Остона шаҳридаги Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси (архив сурати)
Остона шаҳридаги Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси (архив сурати)

Қозоғистон Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 4 миллиард доллардан 10 миллиард долларга етказиш ниятида. Бу ҳақда 19 февраль куни Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидов билан Остонада ўтказилган учрашувдан сўнг маълум қилди, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

“Кейинги босқичлардан бири – амалдаги динамикани йўқотмаган ҳолда, товар айирбошлашни 10 миллиард долларга етказиш. Биз Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги Халқаро саноат кооперацияси марказининг ишга туширилиши икки томонлама савдо айланмасига туртки беришини кутмоқдамиз”, дея билдирган Нуртлеу.

“Қозоғистон ва Ўзбекистонда яшовчи миллатдошларимиз икки мамлакатни бирлаштирувчи “олтин кўприк” бўлиб ҳисобланишади. Сизга маълумки, Қозоғистон ҳудудида 500 мингга яқин [этник] ўзбек, Ўзбекистонда эса 800 мингга яқин [этник] қозоқ истиқомат қилади. Биз буларнинг ҳаммасини икки давлатни ўзаро яқинлаштирувчи яхши омил, деб ҳисоблаймиз”, дея қўшимча қилган вазир Нуртлеу.

Мулозимга кўра, икки давлат томонидан қариндошлар ёки диаспораларни дастаклаш учун тегишли шарт-шароит яратилган.

“Мактаблар бор, газеталар чоп этилмоқда. Қозоғистонда иккита ўзбек театри бор. Шунинг учун биз бу йўналишда бундан буёнги қадамларни қўйиш ҳақида келишиб олдик”, деган Нуртлеу.

Бундан ташқари, қозоғистонлик вазирга кўра, томонлар “Марказий Осиё минтақаси аҳолиси учун долзарб бўлган масала – сув-энергетика мажмуаси юзасидан” ҳам фикр алмашиб, “уни ҳал қилиш йўлларига эътибор қаратишган”.

Қозоғистон ахборот агентликлари хабарларига кўра, 19 февраль куни Остонага борган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов расмий ташриф дорасида Қозоғистон президенти қабулида бўлади ва ўзбек шоири Алишер Навоий ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этади.

Вазир Саидовнинг Қозоғистонга ташрифи Олмаотада қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратов (Ақилбек Муратбай) қўлга олинганидан бир неча кун ўтиб амалга ошмоқда. Муратбай маҳаллий полиция ходимлари томонидан тутиб кетилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. 17 февраль куни Олмаота суди уни 40 сутка ҳибсда тутиш бўйича қарор чиқаргани маълум бўлган эди.

Грузия президенти: Навальнийнинг ўлими ҳақида Мюнхен конференцияси олдидан эълон қилиниши тасодиф эмас

Грузия президенти Саломе Зурабишвили
Грузия президенти Саломе Зурабишвили

Грузия президенти Саломе Зурабишвили россиялик мухолифатчи ва президент Владимир Путиннинг асосий рақиби Алексей Навальнийнинг ўлими Мюнхен конференцияси бошланишидан аввал эълон қилинишини “бежиз эмас”, деган фикрда. Бу ҳақда “Немис тўлқини” (DW) ва dpa агентлиги хабар қилди.

Зурабишвили бунинг шунчаки “тасодиф эмас”лигига, балки Кремль томонидан анжуманнинг барча иштирокчиларига сигнал эканига қатъий ишонади.

Мен Навальнийнинг ўлими ҳақида Мюнхен конференцияси бошланишидан бир неча соат ёки дақиқа аввал эълон қилинишини тасодиф, деб билмайман. Мен бунинг Мюнхен конференцияси учун йўллов бўлган, деб ўйлайман”, деган Грузия президенти.

Зурабишвили фикрича, бу Москванинг инсонларда “Россия ўзи хоҳлаган ишни қилади ва буни истаган жойда қилади” қабилида психологик таассурот қолдириш уринишидир.

17 февраль куни Грузия президенти Bloomberg агентлигига берган интервьюсида Алексей Навальний ўлими юзасидан ўз мулоҳазасини билдириб, россиялик мухолифатчини собиқ президент Михаил Саакашвили ҳолати билан қиёслаш ноўринлигини билдирган эди. Зурабишвилига кўра, “бундай қиёс учун сабаб йўқ, айниқса бундай ҳолатда”.

Ўтган жума куни россиялик расмийлар мухолифатчи Навальний жазони ўтаётган колонияда бевақт вафот этгани ҳақида маълумот тарқатишган эди. Ўшанда бу хабар юзасидан Ғарб мамлакатлари лидерлари ва бошқа сиёсатчилар изоҳ беришган. Уларнинг кўпи Навальнийнинг оила аъзоларига таъзия билдириш билан бир қаторда мухолифатчининг ўлими учун масъулиятни россиялик расмийлар ва шахсан Владимир Путинга юклашган. “Катта еттилик”ка аъзо мамлакатлар Москвани мухолифатчининг ўлимини диққат билан текшириб, бунга оид маълумотларни очиқлашга чақирган.

ДДТ етакчиси Остонадаги концертда “Ҳурлик” қўшиғини Навальнийга бағишлади

ДДТ лидери Юрий Шевчук (архив сурати)
ДДТ лидери Юрий Шевчук (архив сурати)

Россиянинг ДДТ рок гуруҳи лидери Юрий Шевчук 18 февраль куни Қозоғистон пойтахтида ўтказилган концертда ўзининг энг машҳур асарларидан бири бўлган “Ҳурлик” қўшиғини Алексей Навальний хотирасига бағишлади.

Қўшиқ ижросидан аввал Шевчук залдагиларга: “Қуёш балқиб чиқади. Ўтган куни Алексей Навальний ҳалок бўлди. У биз, россияликларга эркинлик ҳақида гапирарди ва бу хусусда жуда яхши гапирарди. Биз ҳаммамиз том маънода ҳур бўлишимиз мумкинлигимизни эслатиб турарди. У “озодликсиз инонч бу мутаассиблик”, дер эди. “Ҳурликсиз меҳнат бу қуллик, арзон ва оғир қуллик”, дерди. “Озодликсиз муҳаббат бу истибдод” дер эди. Озодликсиз ҳеч нима бўлмайди, ҳамма нарса қора рангга бўялган бўлади”, деган сўзлар билан мурожаат қилди.

Шевчук авваллари ҳам россиялик сиёсий маҳбуслар, хусусан Алексей Навальний қўллови учун бир неча бор гапирган. Қўшиқчи мухолифатчи Навальнийнинг келажакда Россия президенти бўлишини исташини айтган эди.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин ДДТ етакчиси президент Владимир Путин хатти-ҳаракатларини очиқчасига қоралаган. Шундан сўнг бутун Россия бўйлаб рок гуруҳи концертлари бекор қилинган, Шевчукнинг ўзи эса судланиб, Россия Қуролли кучларини обрўсизлантирганликка оид модда бўйича 80 минг рубллик жаримага тортилган.

Ҳозирда ДДТ баъзан-баъзан хорижий ўлкаларда чиқиш қилиб туради. Бундай пайтларда Юрий Шевчукнинг ўзи Россияда қолади.

Россия Жазони ўташ федерал агентлиги 16 февраль куни мухолифатчи Алексей Навальний Ямалдаги колонияда вафот этгани ҳақида маълумот тарқатган. Ўлим сабаблари ҳақида расмий маълумот очиқланган эмас. Алексейнинг жасади яқинларига берилмаяпти, бу Тергов қўмитаси томонидан олиб борилаётган текширув билан изоҳланмоқда. Мухолифатчининг сафдошлари Навальнийни ўлдирилган, деб ҳисоблайдилар.

Манба: Навальний танасида чангак оқибатида қолган моматалоқлар бор

Салехард шаҳри манзараси.
Салехард шаҳри манзараси.

Сиёсатчи Алексей Навальнийнинг жасади Салехард округ касалхонаси моргида сақланмоқда, деб хабар берди 18 февраль куни "Новая газета Европа" ўз манбаларига таянган ҳолда.

Маҳаллий тез ёрдам ходими журналистларга моргни полиция қўриқлаётганини айтган. Унга кўра, Навальний танасида чангак оқибатида юзага келадиган моматалоқлар борлиги аниқланган.

"Бундай моматалоқлар чангак оқибатида юзага келади. Кишининг томири тортишиб, қалтираб қолади. Атрофдагилар уни тинчлантиришга уринишига қарамай, чангак жуда оғриқли бўлади, бунинг ортидан танада қон қотиб қолиб, мана шундай моматалоқлар пайдо бўлади", деб иқтибос келтирган газета тиббиёт ходими сўзларидан.

Манбанинг айтишича, Навальнийнинг кўкрак қисмида юракни билвосита массаж қилиш излари ҳам топилган. "Яъни уни жонлантиришга ҳаракат қилишган, у юрак тўхтаб қолиши оқибатида ўлган бўлиши эҳтимол. Лекин унинг юраги тўхташига нима сабаб бўлгани тўғрисида ҳозирча ҳеч ким ҳеч нарса айтмаяпти", - деди врач.

Хабарда айтилишича, ҳозирча Навальний жасади ёрилмаган, маҳаллий врачлар Москвадан мутахассислар келишини кутаётгани таҳмин қилинмоқда. Суд-тиббиёт экспертизаси ўтказилганидан сўнггина жасад Навальний яқинларига берилади. Агар қандайдир биоматериаллар Москвага экспертиза учун жўнатиладиган бўлса, бу жараён яна бир неча ҳафтага чўзилиши мумкин.

Аввалроқ Навальнийнинг онаси Людмила ва унинг адвокати Салехард моргига боргани, аммо морг ёпиқ бўлгани ҳақида хабар берилганди. Навальнийнинг онасига телефон орқали мазкур моргда ўғлининг жасади йўқлигини айтишган. Хабарда айнан қайси морг ҳақида гап этаётгани аниқлаштирилмаган. Салехардда иккита морг бор.

Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмишга кўра, Тергов қўмитаси ҳозирча сиёсатчининг ўлими сабаблари номаълум эканини, текширув якунланмагунига қадар жасад яқинларига берилмаслигини билдирган.

Хабарда таъкидланишича, Тергов қўмитаси айни пайтда адвокатларга «текширув якунлангани ва Навальний ўлимида криминал излари топилмагани»ни маълум қилган.

Россия расмийлари Навальний ўлими ҳақида 16 февралда хабар берган эди. Ғарб давлатлари сиёсатчининг ўлими учун масъулиятни Кремль зиммасига юклади.

Россия расмийлари маҳкум сиёсатчи Навальний колонияда вафот этганини айтишмоқда

Алексей Навальний (архив сурати)
Алексей Навальний (архив сурати)

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний жазо ўтаётган колонияда вафот этган. Бу ҳақда Россия Жазони ўташ федерал хизматининг Ямал-Ненец автоном округи бўйича бошқармаси ўз сайти орқали маълумот тарқатди.

“2024 йил 16 февралида 3-сонли ахлоқ тузатиш колониясида судланган Навальний А. А. сайрдан кейин ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳушидан кетиб қолди”, дейилган хабарномада.

ЖЎФХ бошқармаси баёнотида муассаса тиббиёт ходимлари зудлик билан етиб боргани, “тез тиббий ёрдам экипажи чақирилган”и қайд этилган.

“Зарур бўлган барча реанимацион тадбирлар ўтказилди, аммо улар ижобий натижа бермади. Тез тиббий ёрдам врачлари судланган ўлганини қайд этишди. Ўлим сабаблари аниқланмоқда”, дейилган ЖЎФХ бошқармаси хабарномасида.

“Алексей Навальнийнинг оиласи қарорига кўра, мен умуман ҳеч қанақа изоҳ бермайман. Ҳозир масалани ўрганяпмиз. Адвокат Алексейнинг олдига чоршанба куни борган эди. Ўшанда ҳаммаси жойида бўлган”, дея билдирган Навальнийнинг адвокати Леонид Соловьев “Новая газета” нашрига.

Мухолифатчи Алексей Навальний сўнгги пайтларда жазо муддатини Харп қишлоғидаги махсус тартибли колонияда ўтаётган эди.

Россия Жазони ўташ федерал хизмати Навальний жон таслим қилган мазкур колонияга комиссия йўлланишини билдирган.

14 февраль куни 47 ёшли Алексей Навальний 27-марта жазо изоляторига йўллангани ҳақида хабар қилинган эди.

Алексей Навальний 2021 йил 17 январида Германиядан Москвага қайтган эди. У Россияда “Новичок” кимёвий моддаси билан заҳарлантирилганидан сўнг Германияга даволаниш учун олиб чиқиб кетилганди. Муолажадан сўнг Навальний Москвага қайтиши биланоқ аэропортда қўлга олинган.

Мухолифатчи бирданига учта жиноий модда билан узоқ муддатга қамалган эди. Унга нисбатан Россияда яна қатор жиноят ишлари кўриб чиқилаётганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG